ФУТБОЛ МУХЛИСЛАРИГА МУРОЖААТ

ФУТБОЛ МУХЛИСЛАРИГА МУРОЖААТ


Ҳурматли юртдошлар, эртага 23 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Осиё Кубоги-2022 мусобақасининг ҳал қилувчи ўйини бўлиб ўтади. Ёшлар терма жамоамиз Саудия Арабистони терма жамоаси билан баҳс олиб боради. Финал учрашуви “Миллий” (“Бунёдкор”) стадионида бўлиб ўтади.

Футболни яхши кўрадиган ва эртага стадионга келадиган барча мухлисларимизни жамоамизни қўллаб-қувватлашга, ўзини тутиш маданиятини ёдда тутишга, барчага – ҳакамларга, футболчиларга, жумладан, рақиб жамоага, стадион техник ходимларига ҳурмат кўрсатиш зарурлигини эслатиб ўтамиз. Тозалик ва жамоат тартибини сақланг.

Стадионга тақиқланган нарсаларни: қурол-яроғ, тез ёнувчи моддалар ва буюмлар, дори воситалари (рецепт ёки унинг нусхаси кўрсатилганда шифокор кўрсатмаси бўйича белгиланган миқдорда дори воситаларидан ташқари), озиқ-овқат ва идишларни; техник жиҳозлар (мобил телефонлардан ташқари), ҳимоя воситалари, хизмат асбоблари ва спорт анжомларини олиб келманг.

Шубҳали нарсалар, шунингдек жамоат тартибини бузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, ички ишлар органлари ходимларига ёки Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига дарҳол хабар беринг.

Ҳурматли мухлислар! Сизларни маданиятга чақирамиз: ўйиннинг боришидан, урилган голлар ёки ўтказиб юборилган голлар сонидан қатъи назар, одобсиз сўзларни ишлатманг ва бундан ташқари тартибсизликларга олиб келадиган чақириқлар, ўйиннинг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳурматсизлик қилманг.

Жамоат тартибини бузиш, тош ва бошқа нарсаларни отиш, ҳаддан ташқари ҳис-туйғуларни ушлаб туролмаслик ва бундан ташқари, ҳужум билан низо қўзғатиш спортчилар учун ёрдам эмаслигини ёдда тутинг. Қолаверса, мухлисларнинг хулқ-атвори спортчиларимизга ва умуман давлатга бўлган муносабатга бевосита таъсир қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари ўртасидаги Осиё Кубоги чорак финал ўйинида мухлисларнинг ноўрин хатти-ҳаракати учун Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) Тартиб-интизом қўмитаси Японияга қарши ярим финал учрашувини томошабинларсиз ўтказиш ва олимпия терма жамоамизга 50 минг АҚШ доллар миқдорида жарима солишга қарор қабул қилган эди.

Ёш футболчиларимизга омад тилаб, уларни маданиятли юриш-туришимиз билан қўллаб-қувватлайлик!

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган жавобгарликни эслатиб ўтамиз:

183-модда - Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ички ишлар органлари ходимининг (194-модда) ёки Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини (194-1-модда) бажармаганлик учун бирдан ўн икки бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Report Page