ХАЛҚ ВАКИЛЛАРИ БЎСТОНЛИҚ ТУМАНИНИНГ ЭНГ ОЛИС ҲУДУДЛАРИДА БЎЛДИ

ХАЛҚ ВАКИЛЛАРИ БЎСТОНЛИҚ ТУМАНИНИНГ ЭНГ ОЛИС ҲУДУДЛАРИДА БЎЛДИ


Йўлда...

Ўзбекистон харитасига қарасангиз, мамлакатимизнинг энг шарқий ҳудудлари – Бўстонлиқ туманининг Угом-Чотқол тоғлари эканини кўрасиз. Устоз Маҳмуд Тоир таъбири билан айтганда, бу ернинг одамлари ҳар куни табиат мўъжизасига гувоҳ бўлиб яшайдилар. Яхшиси бир бошдан.

Ҳамроҳларимиз билан илонизи йўлларни оралаб, қушқўнмас даралардан ўтиб, “Чорвоқ” сув омборининг ўнг қирғоғидан тахминан 50-60 чақирим йўл босдик. Йўлда пост бор экан. Ажабланганимни кўрган шеригим – Бўстонлиқ тумани ҳокимининг ўринбосари Маҳмуд Нурметов секин изоҳ беради: “Шу ердан ёввойи табиат – “Угом-Чотқол” миллий табиат қўриқхонаси бошланади. Овчилар ва браконьерлар жонзотларни ов қилмаслиги учун йўловчи машиналар қаттиқ текширилади...”

Олдимизда эса ям-яшил далалар, осмонни тўлатиб сузиб юрган парқу булутлар, ўқтин-ўқтин пешонасига дакана белбоғ боғлаган чўпон-чўлиқ кўринади – чалғи сермаб, чорвага қишлик хашак жамғаришаяпти. Тўрт тараф тоғ, нарироқдаги жилғани тўлатганча дарё айқириб оқаяпти. Ўйлайман – Рўзи Чориев асарларида тасвирланмиш гўзал Ўзбекистон манзаралари мана шу!.. 

Ниҳоят, манзилга етдик

Кун пешинга яқинлашганда “Пском” маҳалла фуқаролар йиғинига тасвирчи йигитлар билан бирга кириб бордик. Ҳудуддаги 45-умумтаълим мактабининг шундоққина ёнида, бобоёнғоқ тагида маҳаллий аҳоли ва ўқувчи-ёшлар тўпланиб турибди.

Чор-атроф тадбир учун алоҳида безалган, беш муҳим ташаббус фалсафасини ўзида жо қилган бурчак ташкил этилган – кўргазмали қуроллар, спорт анжомлари ва бажарилган ишларга доир суратлар териб қўйилган. Стол устидаги яп-янги китоблар – Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг туҳфаси. Ҳадемай бу ерда мулоқот бошланади, бу жамоат билан учрашиш, уларнинг қалбига қулоқ тутиш учун меҳмонлар ташриф буюрган...

“Пском” маҳалласига кимлар борган эди?

Жойларда халқ билан мулоқот қилиш, аҳолини қийнаётган муаммо ва масалаларни тинглаш, ёшлар билан суҳбатлашиш учун борган бу меҳмонлар – вилоятимизнинг энг фаол депутатлари, эл-юрт назарига тушган устозлар, халқ ардоғидаги ижодкорлар эди. Қуйида расамади билан уларнинг исмлари ва мақомларини иншо этамиз:

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Сайфиддин Низомов, асли Бўстонлиқ туманининг қизи – Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Сайёра Файзиева, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари – халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоир, Тошкент давлат аграр университети проректори, иқтисод фанлари фалсафа доктори Азиз Абдувосиқов, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети проректори, фалсафа фанлари доктори, икки карра жаҳон чемпиони Шавкат Мирзаев, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Виталий Ким.

Пском қишлоғи ҳақида нималарни биламиз?

“Пском” МФЙ – “Ўзбекистон Швейцарияси” деб ном олган Бўстонлиқ туманининг энг олис, чекка ҳудуди бўлиб, туман маркази Ғазалкент шаҳридан 130 километр узоқликда жойлашган.

