ГЕОСИЁСАТ: СТОЛ АТРОФИДА БЎЛМАСАК, ДЕМАК «МЕНЮ»ДАМИЗ…

ГЕОСИЁСАТ: СТОЛ АТРОФИДА БЎЛМАСАК, ДЕМАК «МЕНЮ»ДАМИЗ…

Саййид Абдулазиз ЮСУФ
«Давлат арбобларидан фақат енгил-елпи масалаларни ҳал қилишгина талаб этилмайди. Бундай ишлар кўпинча ўз-ўзидан ўнгланиб кетади.
Тарози паллалари ўйнаб турган ва келажак туманли бўлган паллалардагина бутун дунёни қутқарувчи қарорларни қабул қилиш мумкин бўлади».

Уинстон Черчилл,

«Яқинлашаётган бўрон», 1948 й.

 

Айнан ушбу цитата мени қаттиқ ўйлантириб қўйди. Шу ондан бошлаб ватан тақдири ҳақидаги ҳавасаки мулоҳазаларимни очиқча гапириш кераклигини, гапирганда ҳам бор гапни борича ва виждонан гапириш зарурияти вужудга келганини англадим.

Ҳозир дунёда юз бераётган ўзгаришларни кузатарканман, давлатлар илгари кузатилмаган, узоқ йиллардан бери тўпланиб қолган кўп ва хўп хатарларга дуч келмоқда, деган хулосага келдим. Авваллари бу хатарлар, айтиш жоиз бўлса, вақт ва макон бўйлаб бир текис «тақсимланган» эди. Энди эса ҳаммаси йиғилиб, аралаш-қуралаш бўлиб кетган, энг асосийси, уларни бартараф этишнинг ҳеч қандай йўл-йўриқ йўқ.

Бунда - ички барқарорлиги мазкур глобал жараёнлар таъсирида атайин емирилаётган давлатлар энг қалтис вазиятга тушиб қолади. Тарихнинг кўп бора кўрсатишича, ташқи ларзалар мамлакатларни камдан кам ҳоллардагина тўғридан тўғри вайрон қилади. Улар бошқача усул, яъни ички шубҳалар, бўлинишлар, қўрқув ва ёлғон тасаввурлар орқали таъсир этади.

Энг хавфли жиҳати сиёсий ҳокимият энг эзгу мақсадларни кўзлаган ҳолда ташқи сиёсий маконда доимий равишда манёвр қилишга мажбур бўлишидир. Суверенитетни, ҳарбий хавфсизликни таъминлаш, ўзининг иқтисодий, ижтимоий ва мудофаа сиёсатини назорат қилиш -- шаксиз биринчи ўринда турувчи мақсадлардир. Муаммо шундаки, қанчалик оқилона бўлмасин, ҳар бир шундай манёвр жамият онгида муқаррар равишда акс этиб, хавотир ва беқарорлик ҳиссини уйғотади, эртанги кунга ишончни сусайтиради.

Айнан шундай лаҳзаларда жамият ўзига ўзи энг хавфли саволни бера бошлайди: умуман бизда суянадиган мустаҳкам таянч борми ўзи?

 

«Тоқатнинг тугаши»

ёки кучлилар қандай қилиб дунё тартиб-қоидаларини

қайтадан ёзмоқда?

Дунё глобал миқёсда чуқур қайта форматлаш босқичига кирди. Юз бераётган ҳодисаларни қанча узоқ кузатсам, шунча аниқ тушунаяпманки: гап қоидаларга тузатиш киритиш ёки алоҳида институтларни мослаштириш ҳақида кетмаяпти. Бизнинг кўз ўнгимизда дунёнинг янгича тартиб-қоидалари лойиҳалаштирилмоқда. Халқаро муносабатларда Вестфаль тизими тамойилларига асосланган эски тартибга деярли уч юз йил мобайнида риоя қилиб келинди. У ўзининг ички қарама-қаршиликларига қарамасдан нисбатан тушунарлироқ бўлиб, юз беражак ҳодисаларни олдиндан тахмин қилиш мумкин эди. Унинг асосий мазмуни давлатларнинг суверенитетини, расман тенг ҳуқуқлилигини ва бутун тизимнинг барқарорлигини таъминлаш учун кучли давлатларнинг ўз ихтиёри билан ўзини ўзи тийиб туришидан иборат эди.

