Фуқаро Н.Докунинага маҳалла ходимлари томонидан ёрдам кўрсатилмаётганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқлар орқали берилган хабарларга муносабат

Фуқаро Н.Докунинага маҳалла ходимлари томонидан ёрдам кўрсатилмаётганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқлар орқали берилган хабарларга муносабат


mahallavaoilainfo

Каналга уланиш | Facebook | Instagram


Мазкур хабарда Тошкент шаҳар Сергели тумани Учувчилар шаҳарчаси, 29-уй, 16-хонадонда яшовчи, 1925 йилда туғилган, фуқаро Докунина Нина Степановнага маҳалла томонидан ҳеч қандай ёрдам берилмаётгани хусусида фикр юритилган.

Ушбу ҳолат бевосита Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири томонидан манзилли ўрганилди.

Аниқланишича, фуқаро Н.Докунина фарзандлари йўқлиги сабабли ўзига тегишли бўлган ва ҳозирда яшаб келаётган хонадонини узоқ қариндоши, фуқаро Калашникова Татьянага мерос сифатида нотариал расмийлаштириб берган. Нотариал келишув шартларига кўра, Т.Калашникова Н.Докунинани  умрининг охирига қадар моддий ёрдам ва озиқ овқат билан таъминлаб туриш ва вафот этгандан сўнг дафн маросимини ўтказиб бериш мажбуриятини олган.

Шу сабабли фуқаро Т.Калашникова ҳозирга қадар Н.Докунина билан унинг Сергели тумани Учувчилар шаҳарчаси, 29-уй, 16-хонадон манзилидаги уйида биргаликда яшаб келишмоқда. 


Суҳбат жараёнида Н.Докунина маҳалла томонидан унга доимий эътибор қаратиб келинаётганлиги, айниқса, карантин даврида бир неча бор озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами билан ёрдам берилганини эътироф этди. 

Шунингдек, қариндоши Т.Калашникова унинг номидан, уларга ҳам моддий ёрдам берилишини сўраб “Учувчилар” маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилганлигини билдириб ўтди.

Т.Калашникованинг мазкур мурожаати бўйича фуқаро Н.Докунинанинг оиласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 30 июлдаги ПФ-6038-сон  Фармонига биноан “темир дафтар”га киритилди, унга “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам пули берилиши белгилаб олинди. 


Фуқаро Н.Докунина вазир Р.Маматов билан бўлиб ўтган суҳбат давомида маҳалла вакилларига ҳеч қандай эътирози йўқлиги, аксинча, уларнинг кўмагидан доимий баҳраманд бўлиб келаётганини бир неча бор таъкидлади.

Мамлакатимизда карантин эълон қилинган дастлабки кунларданоқ эҳтиёжманд оилаларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш, улар ҳолидан мунтазам хабар олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, кекса ва ёлғиз яшовчи фуқаролар маҳалланинг доимий эътибори ва ғамхўрлиги остидадир.

Шу сабабли ҳурматли юртдошларимиздан ижтимоий тармоқларда маҳалла ходимларининг фаолиятига қаратилган хабарларни тарқатишда уларнинг текширилган ва холислигига жиддий эътибор қаратишларини сўраб қоламиз.


Зеро, шу юртда яшовчи ҳамда ўзини шу Ватаннинг фарзанди деб билган инсон борки, ўз юртининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини, нуфузини сақлашга чин дилдан ҳаракат қилади.

Ўзбекистон - барчамизнинг она Ватанимиз, маҳалла биз яшаётган энг қутлуғ маскан. Келинг, мана шу азиз гўшанинг ривожи йўлида учраётган муаммоларни биргаликда ҳал этайлик. Бунинг учун ҳамжиҳатликда, ҳамфикрликда ҳаракат қилайлик.  

Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш

вазирлиги Матбуот хизмати



Report Page