Ҳудуддаги 148 та хонадонда 930 нафар аҳоли бор. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг аксарияти чорвачилик билан банд. Шунингдек, туризм имкониятлари очилиши билан бу жойларда яқин истиқболда сайёҳликнинг турли йўналишларида янги-янги хизмат турлари пайдо бўлади. Аммо, айни ҳолатда, айни дамда тоғларини парқу булутлар ўпиб турган Пском қишлоғи – сайёҳлар ва туризм бизнеси вакиллари учун очилмаган қўриқ...

Ижтимоий соҳа объектларида вазият қандай?

Пскомликлар мамлакат раҳбариятининг эътиборини ҳис қилиб туришади. Хусусан, қишлоқнинг ўзига хос географик жойлашувини инобатга олиб, бу ерда “Пском” қишлоқ врачлик пункти мақомидаги соғлиқни сақлаш муассасаси фаолият кўрсатиши жорий этилган.

ҚВПда 2019 йилги Давлат инвестиция дастури доирасида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган. 50 қатновга мўлжалланган мазкур муассасани мукаммал таъмирлаш учун 1 миллиард 100 миллион сўм маблағ сарфланган.

Шунингдек, 350 ўринга мўлжалланган 45-умумтаълим мактаби ҳам яқинда 2 миллиард 520 миллион сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланиб фойдаланишга топширилган. У моддий-техник базаси, шарт-шароити билан шаҳар ҳудудидаги мана-ман деган мактаблардан қолишмайди. Мактабда 138 нафар ўқувчи таълим олади, жорий йили 16 нафар ёш йигит-қиз ўқишни тамомлаган.

Бино ва иншоотлар, шароитлар кўздан кечирилди

Меҳмонлар дастлаб мактаб ва қишлоқ врачлик пунктида бўлиб, олиб борилган мукаммал таъмирлаш ишлари, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизмат ҳамда мактабдаги ўқувчиларнинг таълим ва тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечиришди.

Яшириб нима қилдик – кейинги пайтларда сифатсиз қурилиш ишлари урчигандан урчиди. Шу маънода, депутатларнинг бу ўрганишларида, пировардида иккита маъно-мақсад мужассам эди: 1) бино ва иншоотларнинг қурилиш сифати белгиланган меъёрларга жавоб берадими; 2) яратилган шароитдан мактаб, ҚВП маъмурияти, аҳоли қандай фойдаланаяпти?

Таъкидлаш жоизки, Пскомда ҳам, кейинроқ кўрганимиз Такаёнғоқ қишлоғида ҳам ижтимоий соҳа объектларининг қурилиш сифати, ундан истифода этиш маданияти аъло даражада эди! Ҳа, мағрур ва ориятли тоғликлар бундай ғамхўрлик, эътиборнинг қадрига етишади!

Ҳудудда малакали кадрларга эҳтиёж катта. Хусусан, қишлоқ врачлик пунктида бу яққол сезилади.

Умид сайёраси

ҚВПдаги шароитларни кўздан кечириб, секин ортга қайтиб чиқарканмиз, бир муддат Бўстонлиқ тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари бўлиб ишлаган ҳамроҳимиз Сайёра Файзиева чамаси 25 ёш атрофидаги қотмароқ бир йигитга қараб оналарча меҳр билан гапира кетди:

– Умид, бу йил ҳам ўқишга топширасанми? Қайтма, болам, бу йил албатта кирасан!

Кейинроқ маълум бўлдики, фельдшер Умид Абдувоҳидов неча йилдирки тиббиёт олийгоҳларига ўқишга топширади, аммо бу борада иқболи юришмай келаётган экан. Ўйлайман. Сайёра опанинг таъбири билан айтганда, “тайёр кадр” бўлган, ўзи ишининг устаси, ўн йиллик тажрибага эга амалиётчи Умид Абдувоҳидов кабилар аслида тиббиёт тизимининг умидлари, эртаси эмасми?! Афсуски, кейинги пайтларда бот-бот айтилаётганидек, бир замонлар атайлаб мураккаблаштирилган, технократик ёндашувлар устивор кўрилган тест тизимининг касрига шундай кадрлар олий маълумотли бўлишга ҳалиям илҳақ.

