ФАРЗАНДЛАР  ЭҲТИРОМИ

ФАРЗАНДЛАР  ЭҲТИРОМИ


Ўрта асрнинг олтмишинчи йилларида адабиётга кириб келган шоир Шамси Одил 1931 йилда Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини филология факультетини тугатган бўлажак шоир дастлабки иш фаолиятини Каттақўрғонда ўқитувчиликдан бошлаган. Кейинчалик туман халқ маорифида ходим, “Ўқитувчилар” (ҳозирги “Маърифат”) газетасида мухбир, Ўзбекистон энциклопедиясида катта илмий ходим, “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида муҳаррир, бўлим мудири вазифаларида ишлаган Шамси Одил умрининг охиригача Ғафур Ғулом нашриётида катта муҳаррир вазифасида фаолият юритган.

Шамси Одилни моҳир таржимон сифатида ҳам биладилар.  Жаҳонга машҳур ижодкорлар Рабиндранат Тагор, С.Маршак, Р.Ҳамзатов, Қ.Қулиев, Ф.Алиеваларнинг бир қатор шеърлари шоир таржимасида ўзбек ўқувчилари қўлига етиб борган. Шамси Одил 1992 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.

Бугун, Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида каттақўрғонлик истеъдодли шоир, маориф ходими, журналист, камтарин ва ажойиб инсон Шамси Одилнинг хотираси унинг оила аъзолари, маҳалладошлари ва шогирдлари томонидан улуғланди. Шоирнинг фарзандлари томонидан “Баланд чордара” маҳалласидаги Шамси Одил номи берилган кўча бошига ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди. Шоирнинг хонадонига йиғилган унинг яқинлари, маҳалла фаоллари, шогирдлари Нафас Дусанов, Фазилат Абдуллаева, Каттақўрғон туманидан ташриф буюрган ижодкорлар Азиза Боймуродова, Гулноза Сатторова, Темурбек Тоиров, Замира Темирова ҳамда Садоқат Ҳамроевалар шоир ҳақидаги хотираларини ўртоқлашдилар ва кеча қизғин  мушоира сифатида давом этди.  

Шоирнинг қизлари Зайнаб опанинг айтишларича, у кишининг туғилган жойлари Каттақўрғонга меҳрлари жуда баланд бўлган. Умрларининг охиригача Тшкентда яшаб ўтган бўлсаларда доим Каттақўрғонга қайтиб келиш истаги билан яшаганлар.

-Бир танишимнинг маслаҳати билан отамнинг турли йилларда чоп этилган китобларидан айрим шеърларини йиғиб тўплам қилишга киришдим. Бу осон эмас экан. Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермас экан. Қолаверса, ўғиллик ҳис-туйғуларини қоғозга тушириш анча қийинлигини дилдан ҳис қилдим. Отам фоний дунёни тарк этиб, биз фарзандлар армонда қолдик. Бизнинг ютуқларимизни, роҳатимизни кўрмай ўтиб кетдилар. Шахсан менинг армонларим кўп. Ота-онангизни тириклигида қадрига етинг, авайланг, асранг, орзу-ҳавасини амалга оширинг,- дейди шоирнинг ўғиллари Қамариддин Одилов.

Хотира кечасига ташриф буюрганларга шоирнинг шеърлари, достонлари ва эртакларидан иборат бўлган “Умр қўшиғи” номли тўплами тақдим этилди.

Кечага шаҳар ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси  раиси Феруза Рахимова ҳамда  шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Даврон Рахмоновлар иштирок этдилар.

Ҳилола ЭРГАШЕВА