Фарҳод Умаров: 17 минг 316 та эҳтиёжманд оиланинг 65 минг 517 нафар аъзоларига 14,4 млрд сўмлик моддий ёрдам берилади

Фарҳод Умаров: 17 минг 316 та эҳтиёжманд оиланинг 65 минг 517 нафар аъзоларига 14,4 млрд сўмлик моддий ёрдам берилади

Buxoro.uz

Бугун, 12 август куни Бухоро вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Фарҳод Умаров навбатдаги брифинг ўтказди. Унда вилоятда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, карантин тадбирлари юмшатилиши билан боғлиқ жараёнлар, бу борада аҳолини ўйлантираётган муҳим масалалар юзасидан ОАВ вакиллари, мустақил журналист ва блогерларга ахборот берилди.

Фарҳод Умаров дастлаб вилоятда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6038-сонли Фармони ижросини таъминлаш доирасида бажарилаётган ишлар хусусида тўхталди.

Таъкидланганидек, пандемия даврида даромадини йўқотган жами 17 минг 316 та эҳтиёжманд оиланинг  65 минг 517 нафар аъзоларига 14,4 млрд сўмлик моддий ёрдам берилиши режалаштирилган. Жорий йилнинг 11 август ҳолатида вилоят бўйича 287 та маҳаллада яшовчи 7 минг оиладаги 25,7 минг нафар фуқарога 5,6 млрд сўмлик маблағлар етказиб берилди.  Бу борадаги ишлар 14 август санасига қадар тўлиқ якунланиши кўзда тутилган.

Брифинг давомида вилоятда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича комиссия ҳузурида тиббий маслаҳат колл-маркази фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди.

Таъкидландики, Бухоро нефть ва газ саноати коллежида жойлашган мазкур марказ ҳар куни 24 соат давомида вилоятимиз аҳолисини ижтимоий-тиббий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш, COVID-19 коронавируси касаллиги белгилари пайдо бўлганда зарур маслаҳат ҳамда ахборот бериш бўйича узлуксиз фаолият олиб боради.

Марказда Бухоро давлат тиббиёт институтининг малакали мутахассисларидан иборат 35 нафар оператор 2 сменада фаолият юритяпти.

 Марказ фаолияти йўлга қўйилган 10 июлда ва ундан кейинги кунларда 300 тагача мурожаатлар келиб тушган. Бугунги кунга келиб эса мурожаатлар сони кескин камайди. Ҳозир ўртача 70-80 та мурожаат қабул қилинмоқда. Бу нима дегани? Биринчидан, борган сари аҳолини юрагидаги ваҳима ва қўрқув йўқоляпти. Иккинчидан, кўрилаётган чора-тадбирлар, даволаш ишларининг тартибга солинганлиги боис касалланишлар сони ҳам кескин камайди. Қолаверса, инфекция тарқалишиям пасаймоқда.

Брифингда шунингдек, яқин бир ҳафта вақт мобайнида оммавий ахборот воситалари, жумладан, ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокимлиги фаолиятига доир эълон қилинган танқидий хабарлар, уларни ўрганиш жараёнлари ва якунлари ҳақида ҳам ахборот берилди. Журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page