ФРАНЦУЗЧА ГАПИРА ОЛАСИЗМИ?
Наргиза Асад таржимаси. Турк ҳикоялари. Азиз НЕСИН
Французчадан таржима қилган романимни китоб сотувчисига ташлаб, пулини олдим-да, Боязид* томон юра бошаладим. Қарасам, рўпарамдан соллона-соллона бир ҳурлиқо келяпти. Очиғи, киши атрофида ҳамма вақт гўзаллар бўлиши мумкин. Аммо сўз бераман, одам бундай офатижоннинг фарқига албатта боради. Ҳозир ким билан бўлса ҳам гаров ўйнайман, бу аёл аниқ француз!
Сочининг учидан тортиб туфлисининг пошнасига қадар Париж* уфуриб турар, нозик бўйнидаги ҳаворанг рўмоли шамолда йўловчиларни қўнғироқдек чорларди. Мен сизга нима дедим, француз дедимми, ана у кўча миршаби томон кетди. Гаплари шундоққина эшитилиб турарди.
– Esküze muva Mösyö L'ajan... Parle vous Franse?
Миршаб ҳайрон бўлиб:
– Хизмат хоним?
– Parle vous Franse?
Миршаб аёлга ниманидир тушунтиришга ҳаракат қилар, қўлидан ҳеч вақо келмаслигини билиб, тинмай кафтини қимирлатар, соҳибжамолга ёрдам беришга тиришарди.
Буни қарангда энди. Турист, турист деймизу, ўзи оёғимизнинг тагига келиб турсаю, унинг на тилини билсак ва на дардини тушунсак. Аммо миршабнинг хорижлик меҳмонга ёрдам беришга шайлиги таҳсинга лойиқ. Ниҳоят, иложсиз қолганидан у йўлдан ўтиб кетаётганларга қарата:
– Ҳой, ҳой кечирасиз. Орангизда французчани биладиганлар борми?, – деди. Лекин билгич бўлмади. Фақат бир кекса одам йўл-йўлакай:
– Эссиз, билсам эди, жон деб ёрдам берардим, – деди ва қўшиб қўйди:
– Ёшлигимизда “donne muva” деб юрардик ҳартугул. Ёки “donne muva ön beze” миди, ишқилиб-да...
Шўрлик миршаб француз хонимига астойдил кўмак бермоқ истарди. Шу пайт қўли билан аёлга “юр” ишорасини қилди ва биргаликда йўлакка чиқдилар. Йўлда ўн беш, ўн олти ёшлардаги ўқувчилар келишарди. Миршаб ўсмирлардан бирини билагидан тутди-да:
– Ўғлим, parle vous Franse?, – деб сўради. Йигитча бироз довдираганча дўстларига қаради. Миршабнинг ярим туркча, ярим французча гапириши ёшларни ҳайрон қолдирганди. У яна бошқа бир ўспиринга юзланди:
– Parle vous Franse, ўғлим?
Ўқувчи:
– Йўқ амаки, – деди.
Учинчиси:
– Узр, мен ҳам гапиролмайман, – деди.
Меҳмон хоним эса:
– Par u il fo aile... – деркан, теварак қизиқувчиларга тўлиб кетди. Ёрдамга шай бўлганлардан бири:
– Инглизча бўлса бажонудил. Инглизчани қийвораман аммо, – деди. Бошқаси бўлса:
– Инглизчани ҳамма билади, – деди шартта.
– Ҳа хотин бечорага қийин бўпти. У тағин ҳожатхонани сўраётган бўлмасин.
– Вой шўрлик...
– Бечорага ёрдам берайлик.
Ҳар тарафдан ҳайбаракаллачилар тўпланган пайтда, бир йигит туркчани французчадек гапирса жувон тушунадигандек:
– Мадам... Пардон... Яъни сиз ҳалигини излаяпсиз... Шундайми?
– Ҳалиги демангей, чет эллик хоним уялади ахир, – деди яна бири унинг гапини тузатиб.
– Tuvalet...ми хоним? Шуни сўраяпсизми?
Миршаб эса яна ўқувчиларга ўгирилиб:
– Сизлар қандай ўқувчисизлар а? Бир Parle vous ни тушунмасангиз, хайп сизларга!
Шу маҳал ўсмирлардан бири шошганча хонимдан:
– Parle vous Franse?, – дея сўради. Жувон эса кулимсираганча ўз тилида:
– Vıy... Natürelman... U e la müze d'arkoloji?, – деди.
Миршабга жон кирди. Йигитчанинг ажнабий тилда гапираётганидан мамнун, уни энди ўртоқлари ёнида дастаклашга тушиб кетди.
