ГЕМОДИАЛИЗ МАРКАЗЛАРИ ИШ БОШЛАДИ

ГЕМОДИАЛИЗ МАРКАЗЛАРИ ИШ БОШЛАДИ

Муҳаббат Тўрабоева

Бугун вилоятимизда давлат-хусусий шерикчилиги асосида иккита гемодиализ маркази фаолият бошламоқда.

Урганч туманидаги гемодиализ маркази очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилла Иноятов, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Санъат Салаев ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда аҳолига кўрсаталиётган тиббий хизматлар сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг самаралари ҳақида тўхталдилар.


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрологик ва гемодиализ ёрдамини кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  асосида мамлакатимизда бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.


Хусусан, Жаҳон банки гуруҳи аъзоси - Халқаро молия корпорациясининг молиявий ва техник кўмагида 1 100 (бир минг бир юз) нафар бемор учун Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида гемодиализ хизматларини кўрсатиш лойиҳасини амалга оширишга киришилди. Лойиҳага кўра, Ҳиндистон давлатининг НЕФРОПЛЮС ҳорижий компанияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида гемодиализ хизматлари кўрсатувчи диализ марказларини ташкил этиш бўйича 2021йил 15 январь куни 10 йил муддатга битим имзоланди.

Бугунги кунда хусусий шерик томонидан 2 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиб, Урганч ва Боғот туман тиббиёт бирлашмалари ҳудудида халқаро стандартлар асосида сифатли гемодиализ хизматларини кўрсатиш имконига эга бўлган  58 та шифо ўрнига эга  2 та замонавий Гемодиализ марказлари қуриб битказилди ҳамда етакчи ҳорижий давлатларда ишлаб чиқарилган тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад гемодиализ муолажасига муҳтож беморларга халқаро стандартлар асосида сифатли гемодиализ хизматларини кўрсатиш ҳамда муолажаларини олувчи беморларнинг ҳаёт давомийлиги ўзайтириш. Шуни айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда гемодиализ муолажаларини олувчи беморларнинг ҳаёт давомийлиги бутун жаҳон миқиёсида 10 йилдан ортиқ бўлса-да, республикамизда ушбу кўрсаткич 5-6 йилни ташкил қилмоқда. Воҳадаги экологик муаммолар туфайли гемодиализ муолажаларга эҳтиёж ошмоқда.


Шу пайтга қадар бундай беморларга вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий-амалий маркази Хоразм филиали, Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Боғот туман тиббиёт бирлашмасида жами 25 ўринда  гемодиализ муолажалари амалга оширилиб келинаётган эди.


Янги марказларнинг фаолият бошлаши гемодиализ хизматига муҳтож инсонларни ортиқча овора бўлишдан, навбатда туришдан халос қилади. Муолажаларни ўз вақтида олишга муваффақ бўлишлари натижасида ҳаёт давомийлиги оширишига эришилади. Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон қадри учун амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.

 

Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

 


 

Report Page