“Гвайфеназин” сиропи юртимизда давлат рўйхатидан ўтказилмаган
UzpharmcontrolЖаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ҳиндистоннинг “QP PHARMACHEM LTD” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Гвайфеназин” сиропининг (GUAIFENESIN SYRUP TG SYRUP) сифатсиз серияси бўйича огоҳлантириш эълон қилди.
Маълум қилинишича, “Гвайфеназин” сиропининг сифатсиз партияси Маршалл ороллари ва Микронезия (Федератив Штатлари) ҳудудида аниқланган. Австралиянинг Тиббий буюмлар назорати бошқармаси лабораториясида ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра, “GUAIFENESIN SYRUP TG SYRUP” препарти таркибида мумкин бўлмаган миқдорда диэтиленгликоль ва этиленгликоль ёт аралашмалари борлиги қайд этилган.
Маълумот учун, “Гвайфеназин” препарати балғам кўчирувчи восита бўлиб, унинг нафас йўлларидан чиқариб юборилишини енгиллаштириш ва йўтални камайтириш учун қўлланилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ЖССТ суюқ дори шаклларини, хусусан, сиропларни ишлаб чиқарувчилар пропиленгликоль, полиэтиленгликоль, сорбит ва/ёки глицерин каби ёрдамчи моддаларни ўз ичига олган тегишли препаратларни ишлаб чиқаришдан олдин ушбу ёрдамчи моддаларнинг таркибида этиленгликоль ва диэтиленгликоль аралашмалари мавжудлигини текширишни тавсия этмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ЖССТнинг 4/2023-сонли хабарномасида эълон қилинган мазкур “Гвайфеназин” сиропи (GUAIFENESIN SYRUP TG SYRUP) ва уни ишлаб чиқарувчи “QP PHARMACHEM LTD” компаниясининг бошқа дори препаратлари Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини ҳамда юртдошларимиз бу борада хавотирга тушмасликларини билдиради.
Ҳозирги кунда дунёда сироп билан боғлиқ диэтиленгликоль ва этиленгликоль контаминацияси ҳолатида юзага келаётган салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз ҳудудига кириб келаётган дори препаратларининг сифат назорати янада кучайтирилган.
Ҳурматли юртдошлар!
Дори воситаларини қўллаш чоғида ножўя реакциялар аниқланганда зудлик билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази”га мурожаат қилинг.
Қуйидаги ҳаволада кўрсатилган шаклдаги хабарномани farmakonadzor@ssv.uz электрон почтасига ёки 100002, Тошкент ш., Озод кўчаси, К. Умаров тор кўчаси, 16-уй манзилига жўнатинг.
📞 Мурожаат учун: (71) 203-01-01 | 4144
Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази ахборот хизмати
Биз ижтимоий тармоқларда:
Telegram | Facebook | Instagram | Youtube