Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари қай даражада таъминланган деб ўйлайсиз?!

Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари қай даражада таъминланган деб ўйлайсиз?!

Дилшод Шодиев, Адлия вазирлиги масъул ходими

Хабарингиз бўлса Адлия вазирлигининг жамоатчиликка берган ҳисоботида ҳудудлар учун миллий ҳуқуқ устуворлиги индекс жорий этилганлиги ҳамда 2020 йил учун индекс натижалар эълон қилинганлиги таъкидланди.

Индексда жуда кенг маълумотлар базаси билан ишланган (85 минг статистик маълумот, 23,5 минг респондент иштирокида аноним сўровлар), ундаги барча маълумот баён қилиш учун битта мақоланинг ўзи камлик қилади. Шунинг учун, Индексдаги 32 та индикаторнинг 1 таси, яъни асосий меҳнат ҳуқуқларининг таъминланганлигига тўхталсак.

Мазкур индикатор қуйидаги мезонлар асосида таҳлил қилинган:

– иш ҳақини ўз вақтида бериб бориш аҳволи;

– иш ҳақидан мажбурий ушлаб қолиш;

– мажбурий меҳнатга жалб этилганлик ҳолатлари;

– меҳнат қонунчилигида белгиланган иш вақтига риоя этилиши аҳволи.

Умуман олганда, барча ҳудудларнинг мазкур индикатор бўйича ўртача балли 71 балл бўлса, энг яхши балл Қорақалпоғистон Республикасида 88 балл қайд этилди.

Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши бўйича “энг фаол” вилоятлар эса, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятлари экан.

Умуман олганда, статистикага кўра ваколатли органларга меҳнат ҳуқуқларининг бузилганлиги тўғрисида фуқаролардан 31 мингдан зиёд шикоят келиб тушган. Яъни, ҳар 10 минг нафар расман ишлаётган фуқароларнинг 52 таси меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида шикоят қилган.

Шунингдек, 17,6 мингдан ортиқ аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилганда, респондентларнинг 11,7 минг нафари ёки 67 фоизи иш ҳақи кечиктириб берилиши ҳолатларига мунтазам дуч келиб туришини билдирган.

Фуқароларнинг иш ҳақидан мажбуран ушлаб қолиш ҳолатларига дуч келиш бўйича ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, жами 12,5 минг респондентнинг 43 фоизи маошидан мажбуран ушлаб қолиш ҳолатига дуч келмаганини маълум қилган бўлсада, 52 фоизи йил давомида камида бир маротаба иш ҳақидан мажбуран ушлаб қолинганини ва 5 фоизи бундай ҳолат ҳар ой рўй беришини билдиришган.

Эътиборли жиҳати шундаки, фуқароларнинг фикрига кўра уларнинг иш ҳақидан мажбурий ушлаб қолишнинг энг кўп тарқалган мақсадлари спорт клублари фаолиятини қўллаб-қувватлаш (20%) ва турли тадбирларга чипта харид қилиш (19%) экан.

 

Бундан ташқари, статистикага кўра 2020 йилда фуқаролардан иш вақтига риоя этилмаслиги ҳақида ваколатли органларга келиб тушган шикоятлар сони жами 4 940 тани ёки ҳар 10 минг нафар расман ишлаётган аҳолига нисбатан ўртача 8 тани ташкил этган.

Келиб тушган шикоятларнинг асосий қисми Хоразм (1,6 мингта), Тошкент (1,2 мингта) ва Жиззах вилоятларида (1,2 мингта) меҳнат қилаётган фуқаролардан келиб тушган.

Статистик маълумотнинг акси ўлароқ сўровда иштирок этган 17 минг нафар аҳолининг 42 фоизигина уларнинг корхоналарида иш вақтига қатъий риоя қилинишини таъкидлашган. Уларнинг фикрича, иш вақтига риоя қилмасликка асосий сабаблар сифатида респондентлар қуйидагиларни кўрсатганлар:

1) раҳбарларнинг меҳнат қонунчилигини билиб туриб очиқчасига менсимаслиги, риоя этмаслиги – 23 фоиз;

2) иш юкламаларининг ва меҳнат ресурсларининг нотўғри тақсимоти оқибати – 23 фоиз;

3) ходимнинг ўз иш ўрнини йўқотишдан хавотирланиши – 21 фоиз.

4) мажлислар ва уларга тайёргарлик кўришга вақт етмаслиги – 20 фоиз;

5) ходимларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишда журъатсизлиги – 13 фоиз.

Демакки, барча фуқаролар ҳар доим ҳам иш вақтига риоя этилишидан норози бўлиб мурожаат қилавермайди, меҳнат ҳуқуқларининг бузилишида латентлик юқори эканлигини кузатишимиз мумкин.

Хуллас, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда масъулият фақат иш берувчиларда эмас, балки ходимларнинг талабчанлигига ҳам боғлиқ.

Индекснинг кейинги йиллардаги натижаларини кузатайликчи, меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда қандай ижобий ўзгаришлар бўлар экан.

 Дилшод Шодиев

Адлия вазирлиги масъул ходими



Report Page