Фотиҳа сураси бизга улкан сабоқ беради

Фотиҳа сураси бизга улкан сабоқ беради

@quranuz_kanali

Фотиҳаи Шариф ҳеч бир китобда мавжуд бўлмаган, Ҳақ таоло томонидан мусулмонларга лутф қилинган буюк сирлар жамланган дуодир. Суранинг етти оятни ташкил этиши ҳам теран маънога эга. Етти қават ер, етти қават осмон, еттита сажда аъзоси мана шу мукаммаллик узра қурилган.

Ушбу сура яна бир қанча номлар билан аталади. Улардан бири "Уммул Қуръон", яъни "Қуръоннинг онаси"дир. Яна бир номи эса "Аддуо", яъни "Дуо"дир. Орифлар Фотиҳаи Шарифни 28 ном билан атаганлар. Инсон илмий жиҳатдан уни тадқиқ этар экан ундаги ниҳоятсиз сир-асрорга воқиф бўлиб, ҳайратга тушади. Дуо сифатида унга назар ташлар экансиз бошқа динларда бундай мукаммаллика эга бўлган дуони топа олмайсиз.

 Инсон фотиҳани ўқиб унинг сирлар уммонига шўнгигани сари ундаги буюкликни тиниқ ҳис этади. Фотиҳаи Шариф неъматларни ато қилгувчи Аллоҳнинг Қуръони Шарифга қилган улкан эҳсонидир. "Алҳамдулиллаҳи Роббил Аламийн" деб бутун оламларни яратган, уларни озиқлантириб улғайтирувчи, тарбияловчи Аллоҳ таолога ҳамд айтилади. Ҳамд барча шукроналарни ўз ичига олган муқаддас туйғудир. "Арроҳманир роҳийм" деб барча яратилган нарсаларга нисбатан раҳм-шафқатли ва марҳаматли бўлган Аллоҳ экани айтилади. "Малики Иавмиддийн", яъни ҳисоб кунининг эгаси ёлғиз Аллоҳдир.

Маълумки, исломгача Аллоҳ хусусидаги фикрлар мудҳиш тус олгаи эди. Юнонистон, Рим, Ҳиндистон ва бошка ерларда Аллоҳни ғазаблантирадиган ҳар нарса инсон ва ҳайвон қонини тўкиш билан ювиларди. Исроил ўғилларининг "илоҳ"ларини ғазаблантирганлар гуноҳларини ювиш учун инсонларни ўлдирганлар, қишлоқларни вайрон қилганлар.

Христианлар ўз гуноҳларини ювиш учун Ҳазрати Исони чормихга тортдилар. Уларнинг фикрича, Ҳазрати Исонинг қони тўкилиши гуноҳларининг авф этилишига каффорат бўлади.

Қуръони карим Аллоҳ яратган нарсаларга нисбатан шафқатли ва марҳаматли бўлишга чақиради. Мана шу жиҳатдан Фотиҳа марҳаматли зот бўлган Аллоҳга инсонларни йўналтирувчи буюк дуодир.

Раҳмон ва Раҳийм сўзлари Аллоҳ Таолонинг ўз шафқати билан гуноҳларни кечирувчи, унга тавба-тазарру билан мурожаат қилган бандасини бағрикенглик билан авф этувчи улуғ зот эканини билдиради. Аллоҳ ҳар бир гўзал амали учун бандасини мукофотлайди. Қилган гуноҳи учун жазо беради. Бироқ истаса тавба қилган бандасининг гуноҳидан ўтади.

Анбиё сурасининг 23-оятида:

"У ўзи қиладиган бирор нарса ҳақида жавобгар эмас, балки улар (Аллоҳнинг олдида бандалар) жавобгардирлар" деб марҳамат қилинади.

Аллоҳ Фотиҳа сураси орқали ўтмишдаги инсонларнинг Аллоҳ ва илоҳ ҳақидаги нотўғри тасаввурларига жавоб қайтаради. "Иййака наъбуду ва иййака настаъийн" дуоси билан Аллоҳга ишонган кишининг фақатгина Унга итоат этишини, нимаики керак бўлса, Ундан исташи билдирилади. Яъни бут-санамлар олдида тиз чўктириб, инсонга бош эгдирмайди, ёлғиз Аллоҳ олдидагина тиз чўкиб Ундан сўрайди. Ягона бўлган Аллоҳга дуо қилади. "Иҳдинас сиротал мустакийм" дуоси эса Аллоҳ Талолодан бизни тўғри йўлга бошла деб дуо қилишдир. Бу дуодаги тўғри йўл инсонларнинг эътиқод ва ибодат билан яшашларидир. "Сироталлазийна ан амта алайҳим ғойрил мағдуби алайҳим валаддолийн" дуоси билан эса "Ғазабингга учраган, йўлидан адашган кишиларнинг эмас, сенинг неъматингга эришган кимсаларнинг йўлини бизга кўрсат" дейилади. Дуо ўқилгандан сўнг унинг қабул бўлиши учун "Омийн" деб айтилади. Омийн дуонинг муҳри саналади. Ушбу дуо "Омийн" билан муҳрлаган ҳолда Аллоҳ Таолонинг ҳузурига кўтарилади.

Ушбу сура Раббул Оламинга, Шафқатли ва Марҳа-матли, Қиёмат кунининг Соҳиби бўлган Зотга муножотдир. Исломнинг асоси эканига ишора килганидан суранинг яна бир номи Ал-асос деб аталган. Фотиҳаи шариф билан инсон Аллоҳнинг раҳмат эшигини очиши мумкин. Инсон исломнинг юксак асосини мана шу сура воситасида англаб етади.

Анвар Аҳмад


Quran.uz канали


Report Page