ХАЭА экспертлари SEED миссияси семинарида нималарни ўргатишди?

ХАЭА экспертлари SEED миссияси семинарида нималарни ўргатишди?

Clearenergy

Жорий йил Июнь ойида “Ўзатом” агентлиги Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) билан ҳамкорликда Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш учун майдон танлаш бўйича тадқиқотда иштирок этган маҳаллий ташкилотлари ва идоралари ходимлари учун беш кунлик семинар ташкил қилди. ХАЭА экспертлари нима сабабдан келишгани, семинар иштирокчилари нималарни ўрганишгани ва йил охиригача қандай ишлар бажарилиши лозимлиги тўғрисида “Ўзатом” агентлигининг қурилиш бўйича лойиҳаларни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Абдураҳмонов сўзлаб берди.

Мукаммал тадқиқот

Атом электр станцияси қурилиши каби йирик лойиҳаларда ҳар бир қадам пухта текширилиши керак. Ядровий иншоот учун мос келадиган майдонни танлаш учун барча нарса, жумладан, ҳаво, ер, сув, ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси чуқур тадқиқ қилинади ва албатта, минтақа аҳолисининг манфаатлари ҳисобга олинади. Ушбу тадқиқот - мамлакат тарихида энг мукаммал, муҳим ва минтақа келажагини ўзгартиришга қодир асос ҳисобланади. АЭС қурилиш майдонини комплекс ўрганиш 2018 йилдан бошлаб, яъни Ўзбекистонда АЭС лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган кундан бошлаб олиб борилмоқда. Кенг кўламли ўрганиш ишларига мамлакатимизнинг 20 дан ортиқ тегишли идоралар ва тадқиқот институтлари, шунингдек, хорижий ташкилотлар жалб қилинди. Тасаввур қилиш учун жами бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот барча таҳлилларни ўз ичига олган ҳолда жами 7 жилддан иборат хисобот, унинг йиғма варианти эса - 1200 саҳифадан иборат хисобот шаклида тақдим этилди.

«Лойиҳанинг жорий босқичида майдон танлашни баҳолаш, хусусан ҳозирги кунга қадар олиб борилган майдон танлаш ишларини экспертлар баҳолаши муҳим аҳамиятга эга. Сўз олиб борилган тадқиқотлар сифатини баҳолаш тўғрисида бормоқда. Атом электр станцияси учун майдон танлаш масаласини ўрганиш учун умумий ҳисобда 500 га яқин турли мутахассислар, олимлар, инспекторлар, жумладан, халқаро экспертлар ва маслаҳатчилар таклиф этилди. Биз атмосфера ва ернинг турли қатламларини тадқиқ қилишдан бошлаб, нафақат кундалик изланишлар олиб бордик, балки ер усти ва остидаги, ҳаводаги, сувдаги ва ҳоказолардаги мавжуд холатлар уларнинг хусусиятлари ҳамда улардаги йиллик ўзгариш циклларини ҳам ўргандик. Бундан ташқари, танланган ҳудуднинг ижтимоий жиҳатлари, хусусан, аҳоли турмуши, саломатлик ҳолати, туғилиш даражаси, қишлоқ хўжалиги махсулотлари ва бошқа кўплаб масалаларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан роппа-роса бир йил олдин, ХАЭАнинг кўриб чиқиш миссияси бизнинг майдон танлаш бўйича ҳисоботимизни ўрганиб чиқиб, ушбу ҳужжат устида қўшимча бажарилиши лозим бўлган ишларни кўрсатган ҳолда ўз изоҳлари ва фикрларини тақдим этишди. Бу йил биз, ХАЭА тавсияларига амал қилиб, бир қатор қўшимча тадқиқотлар ва ўрганишлар олиб бордик. Ҳозир тамомила ишлаб чиқилган ҳисобот тўлиқ тайёрланди ва инглиз тилига таржима қилинди, шунингдек ушбу ҳужжатларнинг барчасини ХАЭАга қайта кўриб чиқишга тақдим этиш учун йиғма ҳисобот ҳам тайёрланмоқда”, - дейди Жаҳонгир Абдурахмонов.

Қўшимча тадқиқотлар йил давомида Жиззах вилоятидаги Айдар-Арнасой кўллар тизимининг Тузкон кўли яқинида жойлашган асосий ва захира майдонларда ўтказилди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, муҳандислик тадқиқотлари якунланган бўлиб, ҳозирда майдонда ўрнатилган махсус тадқиқот датчиклар, 10 та сейсмик станция, автоматлаштирилган гидрометеорология станцияси ёрдамида комплекс режимли кузатув ишлари олиб борилмоқда.

