Гидрометеорология хизмати агентлиги БМТ Тараққиёт дастурига мувофиқ “Иқлим ўзгаришига мослашиш режаси”ни ишлаб чиқмоқда
https://t.me/aoka_uzАОКАда Гидрометеорология хизмати агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида об-ҳаво ўзгариши, ифлосланиши ҳамда аҳоли ва ҳудудларни табиий гидрометеорологик хавфли ҳодисалардан огоҳлантириш ҳақида маълумот берилди:
Ҳаво ҳарорати 40о ва ундан юқори бўлган кунлар сони ортди.
Чўл ҳудудларида, республиканинг шимоли ва жанубида ғайритабиий иссиқ кунлар сони 25-40 кунгача узайди. Одатда 15-30 кун давом этган.
Қуруқ даврларнинг давомийлиги кўпайди, бу эса атмосфера қурғоқчилиги ва сув тақчиллиги ошишига олиб келади. Сўнгги йилларда атмосфера қурғоқчилиги бўлган кунлар сони 50-80 кунни ташкил этиб, ўртача кўп йиллик қийматлардан ортмоқда (30-70 кун).
Жумладан, иқлим мониторинги маълумотларига кўра, республикада ўртача йиллик ҳарорат таҳминан 1,6 оС, яъни ўртача 13,2 оС дан 14,8 оС гача кўтарилганлигини кўрсатмоқда. Бу эса, исиш тезлиги глобал миқёсда кузатилган ўртача кўрсаткичдан юқорилигини англатмоқда.
2030-2050 йилларда Марказий Осиё минтақасида ҳаво ҳароратини 1,5-3 даражага кўтарилиши прогноз қилинмоқда. Асосан Оролбўйи ҳудудида (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти) ҳаво ҳароратининг энг кўп кўтарилиши кутилмоқда.
Ўз навбатида об-ҳавонинг бундай кескин ўзгариб бориши ёғинлар камайиши, ерлар деградацияси, чанг бўронлар сонининг ортиши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши ҳамда атроф табиий муҳитининг сезиларли даражада ифлосланишига олиб келади.
Хабарингиз бор, жорий йил 11 сентябрь куни ғарбий ҳаво фронтининг кириб келиши ва шамол тезлигининг 15 м/с гача кучайиши ҳисобига Тошкентда чангли бўрон кузатилди.
Ўтказилган таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда чанг бўронларига сабаб бўлувчи 2 та омил мавжуд: ташқи ва ички.
1. Ташқи омил. Қозоғистон, Туркманистон ва Афғонистон ҳудудларида глобал иқлим ўзгариши таъсирида ёмғир миқдори кескин камайгани, сув ҳавзалари қуриши фонида суғориладиган ерларнинг деградацияга учраши сабабли чўлланиш авж олиб, кучли бўронлар содир бўлмоқда ва қум-чанг кўтарилиб, Ўзбекистон ҳудудига кириб келмоқда.
Ўзбекистонинг Ғарбий (Бухоро) ва Жанубий (Қашқадарё ва Сурхондарё) вилоятларига эса, Туркманистон ва Шимолий Афғонистоннинг (Афғон шамоли) чўл ҳудудларида кўтарилган қум ва чанглар бўронлар орқали кириб келмоқда
2. Ички омиллар қуйидаги турларга ажратилади:
а) мамлакатда чўлланиш ва яйловлар деградациясининг авж олиши.
б) қурилиш майдонлари сонининг ортиши натижасида шамол фонида унда чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилиши.
в) атмосферага саноат корхоналари ва автомашиналар томонидан зарарли тутунларнинг чиқарилиши.
Ўзгидромет агентлиги ваколати доирасида амалга оширадиган мониториг ишлари хақида айтадиган бўлсак:
Ҳозирги кунда Агентликнинг Атроф-муҳит сифати мониторинги бошқармаси 26 та шаҳарнинг 74 та стационар кузатув пунктларида ҳаво ифлосланишини кузатади. Улардан 66 та стационар постларда кунига
3 марта ҳаводан намуна олиш амалга оширилади.
Республиканинг 7 та - Жиззах, Гулистон, Самарқанд, Термиз, Нукус, Урганч ва Тошкент шаҳарларида ўрнатилган 8 та замонавий автоматик мониторинг станцияларида «Horiba» онлайн кузатувлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, атмосфера ҳавоси сифатини маршрут кузатувлари мобил экологик лаборатория ёрдамида амалга оширилади.
Мазкур кузатиш пунктлари атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи
12 турдаги ташламалар мониторинг қилинади. Жорий йилда атмосфера ҳавосидан Тошкент шаҳрида 23 мингтадан зиёд, бутун тармоқ бўйича
98 мингта намуналар олинди ва таҳлил қилинди. Бухоро, Термиз, Тошкент шаҳарларида атмосфера ҳавосини майда чанг зарралари РМ10 билан юқори даражада ифлосланиши ҳолатлари қайд этилди.