Бироқ мазкур моделнинг тарихий ресурси тугаганлиги маълум бўлди. Шундай пайт келдики, етакчи давлатлар, иқтисодий, ҳарбий ва технологик куч марказлари ўз-ўзини тийиш ва стратегик тоқат сиёсатидан чарчади. Кучсиз давлатлар шунга мос имкониятга, масъулиятга ёки глобал барқарорликни таъминлашга қўшадиган улушга эга бўлмагани ҳолда, халқаро ҳуқуқни ва расмий тенгҳуқуқлиликни рўкач қилиб борган сари кўпроқ тенг ҳуқуқ ва кафолатларни талаб қила бошладилар. Вақти соати етиб, дунё пойтахтларида «Бўлди, етар!» деган яширин, аммо жамоавий қарор қабул қилинди.

Бундай ўзгаришлар XXI аср учун ноёб ҳисобланмайди. Тарихда бунга ўхшаш ҳодисалар кўп бўлган. Биринчи жаҳон урушидан кейин Вена тизимининг тугаши, Версал тартибининг барбод бўлиши, Ялта-Потсдам архитектурасининг бузилиши... Буларнинг бари кучли давлатларнинг бир хил, «бундан буёғига аввалги қоидалар ишламаяпти, статус-квони сақлаб қолишга уриниш эса тартибсизликни баттар кучайтиради» деган фикрга келинишидан бошланган. Ҳар гал тоқатсизлик бирданига юз бермаган, инқирозлар занжири, локал тўқнашувлар, аввалги тақиқларни намойишкорона бузиш орқали аста-секин намоён бўлган.

Таъкидлаш жоизки, шу ерда ҳам мен бугунги воқеалар битта давлатнинг иродаси билан бўлмаётганига, битта етакчининг импулсив реакцияси эмаслигига атайин урғу бераяпман. Бу қарорга дунё тизими бир неча ўн йиллар давомида келди, айниқса, охирги йигирма йилда ҳаракатлар ғоят тезлашиб кетди. Шу маънода Доналд Трампнинг ташқи сиёсат йўналишида қилаётган ҳозирги ишларини сиёсий аномалия деб бўлмайди. Бу фақат Трампнинг сиёсати эмас.

Тўғрироғи, бу Ғарб сиёсий истеблишменти аксарият қисмининг аллақачонлар шаклланган стратегик ниятини амалга ошириш шаклидир. Бу ҳолатда Доналд Трамп аввалдан ёпиқ доктриналар, экспертларнинг ҳисоботлари ва норасмий консенсуслар шаклида мавжуд бўлган нарсаларни ошкор этувчи ва институционаллаштирувчи ролини ўйнаяпти, холос.

Дунё тартиби ўзгаришининг асил архитекторлари тарихий даврлар миқёсида фикрловчи, томири сувга етган сиёсий, молиявий ва стратегик давлатларнинг вакиллари ҳисобланади. Айнан улар универсал тоқат даври тугади, янги тартиб эса тенглик ҳақидаги баландпарвоз гапларга эмас, реал имкониятлар иерархиясига асосланиши керак деган хулосага келишди.

Глобал кучнинг «биринчи давраси»дан ташқаридаги давлатлар учун бу аламли бўлса-да, ўз мавқеини ҳушёрлик билан қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдиради. Кучлилар қоидаларни янгидан ёзаётган дунёда хомхаёлларга берилиш заифликдан ҳам хавфлидир, ўз-ўзини алдаш эса ҳар қандай ташқи босимдан ҳам кўра қимматга тушади.

 

География сиёсий «фантазия»ларга қарши

Дунё тартиботининг ўзгараётгани ва кучлиларнинг тоқатсизланаётгани ҳақида айтилган ҳамма гаплардан сўнг албатта бир савол ўртага чиқади: глобал кучнинг «биринчи давраси»га кирмайдиганлар нимага суянишлари мумкин?

Мен борган сари кўпроқ жаҳон сиёсатининг одатдаги харитаси бошқа ишламаяпти, деган хулосага келяпман. Атрофида ўнлаб йиллар давомида стратегиялар, иттифоқлар қурилган ва зиддиятлар келиб чиққан геосиёсатнинг «Шарқ-Ғарб» ўқи аста-секин «Шимол-Жануб» йўналишига кўчмоқда. Айнан шу паллада Марказий Осиё мамлакатлари кутилмаганда кўпчилик учун периферия бўлмай қолди. Яқин-яқинларгача улкан жараёнларнинг фони сифатида қараб келинган минтақа асосий геосиёсий акторларнинг манфаатлари кесишадиган марказий нуқтага айланиб бораётганлиги тобора аниқ намоён бўлаяпти. Кучлилар эски қоидаларни бекор қилаётган бугунги дунёда география аввалгидек иккинчи даражали эмас, бир онда биринчи даражали омилга айланади.

