Физика фани йўналишида стажёр-тадқиқотчи ва докторантура учун мақсадли квоталар ажратиш

Физика фани йўналишида стажёр-тадқиқотчи ва докторантура учун мақсадли квоталар ажратиш

http://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Физика-техника фанлари йўналишидаги илмий ташкилотлар ходимлари учун инновацион фаолият, илмий-техник ишланмаларни юқори илмий ҳажмдор маҳсулотлар бозорида тарғиб қилиш ва тижоратлаштириш масалалари бўйича махсус online ўқув дастури Фанлар академиясининг Физика-техника институти томонидан ишлаб чикилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида 2021 йилнинг май ойи ҳолатига фаолият кўрсатаётган жами ходимлар 4966, илмий ходимлар - 2247, академиклар 74, фан докторлари 428 ҳамда фан номзоди ва фалсафа докторлари 797 нафарни ташкил қилади.

Бугунги кунда тизимда мавжуд 35 та илмий муассасалардан 10 таси физика йўналиши бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга оширмоқда. Булар, Ядро физикаси, Физика-техника, Материалшунослик, Ион-плазма ва лазер технологиялари, Астрономия, Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги, Сейсмология, Энергетика муаммолари институтлари ҳамда Конструкторлик бюроси ва тажрибавий ишлаб-чиқариш илмий-техник маркази ва РТ-70 расадхонасидир. 

Фанлар академияси тасарруфидаги илмий ташкилотларда илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш ишлари босқичма босқич амалга оширилмоқда.  

Ҳозирги кунда тизимдаги илмий ташкилотларда олий таълимдан кейинги таълим бўйича 383 нафар таянч докторант, 55 нафар докторант, 100 нафар стажер-тадқиқотчи ҳамда 125 нафар мустақил-изланувчи таҳсил олмоқда. Жумладан, таҳсил олаётган докторантларнинг 14%, стажер-тадқиқотчиларнинг 25% ўз илмий-тадқиқотларини физика йўналиши бўйича олиб бормоқдалар.

2021 йилда Фанлар академияси илмий ташкилотларига 136 та таянч докторант, 20 та докторант ва 100 нафар стажер-тадқиқотчи танлов асосида ўқишга қабул қилинган бўлса, докторантурага қабул қилинганларнинг 20% ҳамда стажер-тадқиқотчиларнинг 29%ни физика йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинганлар ташкил этади.

2020 йил якунлари бўйича таянч докторантурани 111 нафар таянч докторант битирган, улардан муддатида ҳимоя қилганлар 53 та, докторантурани 13 та докторант битирган бўлиб, 6 нафари ўз докторлик диссертациясини муддатида ҳимоя қилган. Битирувчиларга нисбатан самарадорлик таянч докторантлар учун 48%, докторантлар учун эса 46% ташкил қилади.

2020 йил якуни бўйича Фанлар академияси тизимидаги ташкилотларда жами 127 та докторлик диссертациялари, улардан 99 та PhD ва 28 та DSc илмий даражалари ҳимоя қилинган бўлса, айнан физика йўналиши бўйича 23 та илмий иш ҳимоя қилинган бўлиб, умумий ҳисобдан 18% ни ташкил этади. 

Илмий кадрлар тайёрлаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Фанлар академияси тизимидаги докторантлар ва мустақил изланувчиларнинг фаолияти ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълимдан кейинги таълим тўғрисида Низом”га мувофиқ мониторингдан ўтказилади.

 “Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил учун физика йўналишидаги таянч докторантура, докторантура ва мақсадли докторантура квоталари сони қарийб 1,5 бараварга оширилмоқда. Мақсадли докторантурага квота ажратиш орқали вилоятлардаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига илмий даражали кадрлар етказиб бериш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасалари томонидан Андижон, Самарқанд, Фарғона ва Қорақалпоқ давлат университетлари билан мақсадли докторантларни қабул қилиш бўйича шартномалар қабул қилинган.   

Физика фанини илм-фан соҳасининг устувор йўналиши сифатида ривожлантириш бўйича илмий изланишлар кўламини ошириш ва жаҳоннинг етакчи илмий ташкилотларига ёш олимларни қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш мақсадида 30га илмий ходимларнинг ҳужжатлари Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилди. Ёш олимларнинг физика йўналишидаги стажировкалари асосан Россия Фанлар академиясининг Микроэлектроника технологиялари муаммолари ва махсус тоза материаллар институти, Белоруссия Фанлар академиясининг Материалшунослик институти, Япониянинг Рицумейкан университети, Италиянинг Салерно Университети, Чехиянинг Силесиан университети, Хитойнинг Зежианг университети ҳамда Ҳиндистоннинг университетлараро Астрономия ва астрофизика марказига режалаштирилган.

Хорижий давлатлардаги стажировкалар жараёнида юпқа қатламли қуёш элементлари устида тадқиқотлар ўтказиш, замонавий қурилмаларда мустақил ишлаш кўникмасига эга бўлиш, иккилик материя-тўлқин солитонининг гравитацион майдон таъсири остида қайтарувчи тўсиқдаги сакраш динамикасини аналитик ва сонли усуллар ёрдамида ўрганиш, нейтрон-активацион таҳлил ва масс-спектрометрия усулларини уйғунлаштирган ҳолда ўта тоза моддалардаги микроаралашмалар миқдорини аниқлаш услубларини ишлаб чиқиш каби вазифалар ёш олимлар томонидан амалга оширилиши кутилмоқда.   


Report Page