Фитрат (соф табиат) суннатлари
fitrat.uz
Биз «соф табиат» дея таржима қилган маъно араб тилида «фитрат» дейилади. «Фитрат» сўзи эса Аллох таоло одамларни яратгандаги соф табиат, Аллох таолонинг соф дини маъноларини билдиради. «Фитрат суннатлари» деганда эса, табиати бузилмаган инсон зоти шахсий озодалик доирасида килиш лозим деб биладиган ва Аллох таоло юборган хакикий, соф динларда барча расулларга, набийларга ва уларнинг умматларига амр килинган ишлар англанади.
Соф табиат суннатлари қуйидагилардан иборат:
Мўйлабнинг лаб устига ўсиб тушган қисми қирқилиб, лабнинг қизғиш қисми яхшилаб очилиши, унга мўйлабнинг туклари тушмаслиги.
Шунингдек, бошқа тарафларга қараб ўсган, тартибсиз бўлиб кетадиган туклар ҳам киркиб турилади.
• Тиш ва оғизни тозалаб юриш.
• Бурунга сув олиб тозалаш.
• Тирноқларни қисқартириш.
Бу ҳам инсоннинг соф табиати талаб қиладиган нарса. Тирноқлар вақти-вақти билан қисқартириб турилмаса бўлмайди. Тирноқ ўсганда, тагига кир тўпланади. Бу нарса турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, тирнокни ўстириб юришнинг бошка зарарлари ҳам бор. Олинган тирнок ва сочларни кўмиб ташлаш тавсия қилинади. Бирор овлокрок жойга ташланса ҳам бўлади. Лекин таҳоратхона ёки ғусл қилинадиган жойга ташлаб бўлмайди.
• Баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш.
Бундан инсон баданининг кир тўпланиб коладиган бўғимлар, киндик, қўлтик каби жойлари кўзда тутилган. Албатта, бундай жойлар яхшилаб ювилмаса, кир тўпланиб, одамдан нохуш хид чиқиши, тўпланган ифлосликлар касаллик келиб чикишига сабаб бўлиши мумкин.
• Қўлтиқдаги юнгларни юлиш.
Ҳар бир инсон боласининг кўлтиғи остида юнг ўсиши бор нарса. Шу билан бирга, қўлтиқ энг кўп терлайдиган ва энг кўп кирланадиган жой ҳам саналади. Шунинг учун шахсий озодалик масаласида бу жойга алоҳида эътибор берилади. Мусулмон одам кўлтиғи остидаги юнгни тез-тез тозалаб туриши лозим. Бу шариатнинг амридир. Биргина Пайғамбаримизнинг эмас, барча анбиё ва расулларнинг суннатларидир. Бу нарса Аллоҳ таоло яратган асл хилқатнинг суннати, Аллоҳ таоло юборган самовий динларнинг суннатидир. Қўлтиқ юнгини фақат юлиш билан эмас, балки кириш ёки бирор юнг туширадиган модда билан тозаласа ҳам бўлади. Яқинда матбуотда Чехия олимларининг бу борадаги тадқиқотлари натижаси эълон қилинди. Олимларнинг хулосасига кўра, юнги тозаланмайдиган қўлтиқдан чиққан тернинг ҳиди тозаланганидагига қараганда бадбўйроқ бўлар экан.
• Қовуқдаги юнгни қириш.
Бунда инсоннинг жинсий аъзоси атрофидаги юнгларни кетказиш кўзда тутилган. Бунда ҳам ўша ҳаром юнгларни фақат қириш шарт эмас, балки ҳар қандай кулай услуб билан кетказилса бўлаверади. Мазкур жойларни озода тутиш ҳар бир эркагу аёнинг соғлиги, ҳаëти учун накадар муҳим эканидан динимизда бу масалага алоҳида эътибор берилган.
• Сув ила истинжо қилиш.
• Уғил болаларни хатна қилдириш.
Хатна Исломнинг шиорларидан, хусусиятларидан бири саналган суннатдир. Ўғил болаларни кичиклик чоғида хатна қилдириш мусулмон халкларнинг тарк қилмайдиган одатига айлангани яхши маълум. Хатнада закарнинг уч қисмини коплаб турган юмшоқ тери кесилади. Бу тери араб тилида «қалафа» дейилади.
Ҳанафий мазҳаби бўйича боланинг ҳолига қараб хатнани кўтарадиган бўлганда қилинади. Етти кунлик болани хатна қилдириш шарт эмас.