Охирги ўн йилда Марказий Осиёда илгари даргумон бўлган ҳодисалар юз берди. Минтақа давлатлари регионализм ҳақидаги романтик тасаввурлар ва ташқи шиорларнинг таъсири туфайли эмас, дунё ўта ноаниқлик даврига кирганини ва унда якка-якка омон қолиб бўлмаслигини яхши англаганлари туфайли сиёсий жиҳатдан яқинлаша бошлади.

Ҳа, минтақа мамлакатларининг иқтисодиёти бир-биридан анча фарқ қилади, лекин барча номувофиқликларга қарамай олға қараб умумий минтақавий ҳаракат юзага келаётганлиги тобора яққолроқ намоён бўлаяпти. Бу ҳаракат эҳтиёткорлик билан қилинаётган, прагматикроқ, гоҳо зиддиятли, аммо ортга қайтмас ҳаракатдир. Унда ҳам география мантиғи намоён бўлмоқдаки, унга кўра қўшнилар танланмайди, манглайга ёзилган бўлади, бироқ айнан улар билан бирга барқарорлик пойдевори қўйилади ёки, аксинча, заифлик манбаи яратилади.

Қўшнилар ва минтақавий боғлиқлик ҳақида гапирганда Афғонистонни четлаб ўтиб бўлмайди. Афғон масаласи ҳеч қаёққа ғойиб бўлгани йўқ, фақат шаклини ўзгартирган, холос. Қўштепа канали лойиҳаси сиртдан инфратузилмавий ташаббус сифатида кўринса-да, аслида мураккаб геосиёсий ўйиннинг янги бир қисмига айланган. Унинг ташқаридан молиялаштирилиши гап фақат сув ҳақида эмас, таъсир ҳақида ҳам кетаётганини яққол кўрсатмоқда. Марказий Осиё учун эса сув омон қолишнинг стратегик шартидир. Айнан шу боис вақти-вақти билан безовта қилиб турадиган сув муаммоси яқин йилларда янада кескинлашади.

Воқеликнинг яна бир томони ҳам борки, кўпинча у ҳақида секинроқ гапиришни афзал кўришади. Афғонистоннинг географик жиҳатдан яқинлиги Марказий Осиё мамлакатлари жамиятларига радикал-мафкуравий таъсир этиш хавфини муқаррар равишда кучайтиради. Бу жараёнлар ҳар доим ҳам кўзга яққол ташланмайди, лекин улар аста-секин ва чуқур кечади, жумладан, ижтимоий тармоқлар, миграция, диний нарративлар, умидсизлик ва умид орқали.

Бу ҳақида нимага гапираяпман? Минтақанинг баъзи давлатларида кўп жиҳатдан Украинадаги 2010-йиллардан кейинги либерал ислоҳотларни ёдга солувчи ўзгаришлар қилишга интилишни кузатаяпман. Шу ерда чуқур тин олишга тўғри келади...

Украина мисолида мамлакат оғир вазиятда Европага суяниши мумкин, деган аниқ тушунча бор эди. Фақат ҳарбий маънода эмас, озиқ-овқат хавфсизлиги, логистика, гуманитар ёрдам масаласида ҳам. Украина тизимли сув тақчиллигига дуч келмаган, географик жиҳатдан худо уни ёрлақаган.

Бироқ Марказий Осиё бутунлай бошқача шароитда яшайди. Давлатнинг биринчи ва асосий вазифаси ўз халқини боқишдир, янада очиқроқ айтсам ўз халқини очдан ўлишига йўл қўймасликдир, бу эса бевосита сувга, иқлимга ва қўшни давлатлардаги барқарорликка боғлиқ. Шунинг учун мен бир оддий ҳақиқатга борган сари қаттиқ ишониб бораяпман – ислоҳотларнинг барча моделларини, айниқса либераллаштириш ислоҳотларини турли географик шароитларда бир хил қўллаб бўлмайди. Тезлаштирилган шаклда улар баъзи самараларни бериши мумкин, аммо стратегик жиҳатдан заифлик яратади, у эса анча кеч, хатони тузатиш имкони қолмаган пайтда, ғишт қолипдан кўчганидан кейингина намоён бўлади. Бу худди «бир нечта жангда ютиб, умумий урушда мағлубиятга учраш» ҳолатига тушишдек гап.

