Фирибгар аёл бешинчи маротаба қонуний жазога тортилди
Ҳуқуқ олами канали @huquq_olamiПойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида яшаган Назира Толипова (исм-шарифлар ўзгартирилган) университетда хорижий тиллардан сабоқ бериш баробарида туризм соҳасида таржимон-экскурсовод вазифасида ишлаб, яхшигина обрў-эътибор қозонганди.
Топиш-тутиши ҳам ёмон эмасди, аммо топганига қаноат қилмаслик уни жиноят кўчасига етаклади.
Пировардида жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судининг 2014 йил 11 августдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 1-қисми (пора беришга далолат қилиш), жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг 2015 йил 12 ноябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "а"-банди (кўп миқдорда фирибгарлик) билан айбдор деб топилиб, қонуний жазога тортилди.
Лекин орадан бир йил ўтиб, у яна аввалгидек кўп миқдорда фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жиноятларини содир этди.
Оқибатда жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг 2017 йил 15 январдаги ҳукмига биноан қонуний жазо тайинланиб, Н. Толипова амнистия актига асосан жазодан озод қилинади. Бироқ Назира яна ўша жиноятини такрорлайди.
Шунга кўра, жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг 2017 йил 12 декабрдаги ҳукми билан бу гал аёл 3 йил муддатга таълим тизимида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Буни қарангки, озодликдан маҳрум этилишидан олдин Назира Толипованинг 2015 йилда содир этган худди шундай жинояти учун ҳам жиноят иши қўзғатилган экан. Тергов ва суд жараёнида маълум бўлишича, Н. Толипова 2015 йил октябрь ойида таниши Манзура Миралиева билан учрашиб қолади. Ҳол-аҳвол сўрашгач, у Манзурани ўзининг фириб тўрига илинтиришга уринади.
— Ўғлимнинг рўзғори тинчмас. Шунинг учун келиним мерос талаб қилмасидан олдин уйларимни сотиб юбормоқчиман, — дейди у. — Ҳар ҳолда бегонага кетмасин, квартираларимни бир кўрсангиз-чи?!
Дарҳақиқат, Назиранинг Шайхонтоҳур туманидаги маҳаллалардан бирида жойлашган 16-уйдаги 44 ва 45-хонадони яшаш учун жуда қулай эди. Шу боис М. Миралиева кўп ўйланиб ўтирмасдан хонадонларга харидор бўлади. Яъни иккала хонадон учун Н. Толиповага аввал 300 миллион сўм, кейинчалик яна 100 миллион сўм беради. Аммо Назира хонадонларни Манзуранинг номига расмийлаштириб беришни пайсалга солиб юраверади. Қолаверса, у М. Миралиевага турли важ-карсонларни айтишдан чарчамайди.
Шу тариқа орадан икки ярим йилча вақт ўтади. Манзура Назиранинг олдидан ўтиш учун юқорида тилга олинган 15-хонадонга боради. Лекин эшикни бутунлай бегона киши очади.
— Назирахон бормилар?, — деб сўрайди М. Миралиева.
— Мен у аёлни танимайман. Бу уйни яқинда Зилола исмли аёлдан сотиб олдик, — дея жавоб беради хонадоннинг янги соҳиби.
Бу гапни эшитиб, Манзуранинг ҳуши бошидан учади. У Назира ўзини лақиллатиб келганини англаб етади ва ўша куниёқ уни қидириб топади.
— Уйдаги одам ижарачи. Пулингизни бир ой ичида қайтараман, — дейди Н. Толипова ва ҳақиқатан ҳам, Манзурадан 400 миллион сўм пул олгани ва пулни бир ой муддатда қайтариб бериши ҳақида тилхат ёзиб беради.
Бироқ Назира шундан сўнг ҳам алдаб юраверади. Бинобарин, тоқати-тоқ бўлган Манзура унга қонуний чора кўриш ва пулини ундириб беришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Оқибатда Н. Толиповага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "а"-банди билан жиноят иши қўзғатилади.
Муғомбирликни қарангки, фирибгар тергов жараёнида ҳам, суд мажлисида ҳам айбига иқрор бўлмади.
— Тўрт юз миллион сўм ўша пайтда ўттиз беш минг долларга тенг эди. Мен бу пулни қарзга олганман. Албатта, қайтараман, — дея у ўғли ва таниши Дурдона Зоҳидованинг гувоҳлигида ўзини оқлашга уринди.
Аммо бошқа гувоҳларнинг кўрсатмалари ва тергов жараёнида йиғилган далиллар унинг важларини инкор қилди.
Жиноят кодексининг 59-моддасига биноан, агар иш бўйича ҳукм чиқарилганидан сўнг маҳкумнинг ана шу иш бўйича чиқарилган ҳукмга қадар содир этилган яна бошқа жиноятда айбли эканлиги аниқланса ҳам, жазо ўша тартибда тайинланади. Бундай ҳолда жиноятлар мажмуи бўйича суд томонидан тайинланган жазо муддатига биринчи ҳукм юзасидан жазонинг ўталган қисми қўшиб ҳисобланади. Шу боис суд жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2017 йил 12 декабрдаги ҳукми билан тайинланган жазони ҳам қўшиб, Назира Толиповага 3 йил муддатга олий, ўрта-махсус ва халқ таълими муассасаларида ишлаш ҳамда 5 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Санжар МАХАМЕТОВ,
жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг судьяси.
Манба: Кун.уз
"Ҳуқуқ олами" каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g