ХАВФСИЗЛИК

ХАВФСИЗЛИК


ХАВФСИЗЛИК (security, безопасность) – хавфсизлик тадқиқотларининг ҳам назарий, ҳам амалий аҳамият касб этувчи таянч тушунчаси. Луғавий маъносига кўра, хавф-хатарнинг йўқлиги, хавфдан холилик, хавф бўлмаган ҳолат маъноларини ифодалайди. Бу жўн ва тушунарли изоҳ мазкур мураккаб ижтимоий ҳодисанинг туб моҳиятини тўлиқ очиб бермайди ва қатор саволларни туғдиради. Хусусан, хавфсизлик объекти нима ёки ким? Яъни хавф кимга ёки нимага қаратилган?

Айнан қандай хавф ёки таҳдиднинг йўқлиги (амалда) хавфсизлик (хавф бўлмаган ҳолат)нинг мавжудлигини англатади? Мазкур саволларнинг мантиқий занжиридан келиб чиқиб ҳал қилиниши лозим бўлган дастлабки вазифа бу хавфсизлик объекти, яъни “қонуний” жиҳатдан ҳимояга муҳтож масалага нисбатан аниқлик киритиб олиш ҳисобланади. Хавфсизлик ҳодисасининг мураккаб табиати, тадқиқотчиларнинг фикрича, “дунё ягона, бироқ воқеликлар турфа хил” тезисига жо бўлади (Бут). Турли сиёсий мактаблар, қарашлар, мафкура ва сиёсий режимларнинг мавжудлиги мазкур тушунчанинг ҳаддан зиёд амалий аҳамият касб этиши ҳамда сиёсий йўналтирилганлигини белгилайди. Айрим мутахассислар қатор категорияларни “моҳиятан мунозарали тушунчалар” (“essentially contested concepts”) сифатида баҳолайдилар (Галли). Уларга кўра, ижтимоий фанлар тизимида шундай тушунчалар борки, уларнинг мазмуни борасида ягона таърифни ишлаб чиқиш ҳамда умумий келишув (консенсус)га эришиш мумкин эмас. Бу каби тушунчалар доимо муайян илмий мунозаранинг предмети бўлиб қолади. Хавфсизлик ҳам ҳосилавий, ҳам субъектив ҳодисадир. Унинг ушбу хусусияти сиёсат, иқтисодиёт ёки халқаро муносабатларнинг маҳсули эканлиги ҳамда субъектнинг сиёсий нуқтаи назари ва фалсафий дунёқарашидан келиб чиқиб белгиланиши билан изоҳланади. Хавфсизликнинг доимий асосини фаолият субъектининг бизни ўраб турган дунёга, мавжудлик шарт-шароитлари ва хавфсизлик объектига қаратилган актив фаолияти ташкил этади. Бошқача айтганда, хавфсизлик субъектларнинг объектив эҳтиёжларини қондириш ва субъектив манфаатларига эришишга қаратилган сиёсий фаолиятни ифодалайди. Миллий манфаат, таҳдид, хавфсизлик объекти ва субъекти, соҳа ва даражалари каби хавфсизлик соҳасидаги ижтимоий муносабатлар доирасида ётувчи тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини англаб етишда хавфсизлик борасидаги билим ва тасаввурлар бирламчи аҳамият касб этади.

👉🏻@uz_sfa

  Миллий ва халқаро хавфсизлик. Луғат-маълумотнома / И.И. Бобоқулов. – Тошкент, 2025

Report Page