ХAЭA мутахассислари «Яшил Макон» лойиҳаси доирасида кўчат экишди

ХAЭA мутахассислари «Яшил Макон» лойиҳаси доирасида кўчат экишди


Бугун 24 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Aтом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан «Яшил Макон» миллий лойиҳаси доирасида «ММФИ» МТЯУ Тошкент филиали ҳудудида «Долзарб 40 кунлик» акцияси бўлиб ўтди.

Ушбу акцияда «Ўзатом» агентлиги, «Aтом электр станцияси қурилиши дирекцияси» ДУК ходимлари, «ММФИ» МТЯУ Тошкент филиали ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди. Экоакция доирасида ўтказилган тадбирда «Ўзатом» агентлиги бош директори, ХAЭA экспертлари Елена Живицкая ва Жон Хаддад иштирок этдилар.

Экоакция жараёнини кузатар экан, Жон Ҳаддад Ўзбекистон Республикаси раҳбари ташаббуси билан ўтказилаётган акция кўламидан катта таассурот олганини айта туриб шундай деди: «Бу лойиҳа Ўзбекистоннинг декарбонизация, муқобил энергия манбаларини жорий этиш ва кам углеродли иқтисодиётни ривожлантиришда қай даражада фаол иштирок этаётганини кўрсатади. Бутун дунёда экология масаласи долзарб бўлиб турган бугунги кунда мамлакат бўйлаб ўтказилаётган мазкур акция, давлат томонидан қандай муҳим амалий қадамлар қўйилаётганини яна бир карра исботлади. Венага қайтиб боргач, мен, албатта, Ўзбекистоннинг экологик муаммоларни юмшатиш борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашаман».


Меҳмонлар давлатимиз раҳбари ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда вилоятнинг тупроқ-иқлим шароитига алоҳида эътибор қаратиб университет ҳудудига кўчатлар ўтқазишди.

Ўтказилаётган акция доирасида «Ўзатом» агентлиги, «Атом электр станцияси қурилиши дирексияси» ДУК ва «ММФИ» МТЯУ Тошкент филиали ҳудудига жами 510 туп кўчат экилди.

Маълумот учун:

Акциядан кўзланган мақсад мамлакатимизнинг барча аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш ва шу орқали ҳудудимиздаги долзарб экологик муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборат.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан жорий йилнинг 10 декабрига қадар мамлакатимизда «Долзарб 40 кунлик» акцияси эълон қилинган бўлиб, унда кўчатлар, қаламчалар, буталар ва дарахтлар экиш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди. Лойиҳа доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиш, шу орқали шаҳар ва туманлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.

Лойиҳа 2019 йилда бошланган «1 миллион дарахт» акциясини давом эттириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Report Page