«Фонограмма керак» – Анвар Тожибоев

«Фонограмма керак» – Анвар Тожибоев


«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори Анвар Тожибоев санъаткорларнинг турли байрам ва концерт дастурларида фонограммада куйлаши ва фонограммадан воз кечиш борасида ўз фикрларини билдирди.

«Фонограммадан воз кечиш деган иборанинг ўзи нотўғри. Фонограмма ўз-ўзидан керак. Бизда ижрочини доим ҳам жонли эшитиш имконияти йўқ. Радио бўлсин, телевидение бўлсин хонандани эшитиш – бу фонограмма. Фонограмма эса бу биринчи навбатда тингловчига сифатни таъминловчи восита. 

Концерт дастурлари, байрам тадбирларида фонограммадан воз кечишга келсак, бу борадаги қарашлар ҳам ҳар хил. Масалан, ривожланган давлатларда ҳам айрим давлат тадбирларида фонограммадан фойдаланилади. Бунинг сабаби ўша дастур ва композициянинг тузилишида. Яъни, тадбир режиссёри ўзи ўйлаган сценарийни томошабинга етказиб бериш учун фонограммани қолдиради. Бу телевидение учун олинадиган лойиҳаларда ҳам кетма-кетликни таъминлаш учун қилинади. 

Биз эндиликда жонли ижрода куйловчи санъаткорларни қўллаб-қувватлаш учун президент фармони билан жонли ижрода концерт бераётган ижрочиларга концерт саройининг ижара ҳақидан 50 фоизли имтиёз бериш тартибини йўлга қўймоқдамиз», – деган у 15 декабр куни ўтказилган матбуот анжуманида. 

Анвар Тожибоевнинг қўшимча қилишича, «Ўзбекконцерт» бу борада президент администрациясига жонли ижродаги концерт дастурларини ташкил қилувчи ташкилотчиларга фаолияти давомида турли солиқ имтиёзларини бериш ёки маълум субсидиялар ажратишни кўзда тутувчи таклиф билан чиққан.

«Ўйлашимча, бу таклифлар маъқуллангудек бўлса, ижодкорларнинг ўзи жонли ижрода концерт беришни хоҳлаб қолишади», – деди Тожибоев. 



Report Page