Айнан шу боис Марказий Осиёнинг келажаги ҳақида ўйларканман, қачонлардир Наполеон Бонапарт айтган оддий ва қатъий фикрга келаман: «География пачакилашиб ўтирмайди – у мавжуд». Бу Марказий Осиёнинг барқарорлиги аввало географик қўшнилари билан, ундан кейингина бошқалар билан муносабатлари қандайлигига боғлиқ бўлади деган фикрнинг тасдиғидир.

 

Қандай қилиб давлатлар расман яхлитлигича қолса ҳам ютқазадилар?

Ўттиз йилча олдин тўқнашувлар танклар ва тўплардан эмас, юз бераётган воқеалар талқинидан бошланиши мумкин, деган фикрнинг ўзи бемаъниликдай туюлган бўларди. Уруш деганда кўз олдимизга қўшинлар ҳаракати, фронт чизиғи ва ҳарбий куч ишлатилиши келар эди. Бугунги кунда эса илк зарба ҳудудга эмас, идрокка берилади.

“Душманлар” ёки давлатни “содиқлик” ёхуд “стратегик шериклик”ка мажбурлашга интилувчи кучлар жамоатчилик онгига ташқаридан таъсир этиш воситаларидан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Уларнинг мақсади асло институтларни барбод қилиш эмас, балки ишончга путур етказиш орқали идрокни ўзгартириш, жамиятда юз бераётган воқеаларни мустақил англаб етиш имконияти пайдо бўлгунига қадар мўлжални ўзгартиш ва воқеликнинг ўзларига маъқул талқинини яратиш ҳисобланади.

Бу йўлда дунёнинг керакли манзарасини чизиб берадиган назоратдаги интернет-ресурслар, сохта “мустақил” нодавлат ташкилотлар, медиадаги машҳурлар ва лаббайчи экспертлар ишга солинади. Бу таъсир камдан кам ҳолларда тажовузкор кўринади, ҳатто, аксинча, ғамхўрлик, тараққиёт ва танлов эркинлиги ниқобида кўрсатилади.

Бироқ айнан шу ерда хатарли бир ҳодиса яширин, у реалликнинг иккиланиши деб аталади.

Бир тарафдан, иқтисодий чекловлар, демографик босим, минтақавий заифлик, давлат барқарорлиги учун манфаат ва масъулиятнинг мураккаб мувозанатини сақлаш зарурияти сингари объектив воқелик мавжуд. Иккинчи тарафдан, медиавоқелик бор, у ё чексиз қудрат иллюзиясини (биз ҳамма нарсага қодирмиз), ё аксинча, чорасизлик ҳиссини (бизгача ҳаммаси ҳал бўлган, биз ҳеч нима қилолмаймиз) сингдиради. Буларнинг иккаласи ҳам ҳалокатлидир, чунки иккови ҳам жамиятнинг ўз имконияти ва маҳрумиятини тўғри баҳолашига халақит қилади.

Ўзбекистон мисолида бу муаммо яққол кўзга ташланади.

Мамлакат қизғин ислоҳотлар, очиқлик ва тараққиётнинг янги моделини излаш босқичида турибди. Бу эса ҳар доим информацион-психологик таъсирларга ҳаддан зиёд берилувчанлик давридир. Ҳар қандай ўзгаришдан кўп нарса кутилади, умид эса ташқи кучлар хоҳлаганча талқин қилиши мумкин бўлган қулай нуқта ҳисобланади. Жамиятга бир вақтнинг ўзида ислоҳотлар жуда тез кечаяпти ёки имиллаяпти, давлат жуда эҳтиёткор ёки, аксинча, қаттиқ таваккал қилаяпти деган тасаввурни сингдириш мумкин.

Бундан мақсад ҳақиқатни кўрсатиш эмас - ички таянч ҳиссига путур етказишдир.

Стратегик фикрлашнинг ҳиссий реакция билан алмашиб қолиши катта хавф туғдиради. Медиавоқелик ягона ҳақиқат деб қабул қилина бошлаганда жамият холис таҳлил қаерда тугаб, сингдирилган талқин қаердан бошланишини ажрата олиш қобилиятини йўқота бошлайди.  Бундай шароитда давлат ўз суверенитетининг белгиларини номигагина сақлаб қолади, аммо ички дезориентация таъсирида ўз мустақиллигини, яъни мустақил субъект сифатидаги хусусиятини аста-секин йўқотиб боради.

Бу ўринда ХХ аср тарихи аниқ-равшан сабоқ бўлиши керак. Давлатлар кўпинча иқтисодий жиҳатдан заиф бўлгани учун эмас, ўзларини, ўз ресурсларини, заиф томонларини, тарихий тажриба ва географик ҳолатини адекват идрок эта олмай қолганликлари туфайли мустақиллигини йўқотган. Айнан ўзининг ҳақиқий аҳволини тўғри идрок этиш хусусияти йўқолганидан сўнг ҳар доим сиёсий ҳалокатлар юз берган.

Трансформация босқичидаги кўплаб мамлакатлар сингари Ўзбекистон учун ҳам энг муҳим синов у ёки бу ташқи ориентирлар ўртасидаги танлов эмас, ҳақиқий маънодаги ички мустақиллигини сақлай олабилишидир.

 

XXI асрнинг ҳарбий иқтисодиёти

ҳақиқий мустақилликнинг кафолати сифатида

Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти ташқи ўйинчиларга боғланиб қолган. Бу таъна эмас, воқеликни тан олишдир. Давлатнинг умумий қарзи ошиб бормоқда, бу ҳам факт. Бироқ айнан шу ерда қатъий чегара тортиш керак. Аслида қарзнинг ўзи ҳукм ҳам, фожиа ҳам саналмайди. Хатар бу рақамлар жамият онгига қандай талқинда ва қай мақсадда етказилишида яширин.

Минтақа медиамаконида ташқи қарз мавзуси кўпинча иқтисодий кўрсаткичдан кўра психологик босим қуролига айлантирилиб, атайин чалкаштирилади. Таҳлил ўрнига хавотирни кучайтиришга зўр берилади.

Бундай ресурсларнинг вазифаси одатда жамиятни хабардор қилиш ва хатардан огоҳлантириш бўлмайди. Уларнинг мақсади ягона чора сифатида кредитга қарамликни кучайтириш ҳамда чорасизлик ҳиссини пайдо қилишдан манфаатдор бўлган ташқи акторларнинг буюртмасини бажаришдир.

Аммо теранроқ қаралса ташқаридан таклиф қилинаётган инвестициялар кўпинча қарз сиртмоғи ва технологик қарамликни хаспўшлаши аён бўлади. Инвестициялар одатда технологияларни беришни назарда тутмайди, миллий илм-фанни ривожлантиришга қаратилмайди, мамлакатнинг ўз илмий-технологик ва ҳарбий-саноат тадқиқотлари учун асос яратмайди. Аксинча, улар мамлакатнинг истеъмолчи сифатидаги ролини мустаҳкамлайди.

Оқибатда «қарам иқтисодиётга эга мустақил давлат»нинг хавфли модели шаклланади. Расман суверен, лекин ўз тараққиёт йўлини мустақил белгилаш имкониятидан маҳрум давлат. Ҳақиқий суверенитет эса илм туғиладиган жойдан бошланади. Фақат илм-фан ва технологияларнинг ривожланиши, ўз интеллектига сармоя тикиш ва ўз ишлаб чиқариш занжирларигина барқарор, улкан ва ҳақиқий мустақил иқтисодий ўсишни таъминлай олади.

Шу билан бирга бугунги кунда иқтисодиёт масаласи фақат хўжаликка хос бўлиб қолмай, борган сари хавфсизлик масаласига ҳам айланиб бораяпти. Энг зарур нозик технологияларга эга бўлмаган иқтисодиёт мудофаа соҳасида қарамликни келтириб чиқариши муқаррар. Мана шу шароитда миллий ҳарбий саноатни ва ҳарбий иқтисодиётни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилиши шартлиги аён бўлади. Дунё можаролар ва таъсир доираларини бўлиб олиш ўртасида турган бугунги кунда ўз мудофаа саноатисиз хавфсизлик ҳақида гапириш ўзини ўзи алдаш демакдир.

Аммо шу ерда тушуниш учун яна бир муҳим қадамни қўйиш лозим. XXI асрда хавфсизлик учун зирҳ ва металлнинг ўзи камлик қилади. Аввало технологиялар керак. Бу ерда ҳам гарчи кўпинча етарлича баҳоланмаса ҳам Марказий Осиёнинг стратегик устунлиги бор. Рақамли муҳитга тез мослашаётган ёш авлод замонавий миллий хавфсизлик тизимининг ажралмас қисми сифатида мамлакатнинг ўз киберқўшинларини яратиш учун жуда зўр имкониятдир.

