“Фермерга мадад” акциясига старт берилди

“Фермерга мадад” акциясига старт берилди

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Адлия вазирлиги томонидан яна бир янги акцияга старт берилди. Жорий йилнинг 31 майида “Фермерга мадад” акциясининг амалга оширилиши юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Фермер хўжаликлари фаолиятида маъмурий буйруқбозликнинг ҳамон сақлаб қолинганлиги, айрим мансабдор шахсларнинг фермерлар ишига аралашуви оқибатида уларнинг чинакам қишлоқ хўжалиги ривожининг “драйвер”ларига айланишига тўсқинлик қилмоқда.

Хусусан, шартномалар тузишда, ҳомийлик ишларига мажбурлаш, пул маблағларини ўзбошимчалик билан олиб қўйиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Фермерларни қийнаётган муаммоларни таҳлил қилиш, уларга тегишли қонунчиликни қўллаш амалиётини ўрганиш орқали соҳани тубдан ислоҳ қилиш акциянинг асосий мақсадларидан ҳисобланади.

Акция жорий йилнинг июнь-декабрь ойларида соҳа мутахассислари иштирокида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан республиканинг барча ҳудудларида ўтказилади.

Акция доирасида фермерлар мурожаатлари ўрганилади, муаммоларни аниқлаш бўйича сўров ўтказилади, манзилли ва сайёр тадбирлар, интерактив усуллар, онлайн ва офлайн мулоқот платформалари орқали амалга оширилади.

Фермерлар мурожаатларини анъанавий шаклда қабул қилиш билан бирга 1008 – ишонч телефони, @fermermadadbot махсус телеграм-боти орқали ҳамда сайёр ва уйма-уй қабул қилинади.

Шунингдек, фермер хўжаликлари ташкилий-ҳуқуқий, ишлаб чиқариш ва хўжалик, шартномавий-ҳуқуқий ва меҳнат муносабатлар, ер соҳаси, маъмурий-бошқарув, банк, молия ва солиқ йўналишларида қонунчилик хатловдан ўтказилади, хорижий тажриба ва миллий амалиёт ўрганилиб, соҳани ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тайёрланади.

Акция жараёни ва якуни бўйича ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда доимий равишда ахборот бериб борилади.                                                            

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Report Page