Тўғри, ҚВП раҳбари, тажрибали тиббиёт ходими Абдуғани Тўрабоев ҳудуд аҳолисига хизмат қилиб турибди. Абдуғани ака гарчи тиббиёт соҳасида ўрта маълумотли бўлса ҳам, кўп йиллик тажрибаси ва ҳудудда врач йўқлиги туфайли бугун ташкилот раҳбари вазифасини ҳам бажариб келаяпти. Ҳа, унинг ёнида шу қишлоқдан етишиб чиққан ҳамширалар ҳам бор. Лекин, қишлоққа олий маълумотли врач, даволаш амалиёти ва назариясини чуқур ўрганган шифокор керак.

Олдинроққа ўтиб айтишим жоиз, мазкур сафаримиздан бир-икки кун кейинроқ вилоят ҳокимлиги биносида Сайёра опа Файзиева билан кўришиб қолдик. У вилоят ҳокимига шу учрашув якунлари, унда кўтарилган муаммо ва масалалар ҳақида батафсил ахборот бераркан, алоҳида мавзу ўлароқ фельдшер Умид Абдувоҳидовнинг олий маълумотли бўлиш орзусини, унга ёрдам бериш имкониятларини сўзлар эди. Хуллас, вилоят раҳбарининг кўрсатмасига биноан, Умид Абдувоҳидов ўқишга тайёргарлик кўриши учун шароит яратиладиган, унга тажрибали устозлар бириктириладиган бўлди.

Тақдирнинг ишлари қизиқ. Гоҳида айрим воқеликлар меҳварида исмлар ҳам маъно ташийди. Тоғлар орасида яшаётган умид меҳр-муҳаббат сайёрасида нашъу намо топади – бирдан шу сўзлар миямга келди...

Мулоқот бошланди – биллур кўлда “Nefrit tour” туристик фирмаси иш бошлайдими?

Дастлаб меҳмонлар ҳайрат тўла нигоҳларини қадаб ўлтирган жамоатга қарата ўз сўзларини айтиб, сўнгра улар учун келтирган совға-саломларини топширдилар.

Айниқса, нефт-газ соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган, шу ҳудуддан Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутат Виталий Кимнинг соф ўзбек тилида, ўзига хос талаффузда айтган сўзлари йиғилганларга манзур бўлди. “Мен буюк ўзбек халқининг бир янгроқ овози, вакили эканимдан фахрланаман” – бу Виталий Кимнинг гапи...

Депутатлар, Олий таълим ташкилотларининг проректорлари ёшларга яратилаётган имкониятлар, муаззам давлатимизда охирги тўрт йилда олиб борилган кенг миқёсли ислоҳотларнинг Тошкент вилоятидаги, хусусан, Бўстонлиқ туманидаги натижа ва самаралари ҳақида иштирокчиларга сўзлаб беришди.

Ўз навбатида, аҳоли вакиллари ҳам ўз муаммо ва масалаларини айтишди. Мазкур мулоқот мамлакатимизда Ёшлар куни шукуҳи ҳали тарқамаган бир паллага тўғри келгани учунми, савол ва жавоблар, асосан, ёшлардан бўлди, ёшларга оид мавзулардан бўлди.

Нигина Юлдашева,

Чирчиқ давлат педагогика университетининг IV босқич талабаси:

– Қишлоғимизда оламга машҳур шаффоф кўл – нефрит кўли бор. Бу мўъжизани кўриш учун ҳар йили минглаб сайёҳлар келишади. Аммо, ўша ҳудудда уларга сифатли хизмат кўрсатадиган меҳмонхона ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш объекти, ҳатто ҳожатхона йўқ. Мен шуни кўп ўйлайман. Имконият берилса ва ёрдам кўрсатилса, “Nefrit tour” деб номланган сайёҳлик фирмасини очиб, шу жойда замонавий туризм объекти қуриш орзуим бор. Асосийси, шу ҳаракат орқасидан қишлоғимиздаги кўплаб тенгдошларим, айниқса, ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаган бўлар эдик.

Вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Сайфиддин Низомов Нигинанинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлади ва бу хайрли мақсадни амалга ошириш бўйича биргаликда ишлаш бўйича келишиб олинди.

