ФУҚАРОЛАРНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТИ

ФУҚАРОЛАРНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТИ

Наманган вилояти суди

Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судларнинг судьялари иштирокида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун ва моҳиятини чуқур ўрганиш юзасидан тадбир ўтказилди.

Тадбирда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, шу жумладан, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш шароитида Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилаши алоҳида қайд этилди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мақсади ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мутаносиблигини таъминлаш ва уйғунлаштириш асосида индивидуал меҳнат ва у билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Таркибий жиҳатдан янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2 қисм, 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборат.

Умумий қисм меҳнат ҳуқуқини барча институтлари учун фундаментал аҳамиятга эга бўлган масалаларга бағишланган бўлиб, тўққиз бобдан иборат иккита бўлимни бирлаштиради.

Махсус қисм меҳнат ҳуқуқининг алоҳида институтларига бағишланган ва қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:

-  Индивидуал меҳнат муносабатлари;

-  Ходимларни касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

-  Айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнатини тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари;

-  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Меҳнат низоларини кўриб чиқиш.

Қонундаги асосий янгиликлар:

-  Меҳнат кодексининг амалдаги таҳририда назарда тутилмаган ходим ва иш берувчининг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;

- Меҳнат муносабатларининг вужудга келиши учун асосларни кенгайтириш (танловдан ўтиш ва лавозимга сайлаш, ваколатли давлат органи томонидан ходимни ишга юбориш, чет эл фуқаросини қабул қилишда меҳнат қилиш ҳуқуқини тасдиқлаш, сафарбарлик ва хакозолар);

- Меҳнатни оилавий мажбуриятлар билан уйғунлаштирган ходимлар меҳнатини тартибга солишда “гендер нейтраллик” тамойилини таъминлаш;

-  Меҳнат соҳасига ижтимоий шериклик тушунчасини киритиш, унинг хусусиятларини акс эттириш, ижтимоий шерикликнинг предмети таркибини аниқлаш ва асосий тамойилларини мустаҳкамлаш, унинг регламентини белгилаш;

- Меҳнат жараёнларини рақамлаштириш, электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш, меҳнат шартномаларини ягона ахборот базасида тузиш ва рўйхатдан ўтказиш механизимларини жорий этиш;

- Меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асосларни кенгайтириш, шунингдек, ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқини чиқариб ташлаш;

- Ходимларнинг ўртача сонига қараб, маълум бир вақт оралиғида ходимлар сонининг режалаштирилган ёки ҳақиқий ўзгариш асосида ходимларни оммавий ишдан бўшатиш мезонларини белгилаш;

- Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати механизмларини, шу жумладан касаба уюшмалари томонидан назоратни амалга ошириш;

- Жамоавий меҳнат низоларига бағишланган алоҳида боб киритиш, шу жумладан, якка тартибдаги ва жамоавий  меҳнат низоларини ҳал қилишда медиация усули ва меҳнат арбитражи механизмларини белгилаш.

Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиши Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддасида белгиланган бўлса, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 161-моддасида белгиланган.

Асосан ўзгаришлар якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ва ишчининг меҳнат муносабатлари қўшилган.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарори билан тугатилганлиги ёҳуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолиятнинг тугатилганлиги банди қўшилган.

Шунингдек, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузилишлари рўйхатини белгилаш мазкур кодекснинг 162-моддасига мувофиқ белгиланиши кўрсатилган.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасини бекор қилинганлиги, мулкдор алмашиши сабабли меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонунчиликка мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари чиқариб ташланган.

Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солишда муҳим механизм бўллади ҳамда фуқароларнинг меҳнатга оид муносабатлардаги ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

 

Р.Яхёхўжаев,

Наманган вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси          



Report Page