«GENTRA» БОШҚАРУВИДАГИ «ШЕР»
Фуқаро Х.Х. Тупроққалъа тумани ҳудудида ўзига тегишли бўлган «Gentra» русумли автомашинасини маст ҳолда бошқариб бораётиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетади. Ўз ҳудудида хизмат олиб бораётган туман ИИБ ЖХХ ҲПБ ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспектори, катта лейтенант Баҳром Юсупов бу ҳолни кўриши биланоқ унга тўхташ ишорасини беради.
Қарангки, мастлик таъсиридан «шер» қиёфасига кирган ҳайдовчи машинасини йўл ҳаракати қоидаларига зид равишда тўхтатиб, профилактика инспекторини ҳақоратлай бошлайди. Йўл-транспорт ҳодисаси содир этилишининг олдини олишга ҳаракат қилган профилактика инспектори унга бу хатти-ҳаракати қонунга хилоф эканини тушунтирмоқчи бўлади. Аммо Х.Х. ходимнинг қонуний талабини бажармасдан, қўпол ҳаракатларини давом эттиради. Шундан сўнг катта лейтенант Б.Юсупов дарҳол туман ИИБга хабар беради. Ҳодиса жойига етиб келган тезкор гуруҳ ходимлари зўравон ҳайдовчини тиббий кўрикка таклиф этишади. Унинг спиртли ичимлик истеъмол қилгани аниқлангач, дарҳол тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади ва у вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилади.
Катта лейтенант Баҳром Юсупов ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишларини олиб боради. Вазиятнинг бу қадар жиддий тус олишини кутмаган ҳайдовчи жазодан қутулиб қолиш мақсадида
Б.Юсуповга 1000 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилади. Пора бериш жиноят экани ҳақидаги тушунтиришлар натижа бермайди. Ҳайдовчи осойишталик посбонини пора олишга ундашда давом этади...
Ўтказилган тезкор тадбир натижасига кўра, профилактика инспекторига «келишилган» пулдан ортиқча, яъни, 1500 АҚШ доллари миқдоридаги порани берган ҳайдовчи ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Шу тариқа, ички ишлар органи ходимининг хизмат бурчига садоқати туфайли яна бир жиноий қилмиш фош этилди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.