Шундай қилиб, жуда яқин истиқболда пскомлик ёш зиёли, асли мутахассислиги инглиз филологияси бўйича мутахассис Нигина Юлдашеванинг “Nefrit tour” деб номланган корхонаси  Пскомда иш бошлайди.

Шоири шеъру шуур

Даврани вазминлик билан бошқариб, ўрни-ўрни билан ҳар икки тарафнинг фикрларини тўлдириб, омихталаб бораётган Сайёра Файзиева мулоқотнинг авж нуқтасида эълон қилади: “Сўз Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирга!”

Давра бир қалқиб олади. Мактаб дарсликларида кўрган шоирнинг қишлоғига келиб, улар билан учрашиб, сўз айтиши ёшларни бошқача бир ҳаяжонга чулғайди.

Шоирга худо берди! Завқи тошди, тўлиб сўзлади, тошиб сўзлади. Қалб бисотидаги энг инжа ташбеҳ ва шоирона такаллуфлар қоришган иборалар, фикрларнинг акс-садоси тоғлар орасидан гулдираб овоз бергандек бўлди. Эл суйган булбулнафас шоир қандай пардада, қандай оҳангларда сўзлай бошлаганига эътибор беринг:

– Ҳар тонгда пурвиқор тоғларнинг нурини ўпиб, оппоқ сочларини тараб қуёш Пскомдан чиқиб келади...

Бундай зариф ва нозик ўхшатишларни шу тоғу тошларни, унда умргузаронлик қилаётган қалби қўрли инсонларни чин дилдан севган шоир айта олади!

Мулоқот якунида шоир ўз китоблари ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг туҳфаси – яқинда нашрдан чиққан асарларни тантанали вазиятда топширди.

Куннинг иккинчи ярмида...

...дастлаб шу ҳудудда яқинда ташкил этилган меҳмон уйи бориб кўрилди, бир пиёла чой устида, тоғликларнинг урф-одати, турмуш тарзи ҳақида дилкаш гурунглар бўлди.

Сўнгра ҳамроҳларимиз билан қуйироққа қайтиб, салкам 800 салмоқли оила истиқомат қиладиган “Такаёнғоқ” МФЙдаги 46-умумтаълим мактабида учрашувлар давом этди. Халқ ва халқ вакиллари, ижодкорлар, таълим ташкилотларининг вакиллари она Ўзбекистоннинг тарихи, бугуни, эртаси ҳақида самимий суҳбатлашдилар.

Кўнгилдан кўчирмалар

Чотқол тоғлари ортида қуёш уфққа ёнбошлай бошлаган пайтда секин пастга қараб энамиз. Кун сарҳисобини қиларканман, гўзалликда табиат ва инсонлар навбат талашадиган бу муҳитни, меҳр ва самимийлик тантанаси бўлган бу учрашувларни қандай ёзишни ўйлар эдим.

Бу тадбир шу кунларда мамлакатимизда қизғин давом этаётган “Болага китоб беринг” акцияси эдими? Ёки “Битирувчи ёшлар билан учрашув” туркумидаги тадбирми? Балки “Депутат ва ёшлар” деб номлармиз?! Йўқ, тўхтанг, ахир бу “Адиб ва жамият” рукнидаги мулоқот-ку! Хуллас, қай тарафдан қарасангиз, ўшандай маъно чиқаверади. Аммо, уларнинг биронта йўналиши алоҳида ажратиб кўрсатилса, бошқаларни эсдан чиқаргандай бўласиз.

Мана, таассуротларимни имкон қадар қоғозга туширдим. Лекин, барибир бу ёзувлар тоғлар орасида ўз ғам-ташвишлари, орзу-мақсадлари билан яшаётган қалби қайноқ одамлар билан ўтган учрашувлар тафтини тўла баён қилмайди...

...чунки, кўрган бошқа, эшитган бошқа. Пскомга боринг – Сижжак, Бурчмулла, Нанай қишлоқларидан ҳам ўтганда, қорли тоғлар қўйнида она табиатнинг мўъжизаси бўлган бир макон бор. Унда ойдин ўйли одамлар, чизгиларга сиғгусиз маҳфуз манзараларни кўрасиз...

Абдусаид Бобокалонов, журналист.

Тошкент-Бўстонлиқ-Пском.


Report Page