Гепатит С аниқланган беморлар дори воситалари билан бепул таъминланади

Гепатит С аниқланган беморлар дори воситалари билан бепул таъминланади

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова маълум қилди.

Вирусли гепатитларнинг «В» ва «С» турларини эрта аниқлаш учун республиканинг барча ҳудудларида скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш мақсадида жорий йилнинг                1 июлидан бошлаб ҳар йили республика аҳолисини скрининг текширувлари сони 1 миллион нафаргача, полимер занжир реакцияси (ПЗР) текширувлари сони 15 минг нафаргача, вирусли гепатит «С» тури билан касалланган беморларни даволашни 10 минг 500 нафаргача етказилади. Скрининг текширувларида вирусли гепатит «С» тури аниқланган беморларни даволаш жараёнида дори воситалари билан бепул таъминлаш вазифа қилиб белгилаб олинди.

Вирусология илмий-тадқиқот институти ва 14 та ҳудудий гепатология марказларига жигар фибрози ва гепатоцеллюляр карциномани эрта ташхислаш учун жами 90 минг та замонавий диагностика тўпламлари, вирусли гепатитнинг «В» тури аниқланган беморларда вирус антигенини миқдорий аниқлаш мақсадида жами 46 минг тест тўпламини харид қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Касаллик юқиши хавфи юқори бўлган шахсларни, шу жумладан қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишловчи тиббиёт ходимлар орасида гепатит «В» инфекциясини олдини олиш мақсадида эмлаш ишлари бошлаб юборилган бўлиб, 2022-2023 йил давомида 120 мингга яқин тиббиёт ходимлари вирусли гепатит «В» инфекциясига қарши тўлиқ қамраб олиниши режалаштирилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари, юқумли касалликлар шифохоналари (бўлимлари)да фаолият кўрсатаётган ҳар бир мутахассиснинг республика марказлари базасида стажировкасини ташкил этиш, ўқув курсларида тажриба ва малакасини ошириш, эпидемиологик мониторинг бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштириш мақсадида ёш олимларни хорижий давлатларга қисқа муддатли илмий стажировкага юбориш дастури ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамкорликда оилавий поликлиникаларда скрининг текширув жараёнлари давом  этмоқда. Ҳозиргача республика бўйича жами 250 минг та фуқароларимиз скрининг тестдан ўтказилди. Жумладан, Тошкент шаҳрида 47012, Наманган вилоятида 32603та, Самарқанд вилоятида 35414та, Сирдарё вилоятида 12829 фуқароларимиз қамраб олинди. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки скрининг текширувлари мутлақо бепул бўлиб фуқароларимиз ҳудудий поликникаларида текширувда ўтишлари мумкин.

Вирусли гепатитлар «В» ва «С» турларини элиминация қилиш бўйича мақсадли кўрсаткичлари асосида 2030 йилга қадар:

скрининг даражасини — даволаш билан қамраб олиш ишларини, болаларни эмлаш даражасини — 90 фоизга етказиш;

янги касалланиш ҳолатлари қайд қилинишини — 90 фоизга камайтириш;

ўлим ҳолати кўрсаткичларини — 65 фоизга камайтириш каби устувор йўналишлар белгиланган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари томонидан вирусли гепатитлар юқишининг олдини олиш тадбирлари бўйича аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишлари доимий равишда амалга оширилмоқда.


Report Page