ХАТОДАН ЎЗ ВАҚТИДА ХУЛОСА ЧИҚАРИЛМАДИ

ХАТОДАН ЎЗ ВАҚТИДА ХУЛОСА ЧИҚАРИЛМАДИ

July 01, 2021

“Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиалининг Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш ҳамда Юридик шахсларга табиий газни етказиб беришни назорат қилиш бўлимлари масъуллари жорий йилнинг июнь ойида истеъмолчиларнинг табиий газдан оқилона фойдаланишини назорат қилиш бўйича навбатдаги тадбирларни олиб боришганда, қонун бузилиш ҳолатларни аниқлашди. 

Хусусан, ишчи гуруҳ вилоят марказида фаолият юритаётган “ЭП” МЧЖга қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехини кўздан кечиришганда, объект қарздорлиги учун ўчирилганлиги, аммо шунга қарамай, ўзбошимчалик билан тармоққа қайта уланиб, табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келаётганлиги маълум бўлди.

Мазкур корхона жорий йилнинг май ойида ҳам табиий газдан ўзбошимчалик билан фойдаланиб, таъминот корхонасига 43 миллион 536 минг сўм моддий зарар етказган эди. Аммо йўл қўйилган хатодан ўз вақтида хулоса чиқарилмади. Бу сафар қоидабузарлик натижасида таъминотчи корхона кўрган зарар миқдори 130 миллион 608 минг сўмни ташкил этди.  

Юқорида қайд этилган ҳолат бўйича материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилди.

“Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали матбуот хизмати

Report Page