Фуқароларнинг бюджет жараёнидаги фаоллиги ошмоқда

Фуқароларнинг бюджет жараёнидаги фаоллиги ошмоқда

MoliyaPress

Бугунги кунда фуқаролар томонидан бюджет маблағларини шаклланиш жараёнидан бошлаб то уни сарфланишигача бўлган жараёнларни нафақат кузатиб бориши балки, унда иштирок этиши имконияти яратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Бирлашган миллатлар ташкилоти тараққиёт дастури (БМТТД), Россия Молия вазирлиги ҳузуридаги Илмий тадқиқотлар молия институти (НИФИ) ва бошқа ташкилотларнинг экспертлари кўмагида ишлаб чиқилди.

Тасдиқланган хужжатга кўра, фуқароларни бюджет жараёнига янада жалб қилиш мақсадида, жорий йилдан бошлаб ҳар бир ҳудудда биттадан туман ёки шаҳарда (туман ва шараҳарлар рўйхати қарор иловаси билан тасдиқланган) тегишли туман (шаҳар)лар бюджетлари тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартиб жорий этилмоқда. 2022 йилдан бошлаб эса ушбу тартиб барча туман ва шаҳарларга тадбиқ этилиши режалаштирилган.

Ушбу мақсадларда жорий йилда истисно тариқасида туман (шаҳар)лар бюджетларига республика бюджетидан қўшимча равишда 92,7 миллиард сўм маблағ (Мисол учун: Фарғона вилояти Фарғона шаҳри бюджетига 10,4 млрд.сўм, Бухоро вилояти Ғиждивун тумани бюджетига 9,7 млрд.сўм, Навоий вилояти Хатирчи тумани бюджетига 7,7 млрд.сўм) ажратилиши белгиланган бўлса, келгуси йилдан бошлаб эса мазкур маблағлар тегишли туман (шаҳар)лар бюджети параметрларида кўзда тутилиши белгиланмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, қарорга мувофиқ 2021 йил 1 июлдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағлари миқдорини 30 фоизга ошириш назарда тутилган (амалдаги тартиб бўйича қўшимча маблағларнинг камида 10 фоизни ташкил этади).

Бундан ташқари қарор билан:

жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиш жараёни ҳар йили 2 маротаба (1 февраль ва 15 июлга қадар) ўтказилиши;

жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари маблағлари тегишинча туман ва шаҳар ҳокимлиги қошида очиладиган “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” шахсий ғазна ҳисобварағида жамланиши;

“Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” шахсий ғазна ҳисобварағидаги маблағларни бошқа мақсадларга сарфланишига қатъиян йўл қўйилмаслиги;

туман (шаҳар) ҳокимликлари молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларни ҳар чорак якунидан кейинги ойнинг 25 санасига қадар ўзининг расмий веб-сайти ва “Очиқ бюджет” порталига жойлаштириб бориши;

маблағларни жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларга йўналтириш тартиби тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланиши ва тегишинча ҳар бир туман (шаҳар)нинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб танлаб олинган лойиҳаларни молиялаштириш учун маблағларни ажратиши ва улардан фойдаланиш тартибини назарда тутувчи қарор лойиҳасини тасдиқлаши белгиланмоқда.


Молия вазирлиги

Ахборот хизмати

Report Page