ГИСТЕРОСКОПИЯ НИМА?

ГИСТЕРОСКОПИЯ НИМА?

@ginekologim


Гистероскопия – бачадон бўшлиғи ички “астар”ини ва таркибини махсус гистероскоп деб номланувчи асбоб ёрдамида визуал текширишдир. Бу эндометрий ҳолатини текширишнинг “олтин стандарти” ҳисобланади. Мазкур услуб ташхис ва даволаш мақсадида ҳам қўлланилиши мумкин. Кўриш майдонини равшанлаштириш учун бачадон бўшлиғига суюқлик (физиологик эритма, Рингер эритмаси, манитола, сорбитола, глицина каби) ёки карбонат ангдрид гази юборилади. Гистероскопия қуйидаги ҳолталарда қўлланилади:

Ташхис мақсадида:

- кўп ва нотартиб қон келиш сабабларини аниқлаш;

- такрорий ҳомила тушишларини аниқлаш;

- кичик чаноқ соҳасидаги сурункали оғриқ сабабларини аниқлаш;

- жарроҳлик амалиётидан кейин бачадон бўшлиғи ҳолатини текшириш;

- бачадон ичи спиралини олиб ташлаш;

Даволаш мақсадида:

- эндометрий аблацияси (куйдирилиши);

- эндометрий полипларини олиб ташлаш;

- фиброматоз тугунларни олиб ташлаш;

- чандиқларни кесиб ташалаш (синехиолизис);

- стерилизация қилиш (бачадон найларини боғлаб қўйиш).

Гистероскопия усулининг афзалликлари:

Ушбу усул билан шифокор эндометрий ҳолатини кўриш, аниқ касалланган нуқтадан тўқима олиш (биопсия), даволаш муолажалари ўтказиши мумкин. Гистероскопия кесишларсиз қилинадиган муолажа бўлиб, қин ва бачадон бўйни орқали амалга оширилади. Шунинг учун муолажа оқибатида келиб чиқадиган асоратлар ва ножўя таъсирлар кам учрайди.

Қачон гистероскопия қилиб бўлмайди:

- жинсий ва сийдик йўллари ўткир юуқумли касалликларида;

- ҳомиладорликда;

- бачадон бўшлиғи катта бўлганда (узунлик бўйича 10 см дан катта);

- бачадон бўйни стенозида;

- бошқа жиддий касалликлар туфайли келиб чиқадиган ҳолатларда.


Пациент гистероскопия муолажасига қандай тайёргарлик кўриш керак:

Гистероскопия ички аъзоларга тааллуқли кичик амалиёт бўлгани учун аёл киши қон таҳлили, бачадон бўйнидан экиш таҳлили, ажралма суртмаси таҳлили, цитологик суртма, қон гуруҳи ва электролити таҳлили топшириши ҳамда ҳомиладор эмаслигини тасдиқлаш зарур бўлади.

Қайси мақсадда қилинишга қараб, унга тайёргарлик кўриш ҳам фарқли бўлиши мумкин, жумладан, ҳайз цикли бошидан ёки муолажадан бир неча кун аввал дори воситалари қабул қилиш талаб этилиши мумкин.

Аслида гистероскопия оғриқсилантиришсиз ёки маҳаллий оғриқсизлантириш билан қўлланилса-да, айрим аёллар учун умумий анастезия талаб этилганда, улар умумий наркоз учун қарши кўрсатмалар бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида анастезиолог кўригидан ўтишлари керак бўлади

Гистероскопия ўтказилгандан кейин қандай асоратлар бўлиши мумкин?

Барча ножўя таъсирлар ва асорталарни иккига ажратиш мумкин: муолажа вақтидаги ва муолажадан кейинги. Муолажа вақтидагига жисмоний асоратлар (бачадон бўйни ёки девори тешилиши, бачадон бўйни ёрилиши, лазер ёки ток билан ёндош аъзоларнинг зарарланиши), газ ёки суюқлик ишлатилиш билан боғлиқ асоратлар (томирлар эмболияси, гипергидратация, анемия, гипотония), оғриқсизлантириш билан боғлиқ асоратлар, қон кетиши, инфекция. Инфекцияни олдини олиш мақсадида антибиотиклар кўп ҳолатларда тавсия этилмайди.

Ўзбекистонда бу амалиёт “Акушерлик ва Гинекология” илмий-тадқиқот институтида ва айрим хусусий клиникаларда амалга оширилади.

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page