Фанлар академияси ташкил этилганлигининг 80 йиллигига бағишланган юбилей тадбир 12-13-14 декабр кунлари бўлиб ўтади

 Фанлар академияси ташкил этилганлигининг 80 йиллигига бағишланган юбилей тадбир 12-13-14 декабр кунлари бўлиб ўтади


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Фанлар академияси ахборот хизмати раҳбари Гулноза Шарафова маълум қилди:


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 9-сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ташкил топганлигининг 80 йиллигига бағишланган юбилей тадбирларини ўтказишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги 298-сон қарори эълон қилинди. Юбилей тадбирлари мазкур қарорга мувофиқ юқори даражада ташкил этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ташкил этилганлигининг 80 йиллигига бағишланган юбилей тадбирнинг тантанали маросими 12-декабр-сешанба куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида соат 9:00 да бошланади.

Тадбир “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи фоесида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг инновацион ишланмалар кўргазмаси билан ўз ишини бошлайди. Кўргазмада Фанлар академияси илмий ташкилотлари сўнгги йилларда эришган ютуқлари, мамлакат қишлоқ хўжалиги, тиббиёти, иқтисоди, маънавий ривожига муносиб ҳисса қўшаётган лойиҳалар натижалари, илмий ишланмалар, китоблар ва рисолалар, намойиш этилади. Соат 10:00 Юбилей тадбирнинг Тантанали қисми бошланади. Унда Фахрий меҳмонлар, Халқаро миқиёсдаги нуфузли олимлар, хорижий давлатлар Фанлар академиялари президентлари табрик сўзлари билан иштирок этади. Фанлар академиясиниг 80 йиллиги муносабати билан, Aкадемия тарихи ва бугунига бағишланган Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда тайёрланган “Учинчи Ренессанс пойдевори” номли ҳужжатли филм намойиш қилинади. Юбилей тадбирнинг тантанали қисми Ўзбекистон санъат усталарининг концерт дастури билан давом этади.

Фанлар академияси ташкил этилганлигининг 80 йиллигига бағишланган “Илм-фан-янги Ўзбекистоннинг пойдевори” номли халқаро анжумани ялпи мажлиси 13-декабр куни Фанлар академияси катта мажлислар залида соат 9:00 да бошланади. Ялпи мажлисда AҚШ, Россия, Монголия, Хитой, Белорусия, Aвстрия, Туркия, Грузия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Татаристон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Эрон ва бошқа давлатлардан келган халқаро миқиёсдаги йирик олимлар, ўзбек илм-фани дарғалари, академиклар, турли соҳаларнинг етук мутахассислари иштирок этади. Куннинг иккинчи қисмида илм-фандаги сўнгги янгиликлар, тадқиқотларга доир маърузалар 3 та шўбада: Физика-математика ва техника фанлари, Кимё ва биология фанлари, Ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида тингланади. Шунингдек 13-декабр куни соат 14:00 да Фанлар академиясининг 2-қаватдаги мажлислар залида юбилей тадбирларга ташриф буюрган чет-эллик меҳмонлар, Фанлар академиялари президентларининг ҳамкорлик масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилади.

14-декабр-пайшанба куни “Илм-фан-янги Ўзбекистоннинг пойдевори” номли халқаро анжуман давом этади.

Хорижлик меҳмонлар, олимлар Фанлар академиясининг илмий ташкилотларига ташриф буюриб, илмий тадқиқот институтлари фаолияти билан яқиндан танишади. Юбилей тадбирлари доирасида мамлакатимизга ташриф буюрган олимларга Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилади.



Report Page