GSP+: ЎЗБЕКИСТОН ВА ЕВРОПА ИТТИФОҚИ ҲАМКОРЛИГИНИНГ ИСТИҚБОЛЛАРИ

GSP+: ЎЗБЕКИСТОН ВА ЕВРОПА ИТТИФОҚИ ҲАМКОРЛИГИНИНГ ИСТИҚБОЛЛАРИ

"Узчармсаноат” уюшмасининг матбуот хизмати

GSP+ тизимига доир масалалар бўйича Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ҳамкорлигининг истиқболлари юзасидан бўлиб ўтган тадбир иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Қизғин руҳда бўлиб ўтган тадбирда “Ўзчармсаноат” уюшмаси вакиллари ҳам фаол қатнашдилар.

Бугунги кунда Европа иттифоқи ҳудудида 453 млн. нафар инсон истиқомат қилади. Ўзбекистон компаниялари учун айнан GSP+ тизимига аъзо мамлакатлар қаторига қўшилиш ушбу катта бозорга тез суръатда кириб боришга имкон яратади. Ўзбекистоннинг бенефициар давлат мақомини олиши ва у орқали яратилаётган имтиёз онлайн-мулоқотнинг бош мавзуси бўлди. Ўзбекистоннинг Белгиядаги элчихонаси томонидан ўтказилган учрашувда Европанинг кўзга кўринган сиёсий-иқтисодий таҳлил марказларининг вакиллари иштирок этди. Муҳокамаларда Ўзбекистонда тайёрланган маҳсулотларни ЕИга етказиб беришнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.

GSP+ тизими Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорликнинг янада кенгайиши учун қўшимча имкониятларни яратади. Текстиль, қишлоқ хўжалиги, чарм-пойабзал каби кўплаб йўналишлар бўйича мамлакатимизда тайёрланган экспортбоп маҳсулотларга қўйилган тарифлар бекор қилинди. Бироқ, ЕИ билан алоқалар қанча яқин бўлмасин, савдо-иқтисодий имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётган эди. ЕИ Ўзбекистоннинг экспорт географиясида еттинчи ўринда туришининг ўзи ҳам бунга мисол.

Европа бозорига кириб бораётган маҳсулотларимиз тури ва сони ортганидек, тез кунларда Европанинг мамлакатимиз экспорт йўналишидаги ўрни ҳам ўзгаради. Ўзбекистон жорий йил 10 апрелига қадар GSP тизимининг ўзидан фойдаланиб келаётган эди. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизнинг 3000 турдаги маҳсулотларини божхона божларисиз ва 3200 турининг эса пасайтирилган тарифларда экспорт қилиш имконини беради. Эндиликда GSP+ тизими доирасида 6200 турдаги маҳсулотлар божхона божларисиз Европага кириб боради.

Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаси ҳақида гап кетар экан, маҳсулотлар сафи кенгайиб, 103 турдаги 308 турга етганлиги диққатга сазоворлигини айтиб ўтиш керак. 2020 йил якунини сарҳисоб қилсак, маҳаллий чарм-пойабзал корхоналари томонидан 400 млн. долларлик маҳсулот хориж бозорига йўналтирилган бўлса, унинг бор-йўғи бир фоизи ЕИ ҳиссасига тўғри келар эди. Эндиликда Европага божларсиз етказиб бериладиган маҳсулотлар турининг 3 баробарга ортиши билан маҳаллий корхоналаримиз учун янги экспорт бозорларига кириб бориш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишдек имкониятларни яратади.

Report Page