Фуқаролик паспортлари ва қимматбаҳо буюмлар ўз эгаларига қайтарилди

Фуқаролик паспортлари ва қимматбаҳо буюмлар ўз эгаларига қайтарилди

Ички ишлар вазирлиги

Тошкент вилояти ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан сайёҳларнинг хавфсизлигини самарали таъминлаш баробарида, юртдошларимизнинг вилоятнинг турли дам олиш зоналарида унутиб қолдирилган шахсий ҳужжатлари ва буюмларини ўз эгаларига қайтариш борасида бир қатор ишлар қилинмоқда.

Шу йилнинг 9 январь куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида яшовчи Дилмурод Аҳмедов оила аъзолари билан биргаликда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Амирсой» тоғ-чанғи курортига дам олиш учун келишади. Улар эҳтиётсизлик натижасида фарзанди, 2008 йилда туғилган Мадинабону Аҳмедовага тегишли хорижга чиқиш паспортини курорт ҳудудида тушириб қолдиришади. Сўнгра ўзлари бундан бехабар ҳолда Фарғона вилоятига қайтиб кетишади.

Мазкур фуқаролик паспорти шу куннинг ўзида вилоят ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан курорт ҳудудида топилади ва 11 январь куни Д.Аҳмедов билан телефон орқали боғланиб, унга бу ҳақда маълум қилинади.

12 январь куни Д.Аҳмедовнинг илтимосига кўра қизининг хорижга чиқиш паспорти Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртида таҳсил олаётган ўғли Р.Аҳмедовга топширилди.

ИИВ Ахборот хизмати

Худди шунга ўхшаш яна бир ҳолат 11 январь куни рўй берди. Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Зуҳра Маматова оила аъзолари билан бирга «Амирсой» тоғ-чанғи курортига дам олиш ниятида келиб, курорт ҳудудида ўзига тегишли, ичида ўзи ва яқин қариндошларининг фуқаролик паспортлари, пул ва бошқа қимматбаҳо буюмлари бўлган сумкасини унутиб қолдиради.

Аёлга тегишли сумка курорт ҳудудида хизмат олиб бораётган Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан топилгач, ичида бўлган фуқаролик паспорти эгасини аниқлаш мақсадида кўздан кечирилади ва З.Маматованинг Самарқанд шаҳрида доимий рўйхатда туриши маълум бўлади.

ИИВ Ахборот хизмати

Шундан сўнг тезкорлик билан Самарқанд вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси билан боғланиб, ушбу ҳолат ҳақида уларга хабар берилди.

Самарқанд вилояти ИИБ ХТТБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув тадбирлари натижасида З.Маматованинг телефон рақами аниқланиб, унга сумкаси «Амирсой» тоғ-чанғи курортида Тошкент вилояти ИИББ ХТТБ ходимлари томонидан топилганлиги маълум қилинади.

Фуқаро З.Маматова Тошкент вилояти ИИББ ХТТБ ходимлари билан телефон орқали суҳбат чоғида оила аъзолари билан Самарқанд вилоятига қайтиб кетаётганлигини маълум қилиб, сумкани Тошкент шаҳрининг Миробод туманида яшовчи синглисининг уйига олиб келиб беришларини сўрайди.

ИИВ Ахборот хизмати

Фуқаронинг илтимосига кўра, унинг буюмлари синглисига топширилди. З.Маматова беминнат ёрдамлари учун Тошкент вилояти ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларига ўз миннатдорлигини билдирди.

ИИВ Ахборот хизмати