“Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги баҳосини ВВ- (барқарор) даражада сақлаб қолди

“Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги баҳосини ВВ- (барқарор) даражада сақлаб қолди

MoliyaPress

2020 йилнинг 9 октябрь куни “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини чоп этди.

Ҳисоботга кўра, мамлакатимизнинг суверен кредит рейтинги баҳоси ўзгаришсиз ВВ- (барқарор) даражада сақлаб қолинди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, агентлик, жорий йилнинг март ойидан бошлаб 65 фоиздан ортиқ қайта кўриб чиқилган ҳисоботларида рейтинг кўрсаткич баҳоларини пасайтирган.

Мустаҳкам Ҳукумат баланси, мўтадил давлат қарзи даражаси ва ўсиш суръатлари мамлакатимиз суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллар сифатида санаб ўтилган. Шу ўринда, институционал ва бошқарув даражаларининг сустлиги, юқори инфляция даражаси ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) пастлиги республика кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирилган.

COVID-19 глобал пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси рейтингининг барқарорлиги давлатнинг мустаҳкам ташқи ва фискал захираларнинг мавжудлигида, диверсификацияланган товарлар экспорти базасида ҳамда ташқи молиявий манбалардан фойдаланиш имкониятларида акс этади. Олтиннинг юқори нархи экспорт, давлат молияси ва халқаро захиралар ҳажмига ижобий таъсир этди. Агентликнинг фикрича, мустаҳкам ташқи ва фискал буферлар жорий операциялар ҳисоби дефицити ва ўсиб бораётган давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни камайтиради.

Агентлик кутилмаларига кўра, Ўзбекистон бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, 2020 йилдаги иқтисодий таназзуллардан ҳоли бўлади. Ўсиш суръатларининг 2020 йил 1-чорак якунлари бўйича 0,2 фоизга пасайишидан сўнг, ўсиш суръатларнинг 0,5 фоизга етиши кутилмоқда. Шунингдек, фискал чоралар орқали иқтисодиётда истеъмол ва инвестицияларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш ва асосий савдо шерикларимиз иқтисодиётининг тикланиши эвазига 2021-2022 йилларда республикада иқтисоди ўсиш

5-5,5 фоизни ташкил этади.  

Мамлакатимизнинг ёш аҳолиси, инвестицияларнинг юқори даражаси ҳамда назорат остида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар дастури инқироздан кейинги ижобий ўсишга олиб келиши ҳисоботда алоҳида таъкидланган.

Агентлик экспертларининг фикрича, 2017 йилдан бери амалга оширилиб  келинаётган ислоҳотларга Ҳукумат томонидан эътибор катта бўлиб, улар макроиқтисодий барқарорликни яхшилаш, ўсиш истиқболларига эришиш, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтириш,  институционал ва бошқарув соҳасидаги камчиликларни бартараф этишни таъминлайди. Агентлик Ҳукуматнинг 2025 йилгача мўлжалланган банк секторини ислоҳ қилиш стратегияси ва 2020-2021 йилларда давлат корхоналарини хусусийлаштириш режалари ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, агентлик Жаҳон банки бошқарув индикаторларининг улуши суверен кредит рейтинг баҳосида юқорилигини айтиб ўтиб, Ўзбекистоннинг мазкур индикаторлардаги ўрни пастлиги ва бу институционал салоҳиятнинг етарли эмаслиги, қонун усутворлигининг нотекис қўлланилиши ва коррупция даражасининг юқорилигидан далолат беришига урғу берди.

Агентликнинг таъкидлашича, Ўзбекистон суверен кредит рейтинги

(шу жумладан рейтинг прогнози) қуйидаги ҳолларда оширилиши мумкин:

-    макроиқтисодий барқарорликни таъминлаган ҳолда юқори иқтисодий ўсишга эришилганда;

-    “қонун устуворлиги”, “аҳоли фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик”, “тартибга солиш сифати” ва “коррупцияни назорат қилиш” каби бошқарув стандартлари сезиларли яхшиланганда;

-    давлат молиясининг фискал ва ташқи заҳиралари сезиларли ошганда.




Молия вазирлиги

Ахборот хизмати