Фарзандимнинг ютуғи

Фарзандимнинг ютуғи


Ўғлим Шоҳжаҳон Эшназаров ички ишлар органлари ходими бўлиш нияти борлигини айтганида кўнглим ғурурга тўлган. Қувончимга унинг шарафли ва машаққатли касбнинг бошини тута олишига ишонганим сабаб бўлгандир. Чунки ўрта умумтаълим мактабида «аъло» баҳолар билан ўқиди, иродаси ва жисмини мунтазам чиниқтир­япти. Қолаверса, ўтган йили ИИВ Жиззах академик лицейига ўқишга киришнинг уддасидан чиқди.

У спортнинг ўзбек жанг санъати турида қатор ютуқларга эришмоқда. Жумладан, 2016 йилдан буён вилоят миқёсида ўтказилган 30 дан ортиқ мусобақада олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланди, 5 маротаба республика чемпиони бўлди. 2017 йилда эса пойтахтимизда ташкил этилган халқаро мусобақада ҳамда 2023 йилнинг апрелида Қозоғистонда уюштирилган Осиё чемпионатида 2, ўша йили декабрь ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган Осиё кубоги баҳсларида 1-ўринни эгаллади.

Эришган муваффақиятлари боис 2023 йилда вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси томонидан «Йилнинг энг яхши спортчиси» сифатида рағбатлантирилди. Жорий йил ҳам ўғлим учун омадли келди. Март ойида Қозоғистонда Жаҳон кубоги учун ўтказилган мусобақада 2-ўринни эгаллади. Айни вақтда I даражали қора белбоғ соҳиби, спорт усталигига номзод, вилоят терма жамоаси аъзоси.

2025 йил фарзандим лицейни тамомлайди, аминманки, ИИВ Академияси курсантлари сафидан жой олади. Ўғлим изимдан бораётганидан, халқимизга садоқат билан хизмат қилишга бел боғлаганидан фахрланаман.

 Шамсиддин ШАКАРОВ,

вилоят ИИБ ЖХХ

ЖТСБ муҳим топшириқлар бўйича инспектори,

подполковник.

Report Page