“Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги баҳосини ВВ- (барқарор) даражада тасдиқлади

“Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги баҳосини ВВ- (барқарор) даражада тасдиқлади

MoliyaPress

2022 йилнинг 1 апрель куни “Fitch Rating” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини чоп этди. Ҳисоботга кўра, мамлакатимиз суверен кредит рейтингининг баҳоси ВВ- (барқарор кутилма) даражада тасдиқланди.

2022 йилнинг 14-25 март кунлари “Fitch” халқаро рейтинг агентлигининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мутасадди раҳбарлари ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар билан конференц-қўнғироқлари бўлиб ўтди.

Агентлик Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини йилда икки марта қайта баҳолайди ва баҳолаш жараёнида республикадаги сўнгги иқтисодий янгиликлар билан танишади.

Ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатимизнинг мустаҳкам ташқи ва фискал захиралари, мўътадил давлат қарзи даражаси ва “BB” рейтингига эга мамлакатларга нисбатан юқори ўсиш суръатлари республика суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллардан ҳисобланади.

Шу ўринда, мамлакатнинг хом-ашё товарларига боғлиқлиги, институционал ва бошқарув сифати даражаларининг сустлиги, юқори инфляция даражаси, ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) пастлиги республика кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирилган.

Қайд этилишича, жаҳонда юзага келган вазият Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг пасайишига, 2022-2023 йилларда жорий операциялар ҳисоби дефицити ва инфляция даражасининг ортишига олиб келади.

Агентликнинг янгиланган прогнозига кўра жорий йилда Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръати 3,1 фоизни ташкил қилади.

Мазкур прогноз пул ўтказмалари камайиши туфайли уй хўжаликлари истеъмолининг камайиши, инвестиция лойиҳаларининг кечикиши, ташқи қарз жалб қилиш шартларининг қатъийлашиши, валютанинг кўпроқ қадрсизланиши ва юқорироқ инфляция кутилмалари билан изоҳланган.

Ҳисоботга кўра, мамлакатдаги мавжуд захиралар, амалга оширилаётган сиёсатнинг такомиллашганлиги, хом-ашё (олтин ва бошқалар) экспорти диверсификациялангани ҳамда халқаро молия ташкилотларидан молиявий ва техник кўмак олиш имконияти республикада макроиқтисодий барқарорликни, ташқи ва фискал захираларни ва иқтисодий ислоҳотлар натижаларини сақлаб қолиш имкониятини яратади.

“Fitch”нинг кутилмаларига кўра, фискал сиёсат ва хом-ашё (олтин, мис ва газ) экспорти  учун қулай нархлар шокнинг таъсирини юмшатишга хизмат қилади.

Агентликка мувофиқ, миллий валюта курсининг пасайиши, юқорироқ инфляция кутилмалари ва озиқ-овқат нархлари сабабли 2022 йилда инфляция даражаси ўртача 12,7 фоизни ташкил қилади.

2023 йилда инфляция ўртача 11,6 фоиз даражасида прогноз қилинган бўлсада, инфляция динамикасига валюта курсининг тебраниши, газ ва электр-энергия тарифларининг эркинлаштирилиши, ноозиқ-овқат ва хизматлар нархининг барқарорлиги таъсир қилади.

Агентлик 2021 йилда юқори иқтисодий ўсиш, барқарор валюта курси ва қарз жалб қилиш суръатининг пасайгани сабабли давлат қарзининг ЯИМга нисбати камайганини эътироф этган. 2021 йил якунида Ҳукуматнинг ликвид активлари юқори даражада (ЯИМга нисбатан 23.5 фоиз) сақлаб қолинган.

Шунингдек, “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳасида давлат қарзининг ЯИМга нисбатан 60 фоизлик юқори чегараси, янги жалб қилинадиган давлат қарзига йиллик лимитлар белгиланиши ва давлат қарзи ЯИМга нисбатан 50 фоиздан ошган ҳолатларда қарз ҳажмини камайтириш чоралари кўрилиши назарда тутилганлиги алоҳида эътироф этилган.

Мазкур қонун самарадорлиги амалда қарз ўсиш суръатларини секинлаштириш, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари каби шартли мажбуриятлар хатарини бошқариш ва давлат фискал буферларини сақлаб қолиш салоҳиятига боғлиқлиги, ҳамда мазкур чоралар республика кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи асосий омил сифатида қайд этилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти тузилмавий ислоҳотларни давом эттириш режаси билан 2021 йил октябрда президентликка қайта сайланди.

Жаҳондаги жорий ҳолатнинг глобал ва минтақавий таъсирига қарамасдан, Ҳукумат давлат банклари ва корхоналарини ислоҳ қилиш суръатларини тезлаштириш ва иқтисодиётдаги давлат улушини камайтириш, 2022-2023 йилларда бир нечта “IPO” ва хусусийлаштиришни эълон қилиш ниятидалиги қайд этилган.

Иқтисодий ислоҳотлар билан бирга Ҳукумат мамлакатда камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг ижтимоий ҳолатини яхшилашни давом эттириши билдирилган.

“Fitch”нинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги ва кутилмаси қуйидаги ҳолларда оширилиши мумкин:

·   макроиқтисодий барқарорликни таъминлаган ҳолда юқори иқтисодий ўсишга эришилганда ва аҳоли жон бошига ЯИМ миқдорининг “BB” рейтингига эга давлатлар билан фарқи камайганда;

·   “қонун устуворлиги”, “аҳоли фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик”, “тартибга солиш сифати” ва “коррупцияни назорат қилиш” каби бошқарув стандартлари сезиларли яхшиланганда;

·   фискал ва ташқи захиралар сезиларли ошганда.

Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги қуйидаги ҳолларда пасайтирилиши мумкин:

·   ташқи молиявий кўрсаткичлар ёмонлашганда, пул ўтказмаларининг доимий камайиши, ташқи савдо дефицитининг ошиши ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар соф ҳажмининг камайиши сабабли жорий операциялар ҳисоби манфий сальдосининг ортиши, халқаро захираларнинг сезиларли даражада камайиши ёки ташқи мажбуриятларнинг тез ошиши;

·   иқтисодий ўсиш суръатининг давомий секинлашиши, давлат шартли мажбуриятларининг давлат томонидан қопланиши туфайли давлат қарзининг ЯИМга нисбати кескин ошиши ёки суверен фискал буферларнинг камайиши.

 

Молия вазирлиги

Ахборот хизмати


Report Page