"Ўзбекнефтгаз": GTL заводининг қурилиш ишларидаги мавжуд муаммолар ўрганилди ва амалий ёрдамлар кўрсатилди

"Ўзбекнефтгаз": GTL заводининг қурилиш ишларидаги мавжуд муаммолар ўрганилди ва амалий ёрдамлар кўрсатилди


Қашқадарё вилоятидаги GTL заводининг қурилиш майдонида, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.  

Йиғилиш давомида, GTL инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши, қурилиш-монтаж ишлар бажарилиши, заводнинг бир қатор ускуна ва технологик қурилмаларнинг ишга тушириш-созлаш олди ишлар бажарилиши жараёнлари ҳамда заводни ишга тушириш ва эксплуатация қиладиган персонални тайёлашга алоҳида эътибор берилди. 

Йиғилишда Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Uzbekistan GTL” МЧЖ, “Шўртан ГКМ” МЧЖ, “Eriel Group” МЧЖларнинг раҳбарлари, ҳамда бош пудратчи – “Hyundai Engineering Ltd.” ва “Enter Engineering Pte. Ltd.” консорциуми, лойиҳанинг бошқаруви бўйича маслаҳатчиси - TechnipFMС компаниясининг дирекция раҳбарлари, шунингдек масъул мутахассислар иштирок этдилар.

Қашқадарё вилоятидаги Шўртан газ-кимё мажмуаси негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводи ишга туширилиши билан Ўзбекистонга авиакеросин ва дизел ёқилғисининг импорти сезиларли даражада қисқаради. 2021 йилда GTL заводи тўлиқ лойиҳа қувватига босқичма-босқич чиқиши билан бирга, унда табиий газдан синтетик дизел ёқилғиси, авиакеросин, нафта ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиши бошланади.

Тўлиқ лойиҳалаш қувватига эришгач, заводда йилига 3,6 миллиард кубометр табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизел ёқилғиси, 437 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.

“Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш энди якуний босқичга кириб, унинг битказиш даражаси 87 фоиздан ошди. Бугунги кунда Қашқадарё вилоятидаги заводнинг қурилиш майдонида қурилиш ишлари давом эттирилиб, унда 11 мингдан зиёд ишчи ва мутахассислар, жумладан, хорижий мутахассислар жалб этилиб, 973 та техника сафарбар этилган. Иш жуда фаол суръатлар билан, бир неча сменада, биринчи навбатда, ишчиларнинг хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда ва барча санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ҳамда қатъий сифат назорати билан олиб борилмоқда. Завод қурилишини шу йилнинг охирида якунлашни режалаштирмоқдамиз, айни пайтда заводнинг айрим технологик қурилмаларида параллел равишда ишга тушириш-созлаш олди ишлари бошлаб юборилган”, - деб қайт этди “GTL” заводи раҳбари Фаҳриддин Абдурасулов.

Қурилиш майдонига 958 та асосий технологик ускуналар жамланмаси етказиб берилган бўлиб, шундан умумий оғирлиги 35 минг тоннадан ортиқ бўлган 700 га яқин жамланма заводнинг технологик қисмида ўрнатилган.

Заводни ишлатиш мақсадида бутун республикадан мутахассислар танлаб олинди. Улар Шўртан газ-кимё мажмуаси ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариш ўқиш курсларини, шунингдек, Устюрт газ-кимё мажмуаси ва Қатардаги шунга ўхшаш Oryx GTL заводида ишлаб чиқариш амалиётини ўташди. Ишлаб чиқариш кадрларни тайёрлаш давом этмоқда. Мутахассислар заводнинг технология лицензиарлари, ускуналар, шу жумладан ишлаб чиқариш жараёнининг назорат тизимини ишлаб чиқарувчиларининг тажрибали муҳандислари томонидан ўқитилмоқда.

Умумий қиймати 3.61 миллиард доллардан ортиқ бўлган Ўзбекистондаги GTL заводи минтақадаги энг инновацион ишлаб чиқариш корхоналаридан бири бўлиб, табиий газни чуқур қайта ишлаш салоҳиятини кенгайтириш, углеводородлар импортини камайтириш, мамлакатнинг замонавий, сифатли ва экологик тоза ёқилғига бўлган эҳтиёжини қоплаш, шунингдек, бозорни ўз хом ашёсидан ишлаб чиқарилган стратегик маҳсулотлар билан таъминлаш имконини яратади.


“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

Report Page