ХАЁТИЙ ФИКРЛАР

ХАЁТИЙ ФИКРЛАР


Ҳеч ким қаришни истамайди, лекин узоқ умр кўришнинг бундан бошқа йўли ҳам йўқ ўзи.

* * *

Қаришдан қўрқиш керакмас, аксинча, уни яхшилаб муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўриш керак аслида.

* * *

Инсон куч-қувватга тўла, ишлаб чарчамайдиган, зўр пул топадиган даврини маишат, кайф-у сафога, бир зумлик, тезда ўтиб кетадиган ўткинчи хою-хавасларга эмас, узоқ давом этадиган қарилик даврини бахтли, мароқли, хотиржам ўтказиш учун тайёргарликка сарфлаши керак.

* * *

Қарилик бошланганда сиз бола-чақа ташвишларидан қутилган бўлишингиз керак. Қиз узат, ўғил уйлантир, иморат сол, деган ташвишлар қари инсонга оғирлик қилади ва унинг умрини, соғлиғини емириб ташлайди.

* * *

Қарилик бошланганда албатта ўз уйингиз бўлмоғи лозим. Бировнинг (хатто ўз фарзандингизники бўлса ҳам) уйида яшаш сизга хеч қачон хотиржамлик, тинчлик хиссини бермайди. Барибир ўзингизни бегона, сиғинди, кимдандир қарздордек хис қилишингизга, доимий хадикда яшашингизга сабаб бўлади.

* * *

Албатта яхши, иложи бўлса янги шахсий автомобилингиз бўлсин. Автомобилсиз асло бўлмайди. Гўёки оёғи йўқ одамдек бўлиб қоласиз унда. Автомобил сизга саёҳат қилишга, истаган жойингизга бориб келишга, эркин бўлишингиз учун албатта лозим.

* * *

Жамғарилган пуллар ҳам бўлиши керак. Қанча кўп бўлса, шунча яхши. Бу пул бировнинг қўлига қараб қолмаслик, керак бўлганда вақтида даволаниш, керакли муолажа, керакли дори-дармонларни вақтида олиш, соғлом ва бақувват бўлишингиз, фарзандлар, аёлингиз, умуман атрофдагиларнинг сизни ҳурмат қилишлари, сизнинг фикрингиз билан хисоблашишлари учун жуда зарур.

* * *

Қариликда фақатгина арзимас пенсияга зор бўлиб қолишдан ёмони йўқ. Қариликда доимий пул келиб турадиган кўчмас мулкми, ижарага бериб қўядиган дўконингизми бўлгани маъқул.

* * *

Яна бир нарса. Барча мол-мулкингиз, уй-жой, машинангиз фақат ва фақат ўз номингизда турсин! ,,Ўлиб қолсангиз нима бўлади?” ,,Вақт борида меъросни фарзандларни номига ўтказиб беринг” деганларнинг гапларига КИРМАНГ!

 * * *

Асло бу ишга рози бўла кўрманг! Номингиздаги нарсаларни меъросхўрларингизга ўтказиб беришингиз билан сиз нольга айланасиз. Ҳурматингиз ҳам, обрўингиз ҳам ўша заҳоти тугайди! Ўлганингиздан кейин бу мол-мулкларни сизга асло кераги йўқ. Керак одамларингиз эса бу мулкларни ўз номларига ўтказиб олишни ҳам уддасидан чиқишади сизсиз!

* * *

Қариликда инсон овқатдан ҳам қолади. Озгина нарса еса тўйиб қолаверади. Лекин ўша озгина нарса албатта кўнглингиз тусаган нарса бўлмоғи лозим. Бунда сизга машинангиз ва жамғармадаги пулларингиз асқотади.

* * *

Қариликда инсонга янги танишлар, янги чеҳраларнинг асло қизиғи бўлмайди. Бу даврда инсон эски дўстлари, эски танишлари, ўша эски, 30-40 йил бир ёстиққа бош қўйган кампири билан бирга яшагиси келади. Чунки фақатгина шулар уни тушунишади, уни қадрлашади, ярим оғиз гапидан, битта кўз қарашидан ичидагини, нима истаётганини тушунишади.

* * *

Қариликда ўзингдан 30 ёш кичик жувоннинг оғушида ётишдан кўра ўзингни хилпиллаб қолган, юзлари ажин босган кампирингни тиззасига бошингни қўйиб ётганингда унинг ажин босган, қийшиқ бармоқлари билан елка-бошларингни енгил уқалашидан ортиқ хузур бўлмайди дунёда!

* * *

Фақатгина худо сийлаган, энг бахтли эркакларгина кампиридан сал олдин нариги дунёга кетадилар. Кампиридан кейин қолган чоллар эса ота-онасидан айрилган етим боладан ҳам ғариб бўлиб қоладилар…

* * *

Қарилик бахсизлик эмас асло. Қарилик бизга ёшликда ухлолмаган уйқуларни тўйиб ухлаш, ўзинг истаганча яшаш, ёшликда ўқий олмаган китобларни ўқиш, яхши-яхши киноларни кўриш, кўнглинг тусаган инсонларинг билан суҳбат қуриш, истаган таомингни ейиш, истаган жойингга бориш, кўпроқ сайр қилиш, бемалол, истаганингча ҳаёлот оламига сайр қилиб, кўрган-кечирганларингни эслаб, таҳлил қилиш набираларга сўзлаб бериш , ибодатда дуоларни чиройли ўқидиган ажойиб бир даврдир!

* * *

Муаллифи кўрсатилмаган, ундан Аллох рози булсин

Манба: https://t.me/ozbegoyimkanali

* * *

 

 


Report Page