Фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ ўртасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги танлов ғолиблари тақдирланди
@adliyangiliklariБугун, 26 сентябрь куни Адлия вазирлигида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва БМТ ТД томонидан фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ ўртасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида “Фуқаролик жамияти институтларини коррупцияга қарши курашиш ва олдини олишда инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш жараёнига жалб қилиш” қўшма танлови ғолибларининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Танлов “Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” ва “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш агентлиги ролини ошириш учун фуқаролик маконини, аёллар ва ёшлар овозини мустаҳкамлаш” лойиҳалари доирасида ташкил этилди.
Таъкидлангандек, 17 июндан 10 июлгача грант олиш учун 18 та ННТдан аризалар келиб тушди. Баҳолаш комиссияси қарорига кўра 9 та ННТ таклифлари юқори балл олди. Булар қаторида “Тараққиёт стратегияси” маркази ННТ (Тошкент ш.), “Чехра” аёллар ва болаларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази ННТ (Фарғона вилояти), “Мулоқот” жамоат бирлашмаси ННТ (Тошкент ш.), “Истиқболли авлод” Республика ижтимоий ахборот маркази Сирдарё вилояти филиали (Сирдарё вилояти), “Зиёнур” Фарғона вилояти аёллар ва ўсмирларни ижтимоий, ҳуқуқий ва экологик қўллаб-қувватлаш маркази, “Инсон ҳуқуқлари маданияти маркази” ННТ (Тошкент, Бухоро, Навоий вилоятлари), “Тошкент аёллар тадбиркорлик маркази” ННТ, Республика ёш олимлар кенгаши (Тошкент ш.) ва “Тараққиёт” ННТ (Бухоро).
Ғолиблар БМТТД билан ҳамкорликда амалга оширилган “Ўзбекистонда самарали, ҳисобдор ва ошкора бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” ва “Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ролини ошириш учун фуқаролик макони, хотин-қизлар ва ёшларнинг овозини мустаҳкамлаш” лойиҳалари доирасида молиялаштирилади.
Тадбир давомида ғолиб ННТларга махсус сертификатлар топширилди.