Фуқаро Ш. Раҳимовнинг YouTubeдаги видеомурожаати юзасидан

Фуқаро Ш. Раҳимовнинг YouTubeдаги видеомурожаати юзасидан

Олий суд

Аризачилар А. Исаков ва Т. Бабаяров судга ариза билан мурожаат қилиб, доимий фаолият кўрсатувчи Халқаро арбитраж судининг 2021 йил 25 майдаги ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраган.

 Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2021 йил 23 сентябрдаги ажрими билан аризани қаноатлантириш рад қилинган.

 Ушбу ажримдан норози бўлиб, аризачилар А. Исаков ва Т. Бабаяров томонидан хусусий шикоят келтирилган.

 Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 3 декабрдаги ажримига кўра мазкур фуқаролик иши юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2021 йил 23 сентябрдаги ажрими бекор қилиниб, аризачилар А. Исаков ва Т. Бабаяровнинг аризаси қаноатлантирилган.

 Доимий фаолият кўрсатувчи Халқаро арбитраж судининг 2021 йил 25 майдаги 01/20-01-0070-сонли даъвогар Ш. Раҳимовнинг жавобгарлар А. Исаков ва Т. Бабаяровга нисбатан пул маблағларини ундириш ҳақидаги иши юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилинган.

 Аниқланишича, Ш. Раҳимов ва Т. Бабаяров ўртасида 2020 йил 7 декабрда, Ш. Раҳимов ва А. Исаков ўртасида 2020 йил 7 декабрда низони Халқаро арбитраж судига топшириш юзасидан келишув битими тузилган.

 Даъвогар Ш. Раҳимов жавобгарлар А. Исаков ва Т. Бабаяровга нисбатан Халқаро арбитраж судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, ўзига тегишли қўлёзмани жавобгарларга ўқиш учун берганлигини, улар мазкур қўлёзма асосида сериал олишни таклиф қилганлигини, бунинг учун жами 650 000 000 сўм гонорар таклиф қилганлигини, бироқ ушбу пулларни тўламаганлигини кўрсатиб, тўланмаган гонорарни ундириб беришни сўраган.

 Доимий фаолият кўрсатувчи Халқаро арбитраж судининг 2021 йил 25 майдаги сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорига асосан даъво аризаси қаноатлантирилган.

 Унга кўра жавобгарлар А. Исаков ва Т. Бабаяровдан даъвогар Ш. Раҳимов фойдасига 52 983 8000 сўм муаллифлик ҳуқуқи бўйича, 40 000 000 сўм моддий ва маънавий зарар, сериал YouTube-каналида сотилганлиги ҳисобидан 31 790 280 сўм ҳамда 3 500 000 сўм суд йиғими ва почта харажати ундирилиши белгиланган.

 Фуқаролик процессуал кодексининг 352-моддасида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан бекор қилиш учун асослар аниқ белгилаб қўйилган. Агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо қонунга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори суд томонидан бекор қилиниши лозим.

 Тарафлар ўртасида 2020 йил 7 декабрда имзоланган низони ҳакамлик судига топшириш ҳақидаги битимнинг 2-бандида “2020 йил январь ойида тузилган келишув бўйича барча низо, Халқаро арбитраж суди томонидан кўриб чиқилиши лозимлиги кўрсатилган. Бироқ, иш ҳужжатларида 2020 йил январь ойидаги келишув битими мавжуд эмас, декабрь ойидаги битимда эса айнан қандай муносабатлар юзасидан келиб чиқадиган низолар Ҳакамлик муҳокамасига топширилганлиги аниқ кўрсатилмаган.

 Шунингдек, тарафлар ўртасида тузилган битимлардан кўринишича, юзага келган барча низоларнинг Доимий фаолият юритувчи Халқаро арбитраж судида ҳал қилиниши белгиланган бўлиб, бу ҳам битимнинг амалдаги қонунчиликка мувофиқ эмаслигидан далолат беради. Ушбу ҳолатда битим тарафлар ўртасида барча низолар бўйича эмас, балки аниқ бир ёки бир нечта низони қамраб олинган ҳолда (масалан қарз (пул) ундириш, шартнома шартларидан келиб чиқадиган низо ва ҳ. к.) тузилиши лозим.

 Бундай ҳолатда апелляция инстанцияси судлов ҳайъати, иш ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик муҳокамаси ваколат доирасидан четга чиққан ҳолда, ғайриқонуний равишда кўрилган деб ҳисоблаган.

 Бундан ташқари, Халқаро арбитраж суди ишни Фуқаролик процессуал кодексининг 220-моддасига эмас, балки 280-282-моддаларига асосланиб, сиртдан кўриб чиққан ва процессуал хатоликка йўл қўйган. Чунки, аризачилар Т. Бобоёров ва А. Исаков дастлабки хакамлик иши муҳокамасида иштирок этиб, даъво талабини тан олмасликларини билдириб, кейинги суд мажлисларига кела олмасликларини баён қилганлар.

 Фуқаролик процессуал кодексининг 402-моддаси 3-бандига кўра, апелляция инстанцияси суди хусусий шикоятни (протестни) кўриб чиқиб, ажримни бутунлай ёки қисман ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ва масалани мазмунан ҳал қилишга ҳақли.

 Юқоридаги қонун талаби ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, судлов ҳайъати хусусий шикоятни қаноатлантириб, биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилишни, аризани қаноатлантириб, доимий фаолият кўрсатувчи Халқаро арбитраж судининг 2021 йил 25 майдаги ҳал қилув қарорини бекор қилишни лозим топган.

 Суд қарорларидан норози бўлиб, Ш. Раҳимов томонидан келтирилган кассация шикояти Олий судда кўриб чиқилган ва фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 16 мартдаги ажримига мувофиқ мазкур иш юзасидан қабул қилинган Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 3 декабрдаги ажрими ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги маълум қилинади.

  

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан алоқалар бошқармаси

Report Page