– Баракалла, қани ўғлим жавоб берчи. Янаям кўпроқ Parle vous Franse дегинчи, қани кўпроқ гапир!
– Амакижон бошқа гапиролмайман, фақат ўқиёламан холос, – деди “халоскор” ҳам. Буни эшитиб оғайниси гапга қўшилди:
– Ия, ахир француз тилидан ўндан тўққиз балл олдинг-ку. Қани гапир энди, кўрайликчи?
– Грамматикадан сўраса биламан, қарасангчи нуқул parle vous деяпти, – деди бола ҳам ноилож.
Энди аёл сўраганига пушаймон бўлгандек турар, кетай деса у учун шунча оломон жон куйдириб ётибди. Камига дастёр миршаб тўпланганларга қарата:
– Хўўўш, наҳотки ичингиздан бирорта parle vous французчани биладиган бўлмаса, – деди хафсаласи пир бўлиб. Орқадан кимдир баланд овозда гапирди.
– Ҳалиги нима эди-я қурғур. Комси, комсамиди?
– Комси комса дейилмайди биродари азиз, – деди кимдир киноя билан.
– Унда нима дейилади, афандим айтингчи?
– Ön pö дейилади, ön pö...
– Ҳааа, ön pö дейиларкан, қойил. Келинг унда французчани чалпак қилиб ташлангчи!
– Тажриба йўқ азизим, тажриба. Китоб бўлганидами авра-астарини чиқариб ташлардим сизга, – деди билағонлик қилиб.
– Тўғри айтдингиз дўстим. Шунинг учун таржима бошқа, parle vous бошқа...
Бу орада ҳалиги ўқувчилар бир-бирига гап қотди:
– Ҳеч қурса сен гаплаш.
– Нима дейин ахир, бу хотин мениям тушунмаса шарманда бўламан.
– Француз хотинларига “бей”ни қандай айтади?
– Ўғлим, “бей” ҳар сўзда бир хил. Французча учун алоҳида сўз йўқ.
Миршабнинг гўзал меҳмонга ғала-ғовурнинг бир нафи тегмаётганидан жони сиқилар, ора-орада бояги ёшларга, “Ичингизда шу хотинни мот қилиб қўядиган битта мард топилмайди, эссиз”, деб қўярди. Шу маҳал француз тилидан ўндан тўққиз олган ҳалиги ўқувчи уяла-уяла:
– Regüliye феълларини сўрасин, майли жавоб бераман, – деди. Уни тушунгандек аёл дона-дона қилиб тушунтирди.
– Pardon... Mösyö L'ajan, je mere aile o müze d'arkoloji En sikö o pale dö Topkapi?
Миршаб дархол йигитчага қаради:
– Нима деди?
– Топкапи деяпти.
Кекса йўловчи:
– Яъни бу хотин Франциядан атайлаб Топкапига келибдими?
– Ахир бу турист бўлса, истаса Топкапига, истаса чопкапига келади, сизга нима?, – деди бирови.
– Шундайку-я, лекин Топкапида нима иши бор экан, қизиқаяпман-да, – деди қария ҳам бўш келмай.
Ҳижолатдан ер бўлган миршаб эса ҳар замонда томошаталабларга қарата:
– Орангизда шу француз тилида икки оғиз гапни эплаб гапирадиган наҳотки топилмаса, – дерди умид билан.
Талатўпда ҳассасига суянганча турган бошқа бир кекса одам:
– Менинг хотирам панд бермаса, бир нечта сўзларни билардим, – деди қалтираб. – Бироқ буни хонимга айтиб бўлармикин?
– Айтинг, худо хайрингизни берсин, нимадир денг!, – деди миршабнинг тоқати-тоқ бўлиб.
– Нима десам экан. Буни адашмасам ўттиз йил олдин Шаҳзодабошидаги Тулуат театрида эшитгандим. Хотирамдан кетмаган бўлса, Je vuzem je vuze dö tu mon kör... Ah mon amur...миди воллоҳу алам.
Ҳаммага қараб, ҳайрон бўлаётган меҳмон хоним бирдан қаҳқаҳа отдию, сўнг:
– Je vure mersi Mösyö... Me il... – дея дардини тушунитиришга уринди. Ҳеч ким хоним нега кулганини англамаса-да, йиғилганлар бир оз енгил тортди. Миршаб эса умидли нигоҳларини яна ўқувчиларга қадаб:
– Қани ўғлим яна бир уриниб кўрчи, буни ҳеч қийин томони йўқ, – деди бояги болага ёлворгандек. Эллик ёшлардаги бошқа кимса эса:
– Ҳозирги болалар дангаса, шаталоқ отиб юришса бўлгани. Бизнинг пайтимизда мен мактабда ўқиб юрганимдаёқ Пьер Лотининг асарини таржима қилиб бўлгандим. Бундай parle vous французчасини булбул каби сайратиб юрардим.