Киберқўшинлар аввало таҳлилчилар, муҳандислар, маълумотларни ҳимоя қилиш, сунъий интеллект ва ахборот тизимлари бўйича мутахассислардир. Улар давлатни энергетика инфратузилмасига, транспорт, молия тизимларига, сув хўжалигига ва давлат бошқарувидаги каналларга қилинадиган киберҳужумлардан ҳимоя қилишга қодир бўлади. Сув, логистика ва коммуникациялар Марказий Осиё учун ниҳоятда муҳим бўлган бир шароитда киберхавфсизлик географик хавфсизликнинг узвий давомига айланади.

Яна бошқа бир жиҳат ҳам бор. Киберқўшинларнинг яратилиши - нафақат мудофаа эҳтиёжи учун, балки стратегик тийиб туриш воситаси сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Рақамли қудратга эга давлатнинг осойишталигини ташқаридан бузиш жуда қийин. Биргина клавишни босиш билан ҳужум қилиниши мумкин бўлган дунёда ҳимоя чегарадан эмас, бошқа бир майдондан – кодлар, алгоритмлар ва керакли кадрларни тайёрлашдан бошланиши керак.

 

Нега келажакка ишонч бўлмаса, бизни биринчи бўлиб ютиб юборишади?

Дунё тартиби тубдан ўзгараётган шароитда давлатнинг барқарорлиги фақат иқтисодий ва ҳарбий қудрати билангина эмас, энг аввало кучли, жамият ҳамфикр бўлган умуммиллий мафкуранинг мавжудлиги билан ҳам белгиланади. Гап шундаки, ҳокимият кўпинча жамият унга ишониши учун мамлакатни иқтисодий ривожлантиришнинг ўзи етарли деган ўй билан ҳаракат қилади. Гўллик бу. Бу соддаларча болани моддий томондан таъминлаб қўйсам бўлди, тарбияси билан шуғулланмасам ҳам яхши одам бўлиб улғаяди деб ўйлаш билан тенг.

Иқтисодиёт қоринни тўйдириши мумкин, лекин у “нима учун яшаяпмиз?” ва “нега қийинчиликларга чидашимиз керак?” деган саволларга жавоб бермайди. Айнан қадриятларнинг бирлаштирувчи тизими (мафкура) ички тарқоқликнинг олдини олади ва ташқи инқирозларнинг таъсирига қарамай жамиятга субъектлик хусусиятини сақлаб қолиш имконини беради.

Нега бу айнан ҳозир жуда муҳим?

Гибрид урушлар даврида мафкуравий ўзакнинг йўқлиги давлат ва жамиятни ҳийлалар таъсирига берилувчан, заиф қилиб қўяди. Кучли мафкура миллий манфаатларни ташқаридан тиқиштирилган масалалардан фарқлашга ёрдам берувчи фильтр вазифасини бажаради. Қандай қадриятлар асосига қурилганини билмаган давлат ташқи найрангларга осон лаққа тушади. «Мафкуравий иммунитет»сиз сиёсий элита ва жамият «рангли инқилоб» технологияларига ва информацион уруш таъсирига берилувчан бўлади.

Эски халқаро алоқалар бузилган пайтда давлатга фуқароларнинг юксак даражадаги ишончи ва яратувчанлик ишига тайёрлиги керак бўлади. Мафкура аҳолини маҳкам жипслашган халққа айлантирар экан, «Нима учун?» деган саволга жавоб беради. Иқтисодий кўрсаткичлар ўзгарувчан бўлади, технологик занжирлар узилади, мафкура эса вақтинчалик қийинчиликларга қарамай жамиятнинг стратегик мақсадлар сари интилишига имкон бериб, танланган йўлнинг ворисийлигини таъминлайди.

Яна бир жиҳат борки, у ҳақида камдан-кам овоз чиқариб гапиришади, балки гапиришга қўрқишар. Ҳар қандай давлат тизими ўзининг бошқарув ҳуқуқини, легитимлигини асослашга эҳтиёж сезади. Мафкура фуқароларга нега амалдаги тартиб адолатли эканлигини, қабул қилинаётган қонунлар эса тўғрилигини тушунтиради. Шундай қилиб жамиятнинг мафкураси масаласи нафақат стратегик аҳамиятга эга масала, балки ҳокимиятнинг ўзи учун ҳам хавфсизлик кафолати, баъзан ҳатто унинг қонунийлигининг (легитимлигининг) ҳам кафолати ҳисобланади. Чунки жамият онги устидан назоратнинг йўқотилиши биринчи навбатда худди ўша жамият томонидан ҳокимиятнинг легитимлигига шубҳа туғдира бошлайди.

