Гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказди

Гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказди

https://t.me/xavfsizlik_uz

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд ва Навоий вилоятларини боғловчи “Самарқанд” мунтазам ЙПХ масканида Иштихон туманида яшовчи, 1982 й.т. шахс бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада унинг салон қисмида 2 кг 27 гр. “опий” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу наркотик моддаларни қонунбузар сотиш мақсадида Хоразм вилоятига олиб кетаётган бўлган.

 

Бошқа бир ҳолатда эса кўп босқичли тезкор тадбир ўтказилиб, дастлаб Самарқанд шаҳридаги “Чўпон ота” ЙПХ масканида тўхтатилган автомашинада йўловчи сифатида кетаётган, Бекобод шаҳрида яшовчи, 1982 ва 1996 йилларда туғилган 2 нафар фуқаронинг ёнида 984 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Сўнгра Булунғур туманидаги “Юқори нуқта” ЙПХ масканида уларнинг шериги, Бекобод шаҳрида яшовчи, 1995 й.т., муқаддам 3 маротаба судланган шахс ўзининг “Нексия” русумли автомашинасида 989 гр. “гашиш” моддасини олиб кетаётган вақтида ушланди.

Шунингдек, ушбу гиёҳвандлик воситаларини Тожикистон Республикасидан олиб келиб, сотилишини йўлга қўйган Бекобод шаҳрида яшовчи, 1995 й.т. гуруҳ ташкилотчиси ҳам Самарқанд вилоятида қўлга олинди.

 

Бу йўналишда ДХХ Фарғона ва Андижон вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ҳам бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, Қува туманида яшовчи, 1991 й.т., муқаддам судланган фуқаро келгусида сотиш мақсадида шериги, Андижон шаҳрида яшовчи, 1991 й.т. шахсга 1 кг 986 гр. “гашиш” моддасини берган вақтида, уларнинг иккаласи ҳам қўлга олинди.

 

Аниқланишича, ушбу ажал оғуси Қирғизистон Республикаси фуқаросидан 5 минг АҚШ долларига сотиб олиниб, айланма йўллар орқали Қува туманига олиб келинган.

 

Шунингдек, Бешариқ туманида яшовчи, 1984 й.т. шахс тожикистонлик наркосавдогардан 5 минг АҚШ долларига сотиб олинган 940 гр. “опий” моддасини контрабанда йўли билан Қўқон шаҳрига олиб келиб, 1977 ва 1979 йилларда туғилган, муқаддам судланган 2 нафар харидорга сотаётган вақтида уларнинг барчаси қўлга олинди.

 

Қўқон шаҳрида кузатилган ҳолатда эса 1987 й.т., муқаддам судланган шахс 826 дона “Регапен” ва 80 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 2 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.

ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Наманган-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автомашина Поп туманидаги “Наманган” мунтазам ЙПХ масканида тўхтатилди.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1989 й.т. фуқаронинг ёнида 2237 дона “Регапен”, 400 дона “Селофен” ва 300 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Аниқланишича, қирғизистонлик фуқаро томонидан давлат чегарасидан айланма йўллар орқали Учқўрғон тумани ҳудудига ўтказиб берилган ушбу дори воситалари Тошкент шаҳрида сотилиши режалаштирилган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Report Page