Фармон мазмун-моҳияти ўрганилди
O'zLiDeP Бухоро туман Кенгаши депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Туман ҳокимлигида ташкиллаштирилган мазкур тадбирда туман Кенгаши депутатлари ва фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Дастлаб партиянинг вилояти Кенгаши аппарат раҳбари Жасурбек Болтаев депутатлик мақоми ва депутатларнинг халқ, давлат олдидаги бурчлари борасида тушунча бериб, депутатлик гуруҳини янада фаол бўлишга, халқ дарди билан ёниб яшашга чақирди. Шунингдек, жорий йилнинг 15 октябрь куни Юртбошимиз раислигида давлат кадастрларини юритишнинг янги тизимини самарали ташкил этиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани борасида тўхталди.
Вилоят “Ермулккадастр” бўлим бошлиғи Элмир Иззатов томонидан “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонининг мазмун-моҳияти очиб берилди.
—Ушбу ҳужжатда соҳани илғор тажриба асосида ислоҳ қилиш, янгича бошқарув тизимини жорий этиш, ернинг ҳисобини тўлиқ юритиш ва рақамлаштириш бўйича комлекс вазифалар белгиланди, — дейди вилоят “Ермулккадастр” бўлим бошлиғи Э. Иззатов. — Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилди. Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш вазифаси мазкур агентликка, ерлардан самарали фойдаланишни таъминлаш ва назорат қилиш функциялари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилди.
Тадбир жараёнида туман Кенгаши депутати Гулнора Атоева янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилаётгани борасида маъруза қилди. Юқоридаги икки масала бўйича партиянинг туман Кенгаши раиси Усмонжон Шамуратов ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Бундан ташқари, депутатлар “Ер кодекси” бўйича таклифларини айтишди ва келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.