ФАРҒОНА ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ОТАЛИҚҚА ОЛГАН МАКТАБНИ ЯНГИТДАН ҚУРИБ БЕРМОҚДА

ФАРҒОНА ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ОТАЛИҚҚА ОЛГАН МАКТАБНИ ЯНГИТДАН ҚУРИБ БЕРМОҚДА

Одилжон Жалолов


Президентимиз томонидан 2019 йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мансабдор шахсларга мактабларни оталиққа олиши юзасидан топшириқлар берилганди. Шунга асосан, Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги моддий-техник базасини яхшилашга ҳамда таъмирга муҳтож умумтаълим мактабларини оталиққа олиш бўйича вилоят ҳокимининг 2019 йил 31 октябрдаги №299-01-50-сонли рўйхат тасдиқланган.
Унга кўра, Бешариқ туманидаги 10-мактаб вилоят ҳокими томонидан оталиққа олинган.

Жорий йилнинг 3 июль куни Бешариқ туманида ўтказилган вилоят ҳокимининг сайёр қабулида қатартоллик бир гуруҳ фаоллар томонидан қишлоқларидаги 10-мактабнинг филиал биноси бугунги талабларга жавоб бермаслиги, мактабнинг асосий биноси эса бу қишлоқдан салкам 7 километр узоқдалиги боис, уни янгитдан қуриб беришни сўраб, мурожаат қилишганди.
Тумандаги 10-мактабнинг филиали биноси Қатортол кишлоғида жойлашган бўлиб, 1960 йилда ҳашар йўли билан xом ғиштдан 120 ўринга мослаштириб қурилган. Фарғона давлат арxитектура-қурилиш назорати инспекциясининг 2016 йил 10 августдаги xулосасига асосан мактаб биноси фойдаланишга яроқсиз, деб топилган.

Фуқаролар мурожаати вилоят Ишчи гуруҳи томонидан атрофлича ўрганилиб, мактаб филиалининг яроқсиз ҳолатдаги эски бинони бузиб, ўрнига 315 ўқувчи ўринли янги бино қурилиши мақсадга мувофиқлиги аниқланди.

Шу мақсадда вилоят ҳокими томонидан 3 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ажратилиб, “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди, экспертиза хулосаси олинди ва “Таъмирлаш тиклаш” унитар корхонаси томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда ўқув биносининг бетон, ғишт териш ишлари, ром ўрнатиш ишлари охирига етказилди. Янги мактаб биносининг фасад ва ички қисмларида пардозлаш ишлари бажарилмоқда. Таъкидлаш жоиз, оталиққа олинган мактаблар янгича қиёфа касб этиб, таълим олаётган келажак авлодни илм олишга иштиёқини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.

Report Page