“Фаровон оила” лойиҳаси амалда: Ғиждувонда 18 та оила яраштирилди
Азалий миллий қадриятларимизга кўра, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, дарз кетган оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади.
![](/file/c02fcf37b90c67a2338c7.jpg)
Бу борада хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, нотинч оилаларга кекса авлод вакиллари, намунали оилалар иштирокида маслаҳатлар бериш; оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олишда маҳалла ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, оилада ўзаро ҳурмат ва эҳтиром тушунчалари ривожлантириш, оилаларнинг мустаҳкамлиги ва фаровонлигига эришиш, хотин-қизларнинг жамиятда ва оилада муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашишга хизмат қилувчи O‘zLiDeP “Аёллар қаноти”нинг “Фаровон оила” лойиҳаси муҳим аҳамият касб этмоқда.
![](/file/9cfad87ed2ef2642259d4.jpg)
Куни-кеча халқ депутатлари Ғиждувон туман Кенгаши депутати Мусаллам Рахматова ҳамда туман Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан хайрли ташаббусга қўл урилди. “Фаровон оила” истиқболли лойиҳаси ижросини таъминлаш мақсадида 15 май — Халқаро оила куни муносабати билан ҳудуддаги 32 та ажрим ёқасига келиб қолган ва нотинч оилаларнинг вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида уларнинг муаммолари ўрганилиб, тегишли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Соҳа мутахассислари томонидан уларга ҳуқуқий-ижтимоий, психологик тушунчалар берилди. Улар билан ўтказилган суҳбат давомида депутат М.Рахматова томонидан ажрим муаммоларнинг ечими бўлмаслиги, оила муқаддас даргоҳ эканлиги, уни кўз қорачиғидек асраш зарурлиги тўғрисида зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.
![](/file/c54089d36baefb6cd458a.jpg)
Учрашув якунида ажрим ёқасига келиб қолган 18 та оила яраштирилиб, қолган оилалар билан индивидуал шуғулланиш учун психологлар бириктирилди.
![](/file/ef1eb3adb12dbff4658cf.jpg)