Гарвард докторанти Тошкент 10 йилдан сўнг яшашга яроқсиз шаҳарга айланиши мумкинлигини айтди

Гарвард докторанти Тошкент 10 йилдан сўнг яшашга яроқсиз шаҳарга айланиши мумкинлигини айтди


Гарвард университети докторанти ва илмий тадқиқотчиси, иқтисодчи Ботир Қобилов YouTube’даги Ular лойиҳасига берган интервьюсида шаҳарсозликдаги амалиёт ўзгармаса, 10 йилдан сўнг Тошкент яшашга яроқсиз шаҳарлардан бирига айланиб қолиши мумкинлини айтди.


Журналист мутахассисдан 10 йилдан сўнг Тошкент шаҳрида шаҳарсозлик қандай ҳолатда бўлиши ҳақидаги фикрларини сўраган. Ботир Қобилов шаҳарсозлик бу Lego ўйини эмаслигини, бу масалада мутахассис ва жаҳон тажрибаси билан ўртоқлашиш кераклигини қайд этди.

«Ҳозирги шаҳарсозлик сиёсати ва шаҳарсозликдаги амалиётни 180 градусга ўзгартирмасак, 10 йилда Тошкент шаҳри яшашга яроқсиз шаҳарлардан бирига айланиб қолади, деб ўйлайман. Бу борада транспорт, экологик ва бошқа муаммолар ўз-ўзидан кўриниб қолади. Чунки шаҳарсозлик бу Lego ўйини эмас, ғиштни бир жойдан иккинчи жойга олиб ўтиш учун мутахассис ва жаҳон тажрибаси билан ўртоқлашиш керак. 

Чанг-тўзон ва бошқа белгилар бизга шаҳарсозликни нотўғри амалга ошираётганимизнинг сигналини беряпти ва ўз-ўзидан бу нарса тўғриланиб қолмайди. Агар ҳеч нарса қилмасак, 180 градусга ўзгармасак, афсуски, шаҳарларимиз яшашга яроқсиз ҳолга келиб қолади ва Тошкент Жакарта каби шаҳарга айланиб қолишидан жуда ҳам ҳавотирдаман», — деди Гарвард университети докторанти ва илмий тадқиқотчиси.

Маълумот ўрнида, иқтисодчи Ўзбекистонда дарахтларни кесиш фойдали бизнесга айлангани ҳақида гапирганди. Шунингдек, Тошкент шаҳри кузатилган бир неча кунлик чанг бўрони сабаб дунёнинг экологияси ифлос шаҳарлар рўйхати етакчисига айлангани ҳақида хабар берилганди.

Report Page