Мафкуранинг мавжудлиги жуда муҳим иқтисодий ўлчовга эга. Масалан, тўғри ташкиллаштирилган мафкуравий ишлар жамоат хавфсизлигини таъминлашга йўналтириладиган давлат харажатларини мақбуллаштиради. Ахир «давлат бугун мафкурага сарфлайдиган пулидан бир доллардан тежаб қолса ўн йилдан сўнг унинг ўрнига турмалар қуришга юз доллардан сарфлашга мажбур бўлади».

Давлат мафкурасининг йўқлиги жиддий хатарларни юзага келтиради. Табаррук жой ҳеч қачон бўш қолмайди. Тушунамизки, агар давлат ўзининг мафкуравий кун тартибини шакллантиришдан бош тортса жамиятнинг барча қатламлари онги ёт ғоялар билан тўла бошлайди. Натижада одамлар радикал диний оқимлар, бошқа давлатларнинг мафкураси, бузғунчи субмаданиятлар таъсирини осон қабул қила бошлайди. Интеллектуал элита ўзининг мамлакат тақдирига дахлдорлигини англамай қўяди, ватанпарварлик туйғусини йўқотади, бу эса суриш керак деган кайфиятдагилар кўпайишига (айниқса ёшлар орасида) олиб келади. Оқибатда каллали одамлар мамлакатдан чиқиб кетади.

Яна бир унчалик кўзга ташланмайдиган, аммо хавфи бундан қолишмайдиган хатар бор. Бирлаштирувчи ғоясиз жамият фақат ўз манфаатини кўзловчи майда гуруҳларга бўлиниб кетади. Бу коррупция ва ҳуқуқий нигилизмни келтириб чиқаради, чунки шахсий фойда жамият манфаатидан устун бўлиб қолади. Бунинг устига, аниқ мақсадсиз давлатнинг ишларни режалаштириши проактив эмас, реактив бўлади. Келажакни барпо этиш ўрнига давлат доим «ёнғинни ўчириб», йиртиқ-ёриқларни ямаб юради.

Шу ўринда мен жуда муҳим бир фикрни таъкидламоқчиман. Шарқ анъаналарида ҳокимият халққа ўз боласидай муносабатда бўлсагина давлат кучли бўлади. У уни тарбиялайди, ғамхўрлик қилади, тушунтиради. Танг вазиятларда жазолаш эмас, тарбиялаш устувор бўлиши керак. Ишонч айнан шундай шаклланиб, келажакка умид ҳиссини беради.

 

Геосиёсат дастурхони менюсида «гарнир» бўлмаслик учун нима қилиш керак?

Қанча чуқур ўйласам, шунча теран англаяпманки, янги дунёда тўғри йўлни, қулай ёки равон эмас, етти ўлчаб бир кесилган йўлни танлашга қодирларгина омон қолади. Бугунги кунда суверенитет -- ўз амбицияларини воқелик билан, истакларини географияси билан, ислоҳотларини бардоши билан таққослай олиш қобилиятидир.

Ўзбекистон ташқи сиёсатини мустақил юритаётганига анча бўлди, бунга шубҳам йўқ. Бироқ мени бошқа нарса ташвишлантиради, исталган давлат мавжуд кучи ва айни дамда мавжуд заифлигининг холис ҳамда аниқ сарҳисобига асосланганмаган “мустақил ташқи сиёсат” юритиши хатарлидир. Ўзининг иқтисодий, технологик, демографик ва мафкуравий жиҳатдан заиф, бировларга қарам томонларини чуқур англаб етмаган давлат ўз мустақиллигини импровизацияга айлантириб юбориш хавфига дучор бўлади. Дунё глобал миқёсда қайтадан бўлиб олинаётган даврда эса импровизация биринчи бўлиб бадалини тўлашга тўғри келадиган ҳашаматдир.

Мени кўп ўйлантирадиган яна бир жиҳат бор. Аҳолиси ёш, очиқ жамиятга эга, ислоҳотлари қизғин кечаётган, ўзгаришлар босқичидаги мамлакатлар жуда осонлик билан мафкуравий полигонга айланади. Заиф бўлгани учун эмас, кўпчиликни қизиқтиргани учун. Бу ерда нарративларни илгари суриш, тез муваффақиятга эришиш иллюзиясини яратишдан тортиб, атайин умидсизлик ҳиссини ёйишгача бўлган босим ўтказиш технологияларини синаб кўриш жуда осон. Агар давлат ўзининг маънавий архитектурасини ўзи барпо этмаса бу ишни унинг ўрнига бошқалар қилади. Тарихда ҳамиша шундай бўлган.

