ХАЛҚ НАСИБАСИГА КЎЗ ТИККАНЛАР...

ХАЛҚ НАСИБАСИГА КЎЗ ТИККАНЛАР...


Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида "Муродбой-Сухроббой" масъулияти чекланган жамияти юқори босимли газ қувурига ноқонуний равишда уланиб олган. Ўғирланган табиий газ эса шахсий манфаатлар йўлида бойлик орттириш учун ғишт ишлаб чиқаришга ихтисослашган ноқонуний цехга йўналтирилган.

"Муродбой-Сухроббой" МЧЖ томонидан табиий газ тармоғига ҳеч қандай рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан уланиши натижасида катта миқдордаги табиий газ ўғирланиш ҳолати "Hududgazta’minot" АЖнинг Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бошқармаси ва "Hududgaz Qashqadaryo" газ таъминоти филиалининг Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бўлими ходимлари томонидан аниқланди. “Пишган” ғиштларни ишлаб чиқариш учун мослаштирилган мазкур цехда фойдаланилган 12 дона қўлбола газ горелкалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

"Hududgaz Qashqadaryo" ГТФнинг тақдим этган маълумотларига кўра, юқорида номи зикр этилган корхонанинг ноқонуний фаолияти даври мобайнида, қиш мавсумида мактаблар, касалхоналар, уй-жой, болалар боғчалари, ногиронлик уйлари, хуллас, ижтимоий объектлар ҳамда аҳоли эҳтиёжлари учун белгиланган табиий газни ўзбошимчалик билан ишлатиб юборишган. Ўғриланган табиий газнинг умумий ҳажми 4,3 миллион куб метрни, бу эса ўз навбатида, тахминан тўрт минг хонадоннинг бир ойлик табиий газ истеъмоли ҳажмини ташкил этмоқда. Табиий газни ўғирлаш ҳолати бўйича талончилар томонидан етказилган зарар миқдори 4,3 миллиард сўмни ташкил этди.

Ҳаётда ҳамма нарса ҳам пул билан ўлчанмайди. Айниқса, қиш мавсумида "зангори ёқилғи"ига бўлган талаб ортиши фонида, баъзи масъулиятсиз шахслар томонидан барча аҳлоқий меъёрларни бузиб, ўз шахсий манфаатларини халқ манфаатидан  устун қўйишга ҳаракат қилинмоқда. Содда қилиб айтганда, ор-номус, виждон ва одоб-ахлоқ каби инсоний туйғулар бегона бўлган бу каби шахслар, ўз ватандошларининг тақдири ҳақида қайғурмай халқ ризқини қиймоқдалар.

Газ таъминоти юзасидан бўлаётган кўплаб шикоятлар ортидан, халқимиз албатта, газ билан боғлиқ мана муаммоли ҳолатларни келтириб чиқараётган ўз "қаҳрамонлари"ни ҳам билиб олишлари ҳам керак. Маълумот учун, "Муродбой-Сухроббой" МЧЖ асосчиси фуқаро Олмосбек Қуватов эканлиги маълум бўлди.

Табиий газни талон-тарож қилиш бўйича тўпланган барча ҳужжатлар қонунга мувофиқ тегишли чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим этилди.

"Hududgazta’minot" АЖ матбуот хизмати










Report Page