Ер усти сувларининг ифлосланиши мониторинги 43 та ингредиент бўйича 59 та сув объектида, 89 та пунктда, 107 та участкада амалга оширилмоқда.
Жумладан, 768 та ер усти суви намуналари, Гидробиологик мониторинг бўлими лабораториясида Тошкент вилояти дарёларидан олинган 110 та перифитон ва 134 та зообентос намуналари таҳлил қилинди.
Таҳлиллар натижасида Марказий Бухоро коллекторида – Бухоро шаҳри юқори ва қуйи оқимида ер усти сувларининг сульфатлар билан юқори даражада ифлосланишининг 9 та ҳолати қайд этилган;
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ерларида 261 та пунктда тупроқ ифлосланиши мониторингини олиб борилмоқда. Тошкент ва Навоий шаҳарлари атрофидаги тупроқларда 20 та индикатор ёрдамида саноатдан келиб чиқадиган токсикантлар, Сариосиё шаҳри атрофида эса сувда эрувчан фторидлар миқдори текширилди. Жами 462 та тупроқ намуналари олинди ва таҳлил қилинди.
Аэрозолларнинг умумий бета фаоллиги ва изотопик таркиби кузатувлари 25 та стационар пунктда олиб борилади, 40 та станцияда эса гамма нурланишнинг таъсир қилиш дозаси даражаси ўлчанади. 400 та атмосфера ҳавоси намуналари танлаб олинди ва таҳлил қилинди.
Республикамиз ҳудудларида чанг бўронлари даврийлиги ва уларнинг ортиб бориши, ерларнинг деградацияга учраши, сув ресурслари, ўсимлик
ва ҳайвонот дунёсининг қисқариши, шунингдек, иқлим ўзгариши таъсирида аҳоли саломатлигида юзага келаётган ўзгаришларни ўрганиш ва уларнинг олдини олиш мақсадида Агентлик Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури, билан ҳамкорликда “Иқлим ўзгаришига мослашиш режаси”ни ишлаб чиқмоқда.
Мамлакатимиздаги атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини такомиллаштириш мақсадида Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экология
ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш
ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 2 июндаги ПФ-81-сон фармонига асосан Республиканинг туман ва шаҳарларида атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимини тубдан такомиллаштириш, салбий таъсирнинг юзага келишини прогнозлаш механизмини жорий этиш учун Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан тайёрланиб Вазирлик томонидан тасдиқланган техник талаблар ва ҳудудларга жойлаштириш хариталари асосида ҳар бир вилоят туманларида жами 347 та атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторингини амалга оширувчи автоматлашган станциялар ўрнатилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ““Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023-йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 11 сентябрдаги ПҚ-300-сон қарорида метеоиқлим ўзгаришини олдини олиш, сув ресурсларини тежаш, шу билан бирга, кўкаламзорлаштириш бўйича бир қанча лойиҳаларни амалга ошириш белгилаб берилган. Улардан:
- Саноатда “яшил энергия” сертификатлар бозорини ривожлантириш. Унга кўра, Технологик жараёнларнинг экологик меъёрларга ва талабларга мувофиқлигини баҳолашга асосланган ҳамда маҳсулотлар ва хизматларни экологик маркировкалаш тизимини йўлга қўйиш.
- Иқлим ўзгариши соҳасида барча иссиқхона газларини қамраб олувчи мониторинг тизимини (МРВ) яратиш.
- Узоқ муддатга мўлжалланган республиканинг сув ресурслари балансини ишлаб чиқиш ва унинг юритилиши устидан доимий мониторинг ўрнатиш.
- Хизмат кўрсатиш соҳасида сувни тежовчи ва қайта ишловчи технологияларни жорий этиш.
- Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликда ягона экотизимни ривожлантириш.
Шаҳар ва туман марказларида ҳар 50 — 100 минг аҳоли учун “жамоат парклари”ни ташкил этиш.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили камида
200 миллион туп манзарали ва мевали дарахтлар ҳамда буталар кўчатлари
ва қаламчаларини экиш.
- Барча шаҳарларни тўлиқ “яшил белбоғ”лар билан қамраб олиш.
Республиканинг ўрмон билан қопланганлик даражасини 30 фоизга етказиш ва бошқалар.
Юқорида айтиб ўтилган лойиҳалар бўйича ишлар тегишли давлат органлари томонидан амалга ошириш бошланган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида нафақат атроф табиий муҳитимизнинг мўтадиллигини сақлаб қолиш, балки метеоиқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари таъсирини юмшатамиз деб умид қиламиз.