Шундан келиб чиқиб, эртан-индин деб ортга суриш хоҳиши қанчалик кучли бўлмасин, қуйидаги қадамларни қўйиш лозим ва лобуд:

Биринчидан, Ўзбекистонда мафкуравий барқарорликни шакллантириш керак. Шиор ва плакатлар шаклида эмас, жонли тизим сифатида, таълим, медиа, ёшлар билан, элита билан, вилоятлар билан ишлаш орқали. Мафкура бу ўринда биз киммиз, нима учун ўзгараяпмиз, имкониятимиз қандай деган саволлар атрофидаги рўйирост суҳбат сифатида намоён бўлади.

Иккинчидан, ташқи сиёсат мустақил бўлиб қолиши, аммо географияга ва реал салоҳиятга қатъий мос бўлиши керак.

Номигагина кўпвекторли эмас, минтақада чуқур томир отган ташқи сиёсат бўлиши лозим. Марказий Осиё ва яқин қўшнилар биз хоҳлайдиган йўналишлардан биригина эмас, мамлакат барқарорлигининг энг муҳим пойдеворидир.

Учинчидан, бугунги кунда хавфсизлик фақат армия ва чегараларгагина боғлиқ бўлмай қолди. Кибермакон, ахборот майдони, жамият психологияси янги фронт чизиғига айланди. Агар улар ҳимояланган бўлмаса, давлат расман яхлит, бироқ ичидан бутунлай мўрт, курашиш қобилияти суст бўлиб қолади.

Ўз-ўзини алдаш жуда хавфли бўлган соҳалардан яна бири иқтисодиётдир. Технологияларсиз инвестициялар, билим билан қўллаб-қувватланмаган кредитлар ва илм-фансиз ўсиш фақат тараққиёт иллюзиясини яратади. Чинакам мустақиллик ўз билимлари, ўз ишлаб чиқариш занжири пайдо бўлган жойдан бошланади. Қолган ҳаммаси, афсуски, бадал тўланадиган пайтни ортга суришдир.

Ва ниҳоят асосийси. Ўзбекистон жамиятнинг келажакка бўлган соф ишончини, мўъжиза ваъда қилувчи эмас, чекловларни тушунишга асосланган ишончни сақлаб қолиши зарур. Айнан шундай ишонч жамиятни мустаҳкамлайди, ташқи манипуляцияларга берилмайдиган қилади.

Шу ўринда хаёлдан кетказиш қийин бўлган қатъий хулосага келаман: тарих ўз йўлини танламаганларга нисбатан шафқатсиздир. Аммо у ўз йўлини юзаки, енгилтаклик билан танлаганларга нисбатан ҳам бешафқат. Генри Киссенжер «оқилона сиёсий танлов камдан-кам ҳолларда биргина ўзгарувчан интуицияга таянади; доно қарорлар тарихий интуицияга асосланиб, сиёсатни, иқтисодиётни, географияни, технологиялар ва психологияни ҳисобга олишни тақозо этади» деб бежиз ёзмаган.

Менга тобора аниқроқ туюлаяптики, бугунги кунда Ўзбекистон учун энг асосий ҳаётий масала – айнан мана шу. Гап шунчаки ташқи сиёсий йўналиш ёки тараққиёт моделини танлаш ҳақидагина кетмаяпти. Гап уни биз қайси жиҳатдан кучлимиз, қайси тарафларимиз заиф, нималарга таянишимиз мумкинлигини тушуниб, адашмасдан танлай олишга қодирмизми-йўқми, шу ҳақида кетаяпти.

Очиқ тан олиш керакки, кучлилар қоидаларни ўзига мослаб қайта ёзаётган дунёда одатдаги заифлик панд бермайди. Ким мўлжалини йўқотган бўлса, қаердалигини, қандай маконда ҳаракат қилаётганини ҳамда география, иқтисодиёт ва тарих уни қандай чекловларга дучор қилганини тушуниб етмаган бўлса, ана ўшаларни «ютиб юборишади». Заифликни ҳисоб-китоб, вақт ва иттифоқлар билан компенсациялаш мумкин, дезориентацияни эса ҳеч нима билан компенсациялаб бўлмайди.

Саййид Абдулазиз ЮСУФ
https://t.me/oqvaqora_uz


Report Page