Фидойи ўрта тиббиёт ходимлари рағбатлантирилди

Фидойи ўрта тиббиёт ходимлари рағбатлантирилди

Бухоро вилоят ССБ Ахборот хизмати
* Муносиб эътироф

Замонавий тиббиётни ҳамшираларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Рамзий маънода фаришталар деб аталадиган мазкур касб эгалари медицинанинг барча йўналишларида шифокорларга қўл ва қонотдирлар. Улар борки, тиббиёт бир қадам олдинда, улар туфайли беморлар ҳаётга қайтади. Бугунги кунда вилоят соғлиқни сақлаш тизимида 25 мингга яқин ҳамширалар (шундан 3500 нафардан ортиғи бирламчи бўғинда) меҳнат қилмоқда.

Вилоятдаги 544 та маҳаллада тиббий бригадаларга бириктирилган патронаж ҳамширалар ҳамда патронаж доялар касалликларнинг олдини олиш, профилактик кўрувларни амалга ошириш, соғлом турмуш тарзини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, касалликларни барвақт аниқлаш, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ва скрининг кўрувларига жалб этиш, уларда соғлом овқатланиш кўникмаларини қарор топтириш, зарарли одатларнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли ишларда тиббиёт маликаларининг ҳиссаси бўлакча бўлаётир.

Куни кеча “Энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танловининг республика босқичи якунланди. Унда вилоятимиз вакиллари ҳам муваффақиятли иштирок этиб, совриндор бўлишгани қувонарли ҳолдир.

Бугун вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармасида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари бош мутахассислари, вилоят даволаш профилактика муассасалари бош ҳамширалари ҳамда ихтисослаштирилган Республика илмий-амалий тиббиёт марказларининг вилоят филиаллари масъуллари иштирок этишди. Тантанали йиғилишда танловнинг вилоят босқичида 15 та йўналиш бўйича фаол иштирок этиб ғолиб бўлган ва республика босқичида ҳам совриндор бўлган бир гуруҳ фидойи ҳамширалар тақдирланди.

Тақдирлаш маросимини вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Асқар Баҳронов очди. У ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда тиббиётни ривожлантириш йўлида амалга оширилган ишлар, хусусан, ўрта тиббиёт ходимларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида амалиётга тадбиқ этилган ислоҳотлар тўғрисида гапирди. Соҳада узоқ йиллик ҳалол меҳнати, фидокорлиги билан обрў қозонган соҳа ходимларини касб байрами ҳамда муваффақиятлари билан табриклар экан, уларга ўзининг илиқ ва самимий тилакларини билдирди.

Шунингдек, бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ихтиёр Абдулхаков, Ўзбекистон Ҳамширалар ассоциацияси вилоят бўлинмаси раиси Анвар Боймуродов, вилоят тиббиёт ходимлари касаба уюшмаси раиси Иброҳим Ходиев ҳам тадбирда қатнашиб, улар медицинанинг том маънодаги қон томирлари бўлган ҳамширалар шаънига ҳароратли дил сўзларини баён этдилар.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, “Энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика  ходимлари” кўрик-танловининг республика босқичида “Йилнинг энг яхши фельдшери” номинацияси бўйича Қоракўл туман тиббиёт бирлашмасининг қон банки фельдшери Муҳаммаджон Жўрақулов фахрли 1-ўринни эгаллади. “Йилнинг энг яхши катта ҳамшираси” номинациясида Вобкент туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси Умида Зуҳурова 2-ўрин соҳибаси бўлди.

Мазкур танловнинг вилоят босқичида бир қатор номинацияларда ғолиб бўлган Зарина Умарова (Қоракўл туман  тиббиёт бирлашмаси терапия бўлими навбатчи ҳамшираси), Мафтуна Боймуродова (Олот туман тиббиёт бирлашмаси 28-сон оилавий поликлиника тиббий бригада ҳамшираси), Гулчеҳра Ходжамқулиева (Қоровулбозор туман “Жарқоқ” ОПда муолажа ҳамшираси), Замира Норова (РИО ва РИАТМ Бухоро филиали Операцион блок ҳамшираси), Муҳаббат Эгамова (Республика тез тиббий ёрдам маркази Бухоро филиали, Қоровулбозор туман тез тиббий ёрдам станцияси фельдшери), Дилрабохон Мамадалиева (Ғиждувон туман тиббиёт бирлашмаси “Қабул Энержи департаменти” бўлими ҳамшираси), Олима Жумаева (Когон туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими катта дояси), Венера Саидова (Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси таҳлилчиси), Мамлакат Ражабова (Ромитан туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси), Азамат Нуриллаев (РИД ва КИАТМ Бухоро вилоят ҳудудий филиали фармацевти), Кунсулу Артикова (Қоровулбозор туман санитария эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бўлимида паразитолог врач ёрдамчиси), Зевар Рабиева (Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази жарроҳлик бўлими ҳамшираси), Нигина Зикриева (Бухоро шаҳар туғруқ комплекси реанимация бўлими ҳамшираси)лар тадбир ташкилотчилари томонидан муносиб тақдирландилар. Уларга қимматбаҳо совғалар, ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлар тақдим этилди.

Бундан ташқари, кўп йиллик фидокорона меҳнат қилиб эътибор қозонган касб эгаларининг бир гуруҳи ҳам рағбатга муносиб кўрилди. Хусусан, Нигора Очилова (вилоят юқумли касалликлар касалхонаси), Гулбаҳор Қудратова (РИДваКИАТМ Бухоро филиали), Хадича Чориева (РИКИАТМ Бухоро филиали), Ориф Азимов (РИНИАТМ Бухоро филиали), Амина Муротова (вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази), Дилафрўз Юлдашева (вилоят фтизиатрия ва пульмолнология маркази), Сайёра Исматова (вилоят руҳий-асаб касалликлари  диспансери), Гулжон Абдуллаева (РИО ва РИАТМ Бухоро филиали), Сабоҳат Якубова (вилоят эндокринология диспансери), Нилуфар Раҳмонова (Ромитан ТТБ, КТМП) ҳамда Шалола Мирзаева (Бухоро ТТБ, 3-оилавий поликлиника) сингари бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган ўрта тиббиёт ходимларига совғалар топширилди.

-Ҳар бир натижа ортида катта заҳмат ётади. Биз жараёнларда энг олис ҳудудларимизда меҳнат қилаётган ўрта тиббиёт ходимларимизнинг меҳнатини, шижоатини кўриб, ҳис қилиб турдик. Танловнинг қуйи босқичида, яъни туманларда 247 нафар иштирокчидан аризалар келиб тушгани бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг аҳамиятини кўрсатиб турибди. Вилоят босқичида ғолиб бўлиб, республика баҳсларида муносиб иштирок этган ҳамшираларимиз билан бугун ҳақли равишда фахрланамиз. Албатта, келгусида бундан-да юксакроқ натижаларни қўлга киритиш учун ҳозирдан ҳаракатлар бошланган ва умид қиламанки, кўзлаган мақсадимизга албатта эришамиз, - дейди вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг Жамоатчилик билан ишлаш бўйича шўъба раҳбари Маъмурахон Сафоева.

Тадбир сўнгида ўрта тиббиёт ходимлари вакиллари сўз олиб, рағбат ва эътироф учун миннатдорчилик билдирар эканлар, бундан кейинги фаолиятда ҳам фаол бўлишга ваъда бердилар.

 

Бухоро вилоят ССБ Ахборот хизмати

Report Page