Янги миссияга тайёргарлик

Маълумки, ХАЭА кўпинча халқаро «полициячи» қиёфасида тасвирланади. Бу дунёдаги барча атом электр станциялари ва ядровий иншоотлари тўғрисидаги улкан маълумотлар базасига эга бўлган халқаро атом энергетикаси агентлиги. ХАЭА экспертлари, мамлакатларга ядровий дастурни амалга оширишда энг биринчи қадам – ядровий инфратузилмани яратишдан бошлаб то энг сўнги циклгача ёрдам беришади. Ядровий цикл билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар бўйича билимлар базаси, талаблар ва нормативларнинг мавжудлиги мамлакатларга ядровий объектларни хавфсиз элсплуатация қилиш учун ўз ҳаракатларини аниқ ва тўғри йўналтириш имконини беради. Мутахассиснинг фикрича, бундай ёндашувда, ҳатто мамлакат атом энергетикаси соҳасида янги ҳисобланса ҳам, у атом энергетикаси лойиҳасини амалга оширишда бутунлай муваффақият қозониши мумкин. Бугунги кунда атом энергетикаси клуби Беларуссия ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар билан тўлганлиги бунинг далилидир. Туркия, Бангладеш ва Миср ўзларининг биринчи энергия блокларини қурмоқдалар. Саудия Арабистони аллақачон АЭС учун майдон танлаган, энди мамлакат вендорни (ўз бренди остида товар ва хизматларини тарғиб қилувчи ва етказиб берувчи компания ёки ташкилот) танлаш босқичида турибди.

ХАЭА иш тизимида турли, масалан, ядровий инфратузилмани ривожлантириш, хавфсизликни баҳолаш, тартибга солувчини баҳолаш, меъёрий-қонунчилик базасини баҳолаш бўйича миссиялар мавжуд. Ўтган йили ХАЭА делегацияси республика ядро инфратузилмаси ривожланишини баҳолаш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди (INIR миссияси). Жорий йилда “Ўзатом ” агентлиги ХАЭА миссиясига тайёргарлик доирасида ташқи ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда атом электр станцияси майдони лойиҳасини кўриб чиқиш бўйича семинар ташкил қилди (SEED миссияси ). SEED – хавфсизлик бўйича ХАЭА меъёрлари ва қўлланма материалларига мувофиқ равишда ХАЭАга аъзо давлатларга ядровий иншоотларнинг (АЭСлар, тадқиқот реакторлари, такомиллашган реакторлар ва ҳк.) фаолият кўрсатиш даврининг турли босқичларида ёрдам бериш учун мўлжалланган мустақил экспертиза бўйича комплекс хизматлар мажмуасидир.

ХАЭАнинг «Guidelines for the Preparation and Conduct of SEED Missions» («SEED миссияларини тайёрлаш ва ўтказишнинг қўлланма материаллари) кўрсатмаларига мувофиқ хизматлар олтита модулни ўз ичига олган бўлиб, сўров юборган аъзо-давлат заруратга кўра улардан бир ёки бир нечтасини танлаши мумкин. Ўзбекистон 3-модул – «Майдончани баҳолашни кўриб чиқиш» бўйича сўровнома юборди. Бундан ташқари, келгуси йилда ушбу миссияни 4-модул - «Атроф-муҳитга таъсирни баҳолашни кўриб чиқиш» доирасида алоҳида миссия ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда.

«Бўлиб ўтган семинар ўқув дастури Ўзбекистоннинг жорий эҳтиёжлари асосида индивидуал тарзда тузилган. Бунинг учун махсус сўров ўтказилган бўлиб, унда иштирокчилар ўз ресурсларини баҳоладилар ва қўшимча эксперт ёрдами учун сўров шакллантиришди, - тушунтириш беради Абдурахмонов. – Бундай ёндашув интерфаол форматлар билан уйғунликда семинар ташкилотчиларига реал вазиятларга максимал даражада яқинлаштирилган шароитлар яратиш имконини берди. Натижада бизнинг иштирокчиларимиз ўз ишларида ХАЭА талабларини ишончли ва тўғри қўллаш, ўз ишини тартибга солувчи нормативни аниқ белгилаш, халқаро талабларнинг моҳияти ва механизмини тушуниш, шунингдек вазиятга қараб нималарга эътибор бериш лозимлигини билишни ўрганишди».

Йил охиригача нималар қилиш керак

«SEED хизматлари, қоидага кўра, уч босқични ўз ичига олади: дастлабки, асосий ва такрорий. Улар ХАЭАнинг катта экспертлари раҳбарлиги остидаги халқаро экспертлар гуруҳи бўлади. Қайд этилганидек, дастлабки SEED босқичи 2021 йилда ўтказилди ва 2022 йилнинг тўртинчи чорагига келиб ХАЭА нинг майдон танлаш бўйича амалга оширилган ишларни баҳолаш бўйича асосий миссияси кутилмоқда. Бу бизнинг ҳужжатлар ва ҳисоботларимизни жойида ўрганадиган, АЭС қуриш устивор майдонида қандай тадқиқотлар олиб борилаётганини, нима ва қандай қилиб ўрганилганини ўз кўзлари билан кўриш учун майдонларга борадиган бир нечта мутахассислардан иборат катта комиссия бўлади. Мазкур миссия натижаларига қараб ушбу йўналишда қўшимча ишларни олиб бориш керакми ёки кейинги босқичга ўтиш мумкинми, шулар барчаси аниқ бўлади”, —хулоса қилади Абдурахмонов.





Report Page