Фойдали яҳудийлар

Фойдали яҳудийлар

Асанов формати

 Маданиятимизда мавжуд бутун бошли бир принципга мувофиқ, қандайдир шахс ёки шахслар гуруҳи муҳокамасида унга салбий муносабатингга урғу бериш ноқулай ҳисобланади. Қадимги Юнонистонда, хусусан, Афинада тескари принцип ҳукмрон эди. Судда кимгадир қарши чиқяпсанми, у сенга ёқмаслигини исботлашинг ва негалигини тушунтиришинг керак эди. Йўқса нега унга ҳужум қиляпсан? Балки сикофантдирсан? Менга бу ёндашув яқинроқ.

Москва давлат университети

СССРни ёқтирмаслик учун шахсий сабабларинг борми деб сўрашганида, ҳеч иккиланмай ижобий жавоб берардим. Тахминан 12 ёшимда яҳудий тилларини, яҳудий маданияти ва динини ўрганиш хоҳиши туғилди менда. Лекин икки миллионлик халқнинг битта ҳам мактаби бўлмаган мамлакатда бу нарсаларни қандай ўрганиш мумкин? Хорал синагогада расмий бир нарса бор эди шекилли, лекин қабул ёпиқ эди. Шунга қарамай, 12 ёшимда ўзим синагога яқинида тил (иврит эди, лекин у пайти унча фарқига бормасдим) ўргатадиган ёш ҳасидларни топдим. Аммо улар хавотирда эди. Улар ота-онамдан тилхат олиб келишимни, акс ҳолда давлат таҳдиди туфайли бундай иш билан шуғуллана олмасликларини айтди. 

Албатта, қариндошларим даҳшатга тушди. Ошхонада улар СССР ҳақида хоҳлаган гапини айтиши мумкин эди, лекин расмий идеологиядан четга чиқувчи ҳар қандай ҳаракат уларни даҳшатга соларди. “Синагогага боришга, бундай нарсаларни ўйлашга қандай журъат этдинг, ахир биз ишлаймиз, ишхонамизда билиб қолишса...”

У пайти мен яҳудийларни баъзи университетларга олмасликларини, шу боис бошқа университетларга ҳужжат топшириш кераклигини билардим.

 Вазиятни тушуна бошладим. Икки миллионлик катта халқ, бошқа халқлардан, дейлик, қирғизлар ёки арманилардан фарқли равишда (СССРда расман тенглик эълон қилинганди), нафақат ўз тилидаги мактаблардан, балки тилини ўрганиш ҳуқуқидан маҳрум этилганди. Бу халқ вакиллари Москва давлат университетига (хусусан мехматга) ва баъзи ишларга кириш ҳуқуқи олиб қўйилганди. Бу ҳуқуқсизлик ирқий-биологик характерга эга эди, у инонч ёки дин билан эмас, келиб чиқиш билан боғлиқ эди.

 Яҳудийлар СССР ҳақида нима ёзаётганига қизиқа бошладим, ва шунда Вергелислар ва Цезарь Солодарларнинг аблаҳлигидан ҳайратда қолдим. Улар яҳудийлар СССР соясида гуллаб-яшнаётгани, СССРда ҳеч қандай аксилсемитчилик йўқлиги ҳақида ишонч билан ёзарди.

Шунча йиллардан сўнг бу нарсалар ортиқ мен учун муҳим эмас. Яҳудийлар билан алоқам кам, мени бошқа нарсалар қизиқтиради. СССРда ва бошқа жойларда бундан ҳам даҳшатлироқ ишлар рўй берган. Холокост, Дрезден, Хиросима, Колима, Нақба олдида бу нима бўпти? 500 минг чечен ва ингуш депортацияси ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. 80-йиллар охирида РСФСРда оиласини боқувчи яҳудийларнинг учдан икки қисми, Москвада – тахминан 75 фоиз яҳудий (725 минг) ўқиган эди. Ўша даврда ишлаётган яҳудийлар орасида олий маълумотлилар шаҳар аҳолисидагига нисбатан тўрт баробар кўп эди. СССР ёмон ер эди, лекин у ҳеч бўлмаса таълим ва саноатни ривожлантирарди, у ерда кўп яҳудийлар яхши иш ўринларига эга бўлди. Жаҳон фожиаларга тўлалигида омадим келган десам бўлаверади. Ҳатто 70-йилларда уруш гирдобида қолган оч-яланғоч Африкада, қўрқинчли маочи Хитойда, ҳинд ёввойи капитализми кулбаларида ёки Ливандаги фаластинлик қочқинлар лагерида, масалан, XX аср фожиалари тарихининг бир бўлагига айланган Сабра ва Шатилада туғилишим мумкин эди.

Лекин бунинг бари СССРнинг, пул ва имтиёз учун режимга хизмат қилган “фойдали яҳудийлар”нинг айбини ювмайди. Бу “фойдали яҳудийлар”, Вергелислар, Цезарь Солодарлар ва бошқалар жиноятчи эди. Улар КПСС режимининг эгнида доғ бўлиб қолган бу ишлар борасида СССР халқини ва инсониятни алдаганликда айбдор. Бу доғ бир қанча таркибий қисмлардан иборат – икки миллионлик халқнинг она тилини ўрганиш борасидаги ҳуқуқлари бузилиши, мажбурий ассимиляция ва университетга қабул қилишдаги ирқчилик. Буни Туркияда курдлар ҳуқуқларини поймол қилиш билан қиёслаш мумкин – у ерда ҳам курд тилида давлат мактаблари йўқ, хусусий мактаблар очишда муаммолар бор.

Бу “фойдали яҳудийлар” сионизмни танқид қилиш билан чекланса, муаммо йўқ эди. Лекин улар СССРнинг энг уятли сирларидан бири бўлган нарса ҳақида онгли равишда ёлғон гапирарди.

*Фойдали яҳудий – яҳудийларга қарши қаратилган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган яҳудийларни билдирувчи атама.

P.S.: СССРда бандлик ва таълимдаги ирқчилик фақат яҳудийларга тааллуқли деб ўйлардим. Лекин бошқа гувоҳликлар ҳам бор. Москва давлат университетига яҳудийлар қабул қилинмагани ҳақида Сендоров ва ҳамкасбларининг тадқиқоти бор. Ингерманландиялик финлар, немислар ва татарлар борасида бундай тадқиқотлар кўрмаганман. Шу боис бирор аниқ гап айтолмайман, лекин бу масала тадқиқ этилиши лозим деб ўйлайман.

 

👉 @AsanovEldar

Report Page