ФИРИБГАР ФАРҒОНАЛИК ЭКАН

ФИРИБГАР ФАРҒОНАЛИК ЭКАН


Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида виртуал фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари ҳақида кўплаб тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамасдан, осон даромад ва бойлик орттиришни мақсад қилган айрим фуқароларимиз билатуриб, яна шундай ишга қўл уришяпти. Натижада фирибгарлар тўрига илинмоқдалар. Мисол учун айтадиган бўлсак: яқинда номаълум шахс телеграм ижтимоий тармоғидаги “Agrobank INFO” каналидан фойдаланиб, Шофиркон тумани Пашмон маҳалласида яшовчи Ш.И. нинг профилига “Agrobankmobile” иловаси орқали унга 1 миллион 417 минг сўм миқдорида ютуқ тақдим қилинганлигини айтиб, уни ишонтиради. Сўнгра ушбу пулларни ечиб олиши учун ўзининг профилига Ш.И. нинг пластик картаси ҳамда телефон аппаратидаги “cliск” кодини олишга эришади. Табиийки, пластик картаси ҳисоб рақамидаги 759250 сўм пулларни аввал ечиб олади. Сўнгра Agrobankmobile иловаси орқали тегишли тасдиқлаш кодларини олишга эришиб, Ш.И. нинг номига 1 миллион 417 минг сўм миқдорда микроқарз олиб, пулларни карта ҳисобидан ечиб, фирибгарлик жиноятини содир этади.

Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилди. Суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Фарғона вилояти Риштон тумани Булоқбоши маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган М.С. исмли шахс содир қилганлиги аниқланди ва зудлик билан қўлга олинди.

Ҳозирда ушбу шахснинг вилоятимизнинг бошқа ҳудудлари, қолаверса республикамиз бўйлаб бошқа шу каби содда фуқароларга нисбатан ҳам фирибгарлик ёки ўғрилик жиноятларини содир қилган-қилмаганлигини аниқлаш юзасидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

М. АҲАДОВ,

“Postda” мухбири.

Бухоро вилояти.


Report Page