ГЛОБАЛ ХАВФСИЗЛИК

ГЛОБАЛ ХАВФСИЗЛИК


ГЛОБАЛ ХАВФСИЗЛИК (global security, глобальная безопасность) – бутун Ер шари аҳолиси ва ҳудудини қамраб олувчи хавфсизлик даражаси. Ушбу ҳодиса кишилик жамияти эволюциясининг табиий оқибати сифатида саҳнага чиқди. Глобал хавфсизлик бевосита инсон омили билан боғлиқ бўлиб, инсон/инсоният манфаатларига хавф ва таҳдид солувчи глобал муаммоларнинг вужудга келиши, уларнинг кўлами ва қамровининг кенгайиши шароитида долзарб аҳамият касб этиб борди.

Уларнинг келиб чиқиши кўп жиҳатдан “табиий” хусусиятга эга бўлиб, бевосита кишилик жамиятининг тараққиёти натижаси, “меваси” ҳисобланади. 20-асрнинг 60-йилларидан бошлаб, глобал миқёсдаги табиий, ижтимоий-иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий характерга эга бўлган муаммолар (хусусан, ядро уруши хавфи, қуролланиш пойгаси, экологик вазият) кескинлашди. Ушбу муаммолар бутун Ер шарига, инсониятга дахлдор бўлиб, ижтимоий тараққиёт ва цивилизациянинг мавжуд бўлиб қолиши уларнинг ҳал этилиши билан боғлиқдир. Бироқ уларни алоҳида олинган давлат чегаралари ва ҳаттоки географик минтақалар доирасида ҳал этиб бўлмайди. Глобал хавфсизлик предметини ташкил этувчи муаммо, хавф ва таҳдидлар, авваламбор, инсоният ва табиат ўртасидаги мувозанатнинг ёки ўзаро алоқадорликнинг бузилиши; инсоният ва техносфера; инсоният ва давлатлар ҳамжамияти ўртасидаги қарама-қаршилик негизида вужудга келади. Шунинг учун ҳам глобал хавфсизлик доирасида экологик, демографик, ижтимоий ва иқтисодий хавфсизлик масалалари муҳим аҳамият касб этади. Глобал хавфсизлик ва халқаро хавфсизликнинг ўзаро алоқадорлиги тўғрисида сўз юритганда халқаро хавфсизлик, авваламбор, давлатлараро тизимга хос ҳодиса эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Халқаро хавфсизликнинг ўзига хос хусусияти шундаки, унинг доирасида суверен давлат асосий субъект, актор ҳисобланиб, хавфсизлик давлатлар ихтиёридаги сиёсий, ташкилий ва халқаро ҳуқуқий куч ва воситалар ёрдамида таъминланади.

👉🏻@uz_sfa

 

Миллий ва халқаро хавфсизлик. Луғат-маълумотнома / И.И. Бобоқулов. Қайта ишланган ва тўлдирилган иккинчи нашри. – Тошкент, 2025

Report Page