Фармон ва ижро: ВИЛОЯТ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИ РАҲБАРЛАРИ ҲУДУДЛАРДА ИШ ОЛИБ БОРМОҚДА

Фармон ва ижро: ВИЛОЯТ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИ РАҲБАРЛАРИ ҲУДУДЛАРДА ИШ ОЛИБ БОРМОҚДА


Куни кеча Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида бошқарма бошлиғи Хусан Мамажонов иштирокида Президентимиз томонидан қабул қилинган тиббиёт соҳасини ривожлантиришга оид фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, аҳоли ўртасида ўтказилаётган хатлов ва антропометрик кўрсаткичларни аниқлаш жараёнини сифат жиҳатдан янада яхшилаш мавзусида семинар ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг мутасадди раҳбарлари, вилоят марказидаги даволаш-профилактика муассасаларининг бош врачлари ва малакали мутахассислари семинарда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўзлари масъул этиб бириктирилган шаҳар-туман тиббиёт бирлашмаларига бориб, хатлов ва антропометрия жараёнларида амалий ва услубий жиҳатдан ёрдам кўрсатишга киришдилар.

Масалан, Бувайда туманида туман ҳокими, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбар-ходимлари ва 104 та тиббий бригада аъзолари иштирокида  Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрь кунги  “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6110 Фармони ижросига багишланган семинар ўтказилди.

Вилоят эндокринология диспансери бош врачи Умиджон Қирғизов ҳамда диспенсер шифокорлари Бағдод туманига бориб амалий ёрдам кўрсатишга киришган бўлса, Фурқат туманига маъсул этиб бириктирилган вилоят 2-сонли кўз касалликлари шифохонаси бош врачи Сардорбек Тўхтабоев туман ҳокими ва туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи билан учрашди, бирламчи тиббиёт муассаларида амалга оширилаётган ишларни ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатишни бошлади.

Фарғона туманида тиббиёт бирлашмаси бош врачи Э.Ғуломов, бош врач ўринбосари У.Эралиев вилоятдан масъул этиб бириктирилган мутахассислар билан бирга Лоғон қишлоқ оилавий шифокор пункти хизмат кўрсатадиган Лоғон, Хуршиди Тобон, Гулпиён маҳаллаларида антропометрия ва хатлов жараёнида қатнашиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилдилар.

Бошқа шаҳар-туманларда ҳам вилоятдан масъул этиб бириктирилган мутахассислар бирламчи тиббий-саниратия муассалари ходимларига хатлов ва антропометрия ишларида яқиндан ёрдам беришмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.





Report Page