– Ҳа нимасини айтасиз. Эсимда француз тили ўқитувчимизнинг дарсда хатосини топганим учун мени синфдан чиқариб юборганди.
Гапнинг завқидан орқади турган бир йигит кафтини оғзига олиб борди-да ғалати товуш чиқарди. Ҳамма гуррос кулиб юборди. Аммо бояги нусха пинагини бузмасдан давом этди:
– Энди бўлса одамни эсида французча қоладими, тавбангдан кетай. Кеча нима еганимни эслолмайман-ку.
Кимдир луқма ташлади:
– Ҳақиқатни айтадиган бўлсам, ҳамма айб ўзида.
– Нимага?, – деди кимдир.
– Хотин бошинг билан бегона мамлакатга келяпсан, бир-иккита туркча сўзни ўрганиб келсанг асаканг кетармиди а, нима дедингиз?
– Тўппа-тўғри! Шундай бўлсайиди амаллаб ишора қилиб бўлсаям тушунтирардик, – деди шеригини маъқуллаб аёллардан бири.
– Ҳа айб ўзида. Қани англасайди, унга ҳеч бўлмаса бир қаҳва икром этардик.
– Қаҳва нима бўлибди, мен уни тушликка таклиф қилардим.
– Хўш, буни унга қандай тушунтирардик?
– Овқат manje дейилади, – деди болалардан бири топоғонлик билан.
– Manjeни ҳамма билади қароғим. Салон-палон деган кўп сўзларнинг номи зотан ўша ердан келиб чиққан, – деди бояги хотин ўзини доно кўрсатиб.
Оломон ичидан чиқишга уринаётган аёлга миршаб йўлбошилик қиларкан, гўё уловига одам чорлаётган киракашдек:
– Қани ким, parle vous Franse...ни билади, битта бўлсаям борми? – дерди гавжум жойга қараб. Шу замон бир ўқувчи:
– Айтганча! – деб юборди.
– Демак эсингга тушди, қани гапир ўртоқ, – деди ҳамсабоғи далда бериб. Болалар орқада пичир-пичир гапира бошлашди.
– Ҳалиги... арувар феълининг эндикативи нима эди?
– Jave, tü ave, il ave, nu zavon, vu zave il... zave ми, охиргисими?
– Йўқ сен пассе семплни айтаяпсан...
– Аввало бу parle vous феъли негативми, позитивми шуни билиш керак?
Сабр косаси тўлган аёл одамларни ичидан чиқмоққа уринаркан, миршаб:
– Madam, pardon... ün münit... Болалар энди гапиришади, – деди уни тўхтатиб.
Кейин болаларга:
– Қани энди йигитча ғайрат қил, – деди ишонч билан. Қайси биридир, “бунинг ўрнига Jö süvi ишлатилади”, деса бошқаси, “хўп ундан кейинчи?” дерди. Бу орада томоман чарчаган хоним уларга:
– Jö vu rö mersi mösyö L'ajan. Jö viyen dö şanze L'ide si vu vule le son la disküisyon...
Ўқувчилардан бири эса тушунгандек:
– Ҳа madam, jö süi parle Franse, – деди. Турганларнинг бари бирдан ўспиринни олқишлади. Одамлар ниҳоят француз хоними билан кимдир гаплашишга муваффақ бўлди, деб ўйлашди ёки шундай бўлишини чин дилдан исташди. Оқибат, жувон талатўпдан чиқдию йўлига равона бўлди...
Сезиб турибман, ҳозир каминадан: “Мадомики сиз французча романни таржима қилибсиз, нима учун аёл билан ўзингиз гаплаша қолмадингиз?”, – дея сўраётгандирсиз. Қани эди мен бу тилни билсам... У ҳолда қандай қилиб асар таржима қилаётибманми? Нафсаламбирини айтсам, эски турк тилига бир қанча франсузча китоблар ўгирилган. Камина эса ўшал эски ёзувларни янги туркчага ағдариб қўя қоламан холос. Сўнг уларни французчадан таржима қилдим, дейману сотаман. Ким ҳам мендан “Parle vous Franse?” ни сўрарди дейсиз?..
*Боязид – масжид
* Париж- атирнинг номи