Фарҳод Умаров Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди
Buxoro.uzБугун, 28 август куни Бухоро вилояти ҳокимлиги мажлислар залида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Низомиддинов, вилоят ҳокими ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, вилоят корхона ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда сўз олган Президент Администрацияси раҳбари Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, камтарин инсон, давлат ва жамоат арбоби Карим Камоловнинг вафоти нафақат бухороликлар, балки бутун мамалатимиз учун жуда катта йўқотиш бўлганини таъкидлади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Карим Камоловнинг соғлигини муҳофаза қилиш учун қанчалик жон куйдирганликлари, вафоти муносабати билан таъзия маросимларида иштирок этиш учун Бухорога келиб, ҳамдардлик билдирганликлари Карим Жамаловичнинг халқ ва давлат олдидаги хизматларига берилган муносиб баҳо эканлиги эътироф этилди. Шу билан бирга Бухорода бошланган кенг миқёсли ислоҳотларни жадал давом эттириш зарурлиги айтиб ўтилди. Бунда асосий эътибор бугунги мураккаб шароитда аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, пандемия сабабли зарар кўрган иқтисодиёт тармоқларини тиклаш, “темир дафтар”, “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” тизимларида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларга қаратилишига урғу берилди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди.
Айни пайтда Бухоро вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалчиликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб бораётган Фарҳод Умаров Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганлиги тўғрисидаги Президент Фармони ўқиб эшиттирилди.
Йиғилишда вилоят фаоллари сўзга чиқиб, кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати