ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ ВА ПСИХОТРОП ДОРИЛАР САВДОСИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ
Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг инсон ҳаётига кўрсатажак аянчли таъсири барчага бирдек маълум, бироқ осон пул топишни кўзлаган ва бу йўлда виждонини ҳам сотишга қодир кимсалар ҳамон учраб турибди. Уларнинг кирдикорларини фош этиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига қарши кураш доирасида ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси тергов бўлими томонидан 1990 йилда туғилган Н.С. ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор тадбирлар олиб борилди. Жараён давомида Н.С.нинг Самарқанд шаҳрида жойлашган яшаш хонадони кўздан кечирилганда оғирлиги 593,76 гр бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси ва 1 дона пневматик тўппонча борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Бундан ташқари, 1997 йилда туғилган, Самарқанд шаҳрида яшовчи О.Э. ҳам 54 дона “Зардекс” ва “Тебантин” номли психотроп дори воситаларини маҳаллий фуқарога 6 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди. Ҳолат юзасидан О.Э.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят йўлининг охири йўқ. бир ёлғон, қирқ ёлғонни келтириб чиқарганидек, бир жиноят ўз ортидан турли кўнгилсизликларни етаклаб келаверади. Огоҳ бўлинг!