Икки томонлама ҳамкорлик муҳокама қилинди

Икки томонлама ҳамкорлик муҳокама қилинди

Muslim.uz

Бугун, 4 март куни Бирлашган Араб Амирлигининг Мусулмон жамиятлари халқаро кенгаши Бош директори Холид Халифа ал-Каъбий бошчилигидаги делегацияни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев қабул қилди.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирлиги ўртасидаги ҳамкорлик ривож топаётгани, айниқса, икки давлат раҳбарларининг дўстона алоқалари турли йўналишлардаги муносабатларга катта замин бўлаётгани ҳақида сўз юритдилар. Жумладан, диний-маърифий соҳада ҳам бир қатор делегациялар алмашинуви ва келишувларга эришилгани, хусусан, шу йил февраль ойида Абу Даби шаҳрида бир қатор мутасадди идоралар билан Ўзбекистон делегация самарали мулоқот ўтказганини алоҳида қайд этдилар.

Содиқжон Тошбоев давлатимиз Раҳбари томонидан юртимизда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш йўлида қилинаётган ўзгаришлар ҳамда динлараро мулоқот ва миллатлараро тотувлик борасидаги янгиликларга алоҳида тўхталди. Шунингдек, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, экстремизмга қарши кураш ва диний ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш йўналишидаги ишлар тўғрисида сўз юритди.

Холид Халифа ал-Каъбий самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, кенгаш тўғрисида ва унинг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. Мартабали меҳмон ушбу Кенгаш 140 дан зиёд давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатганини маълум қилиб, унинг асосий мақсадлари маҳаллий фатволарни ишлаб чиқаришга кўмаклашиш, жамиятда диний-миллий қадриятларни қарор топтириш, бағрикенглик тамойилларини кенг ёйиш, азалий урф-одатлар ва анъаналарини ҳурмат қилиш, халқлар фаровонлиги йўлида ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳамда ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантириш эканини баён қилди.

Учрашувда томонлар келгусида илмий-тадқиқот, диний-маърифий ва ижтимоий-маънавий соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. 

Ташриф давомида меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази фаолияти билан яқиндан таништирилди.

Учрашув якунида делегация кўрсатилган илтифот ва юқори даражадаги меҳмондўстлик учун миннатдорлик изҳор қилди.

Report Page